Sayt test rejimida ishlamoqda

Тожибаев Ботиржон Махамадалиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Самарқанд вилоятида совет режимига қарши қуролли ҳаракат (1918–1926 йй.)», 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Tar401.
Илмий раҳбар: Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, PhD.31.01.2019.Tar.60.01.
Расмий оппонентлар: Нурунбетов Балтахун Аттакулович, тарих фанлари доктори, профессор; Хаитов Шадмон Ахмадович, тарих фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: 1918–1926 йилларда Самарқанд вилоятидаги совет режимига қарши олиб борилган қуролли ҳаракатнинг моҳияти, босқичлари ва ўзига хос хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Самарқанд вилоятида собиқ совет режимига қарши 1918–1926 йилларда олиб борилган қуролли курашнинг тўртта босқичи: биринчи босқич (1918–1919 йй.) ҳаракатнинг юзага келиши, иккинчи босқич (1920–1922 йй.) ҳаракатнинг ривожланиши ва кучайиши, вилоятнинг асосий ҳудудидан советларнинг сиқиб чиқарилиши, учинчи босқич (1923–1924 йй.) қуролли курашнинг пасайиши, тўртинчи босқич (1925–1926 йй.) қаршилик ҳаракатининг тугатилиши аниқланган;
қуролли ҳаракат раҳбарлари (Очилбек, Баҳромбек, Мулла Ҳамроқул, Холбўтабек, Қорақул, Аҳмадбек, Асрорхон ва бошқалар)нинг ўзаро уюшган ҳолда қизил армия қисмларига тўсатдан зарба бериш, кичик гуруҳлардан иборат отлиқ жангчилар билан душман гарнизонига ҳужум қилиш каби жанг усуллари бирламчи манбалар асосида очиб берилган;
ХХ асрнинг 20-йилларида Самарқандда фаолият олиб борган “Туркистон Миллий Бирлиги”, “Миллий иттиҳод” каби сиёсий ташкилот аъзолари (Аҳмад Заки Валидий, Қори Комил, Қори Муҳаммад, Абдулҳамид, Озодбек ва бошқалар¬)нинг вилоятдаги совет тузумига қарши қуролли ҳаракатга ғоявий раҳнамолик қилганлиги далилланган;
вилоятда совет ҳокимиятига қарши кураш олиб борган қўрбоши гуруҳларидан ташқари, сиёсий таянчга эга бўлмаган турли босқинчи ва жиноятчи тўдалар (Эшон Хўжа, Ашур, Тожи, Кенжа, Тоғай, Боймурод ва бошқалар) ҳам бўлганлиги фактик ҳужжатлар асосида аниқланган, бундай талончи тўдалар билан қўрбоши гуруҳлари ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик ва умумий жиҳатлар йўқлиги биринчи бор исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Самарқанд вилоятидаги совет режимига қарши қуролли ҳаракатга оид илмий натижалар, хулоса ва амалий таклифлар асосида:
Туркистон АССР, Самарқанд вилояти ва Фарғона водийсида фаолият олиб борган қўрбошилар, уларнинг жанговар ҳаракатлари ҳамда ушбу давр тарихи ва ижтимоий-маданий ҳаёти ҳақидаги янги маълумотлар ва материаллардан Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи экспозицияларини тўлдиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2019 йил 5 апрелдаги 01-12-10-1646-сон маълумотномаси). Мазкур материалларнинг музей экспозицияларида намойиш этилиши сайёҳлар ва маҳаллий ташрифчилар қизиқишини янада ошириб, 1918–1926 йилларнинг тарихий ва ижтимоий-маданий ҳаётига оид янги маълумотларга эга бўлишига имконият яратган;
Самарқанд вилоятида совет режимига қарши қуролли ҳаракатнинг юзага келиши, унинг ҳаракатлантирувчи кучлари, кураш тафсилотлари ва қуролли ҳаракатнинг енгилиш сабабларини ёритиб берувчи илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва вилоятлардаги музейлар экспозицияларида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг 2019 йил 23 июлдаги 115-сон маълумотномаси). Тақдим этилган материаллар Қатағон қурбонлари хотираси музейларига ташриф буюрган фуқароларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилган;
минтақада 1917–1918 йилларда миллий-сиёсий ташкилотлар фаолияти, совет ҳокимиятининг ўрнатилиши, қуролли ҳаракатнинг бошланиши, унинг ҳаракатлантирувчи кучлари, Фарғона ва Самарқанд қўрбошиларининг сиёсий қарашларига оид маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Андижон вилояти телерадиокомпаниясининг «Адабий муҳит», «Ижод гулшани» кўрсатувлари ҳамда «Андижон–ФМ» радиосининг «Сўз сеҳри», «Бадиий ижод» номли радиоэшиттиришлари сценарийларини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Андижон вилояти телерадиокомпаниясининг 2018 йил 12 декабрдаги 20-24/444-сон маълумотномаси). Тақдим этилган материаллар ушбу телекўрсатув ва эшиттиришларни мазмунан мукаммаллаштиришга, илмий далиллар билан бойитишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish