Sayt test rejimida ishlamoqda

Юсупова Фарида Маратовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш технологиялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш», 08.00.04–Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2 Ph.D/Iqt145.
Илмий раҳбар: Фарманов Тулқин Хайитмуродович, иқтисодиёт фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.I.10.03.
Расмий оппонентлар: Назарова Фотима Хакимовна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Саидова Мадина Хамидовна, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи:  Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича илмий асосланган таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сув истеъмолчилари уюшмаларининг давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўлимини тузиш орқали унинг ташкилий тузилмаси такомиллаштирилган;
фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш технологияларини лойиҳалаш, ўрнатиш ва фойдаланишга ихтисослашган кооперативларни тузиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилган ҳамда уларнинг намунавий тузилмаси асосланган;
томчилатиб суғориш технологияларини лизинг асосида фермер, деҳқон ва бошқа хўжалик субъектларига берилиши асосланган;
қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилишни ривожлантириш мақсадида махсус республика жамғармасини ташкил этилиши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича олинган илмий таклиф ва амалий тавсиялар асосида:
сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида “Сув истеъмолчилар уюшмаси тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, молиялаштириш механизми ва ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, давлат-хусусий шерикчилик асосидаги фаолиятини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш бўлимининг тузиш бўйича таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 17 декабрдаги 4/18-2923-сон, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 27 декабрдаги 03/022-2208-сон маълумотномалари). Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши сув истеъмолчилари уюшмаларининг моддий-техника ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакат иқтисодиёти тармоқларида сув ресурсларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш имкониятини яратган;
томчилатиб суғориш технологиясини хўжаликларда лойиҳалаш, ўрнатиш ва фойдаланишга ихтисослашган кооперативларни тузиш тўғрисида таклиф Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 20 сентябрдаги 04/033-1255-сон  ва 2019 йил 1 июлдаги 02/027-918-сон маълумотномалари). Томчилатиб суғориш технологияларидан кооперация асосида фойдаланиш фермерларнинг технологияни лойиҳалаш, харид қилиш ва фойдаланиш (техник хизмат кўрсатиш), сув ҳавзасини қурилиши учун ер тайёрлаш ва бошқа тадбирлар билан боғлиқ харажатларни ўртача 20-25 фоизгача камайишини таъминлаган;
томчилаб суғориш технологияларни лизинг асосида фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги товар маҳсулотлари етиштирувчиларига бериш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги 2018 йил 5 июлдаги 3/18-428-сон, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 20 сентябрдаги 04/033-1255-сон маълумотномалари). Томчилатиб суғориш технологияларини лизинг асосида харид қилиниши қишлоқ хўжалиги товар маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларида тижорат кредитига нисбатан 12-15 фоиз молиявий маблағни тежаш ва гаров миқдорини 55-60 фоизга камайтириш имкониятини яратган;
қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни ривожлантириш бўйича махсус республика жамғармасини ташкил этиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг  2018 йил 5 июлдаги 3/18-428-сон, Ўзбекистон Ресубликаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 20 сентябрдаги 04/033-1255-сон маълумотномалари). Ушбу тузилманинг ташкил этилиши сув тежовчи технологияларни, шу жумладан, томчилатиб суғориш технологияларини янада кенгроқ жорий этиш, сув тежамкор технологияларни маҳаллий шароитларда ишлаб чиқаришга халқаро молиявий ташкилотларнинг грант ва кредитларини жалб қилиш, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш, замонавий сув тежовчи технологияларни қўллаш бўйича кенг кўламли тарғибот тадбирларини амалга оширишга амалий ёрдам кўрсатади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish