Курбанова Нафосат Садуллаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Баскетболчи талаба-қизларнинг жисмоний тайёргарлигини ривожлантириш услубияти”, 13.00.04 - Жисмоний тарбия, спорт машғулотлари, соғломлаштириш ва адаптив жисмоний тарбия назарияси ва методикаси (педагогика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Ped2326.
Илмий раҳбар: Арзикулов Мукум Уралович, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети.
Илмий Кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.28/2025.27.12.Ped.02.01. рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Ярашев Комилжан Дехканович, педагогика фанлари доктори (DSc), профессор; Кочкаров Атабек Ахматваевич, педагогика фанлари доктори (DSc), профессор.
Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади олий таълим ташкилотлари баскетболчи талаба-қизларининг жисмоний тайёргарлигини ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
олий таълим ташкилотларида таҳсил олувчи баскетболчи талаба-қизларни спорт педагогик маҳоратини ривожлантириш учун йиллик тайёргарлик турли давр ва босқичларида юкламаларни босқичли қўллаш методикаси бўйича ишлаб чиқилган дастурни ўқув-машғулот жараёнига татбиқ этиш ҳисобига дарсдан ташқари машғулотларда жисмоний тайёргарликни ошириш услубияти оптималлаштирилган;
баскетболчи талаба-қизларнинг ўйин самарадорлигини ошириш учун координацион қобилиятларни ихтисосликка хос ривожлантиришга йўналтирилган махсус машқлар мажмуаси (баланс платформасида тўп отиш, статик мувозанатда чап қўлда тўп отиш, 180° айланиш билан тўп отиш каби) асосида ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳисобига техник тайёргарлик такомиллаштирилган;
олий таълим ташкилотларида таҳсил олувчи баскетболчи талаба-қизларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш учун умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик машқлар блокини бир-бирини тўлдирувчи жуфтликда табақалаштирилган ҳолда қўллаш ҳисобига беллашув давомида ўйин шиддатини барқарор ушлаб туриш ва натижавий якунлаш кўрсаткичлари оширилган;
баскетболчи талаба-қизларнинг машғулот самарадорлигини ошириш учун жисмоний тайёргарликни такомиллаштиришга қаратилган юкламаларни ўқув вақтларига мос гетерахрон тартибда табақалаштирилган моделни машғулотларга киритиш ҳисобига ўқув йили давомида тайёргарлик жараёнини тизимли ташкил этиш имкониятлари кенгайтирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Баскетболчи талаба-қизларнинг жисмоний тайёргарлигини ривожлантириш услубияти бўйича амалга оширилган тадқиқот ишлари ва натижалари асосида:
олий таълим ташкилотларида таҳсил олувчи баскетболчи талаба-қизларни спорт педагогик маҳоратини ривожлантириш учун йиллик тайёргарлик турли давр ва босқичларида юкламаларни босқичли қўллаш методикаси бўйича таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети баскетбол ихтисослиги талабаларининг дарсдан ташқари машғулотларига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг 2025-йил 10-декабрдаги 02-16/13486-сон маълумотномаси). Натижада, умумий жисмоний тайёргарлиги ўртача 19,31 % га оширилган;
баскетболчи талаба-қизларнинг ўйин самарадорлигини ошириш учун координацион қобилиятларни ихтисосликка хос ривожлантиришга йўналтирилган махсус машқлар мажмуаси (баланс платформасида тўп отиш, статик мувозанатда чап қўлда тўп отиш, 180° айланиш билан тўп отиш каби) асосида ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар Бухоро давлат университети баскетбол ихтисослиги талабаларининг дарсдан ташқари машғулотларига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг 2025-йил 10-декабрдаги 02-16/13486-сон маълумотномаси). Натижада, тезкорлик сифати 14,89% га ва куч сифати 20,18 % га ўсган;
олий таълим ташкилотларида таҳсил олувчи баскетболчи талаба-қизларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш учун умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик машқлар блокини бир-бирини тўлдирувчи жуфтликда табақалаштирилган ҳолда қўллаш бўйича таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети баскетбол ихтисослиги талабаларининг дарсдан ташқари машғулотларига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг 2025-йил 10-декабрдаги 02-16/13486-сон маълумотномаси). Натижада, саватга тўп ташлаш кўрсаткичи 28,17 % га ошган;
баскетболчи талаба-қизларнинг машғулот самарадорлигини ошириш учун жисмоний тайёргарликни такомиллаштиришга қаратилган юкламаларни ўқув вақтларига мос гетерахрон тартибда табақалаштирилган моделни машғулотларга киритиш бўйича таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали баскетбол ихтисослиги талабаларининг дарсдан ташқари машғулотларига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг 2025-йил 10-декабрдаги 02-16/13486-сон маълумотномаси). Натижада, функсионал тайёргарлиги ўртача 12,20% га ўсишига эришилган.