Базарова Холида Эргашевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Замонавий ўзбек шеъриятида мумтоз адабиёт анъаналари (Жамол Камол, Асқар Маҳкам, Нодира Афоқова ижоди мисолида)”, 10.00.14 – ХХ аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараён (филология).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № B2022.1.PhD/Fil2187. Илмий раҳбар: филология фанлари доктори, профессор Холмуродов Абдухамит.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Шароф Рашидов
номидаги Самарқанд давлат университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.09.08
Расмий оппонентлар: Ҳасанов Шавкат Аҳадович, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Карамова Шоҳида Луфтиллаевна, филология фанлари доктори (DSc), профессор
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади замонавий ўзбек шеъриятида мумтоз адабиёт анъаналарининг Жамол Камол, Асқар Маҳкам ва Нодира Афоқова ижодидаги ўрнини белгилаш, арузнинг замонавий ўзбек шеъриятидаги модификацияси ҳамда мумтоз лирик жанрлар трансформациясини илмий тадқиқ қилишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагиларда кўринади:
замонавий ўзбек лирикасида мумтоз адабиётга издошлик, ворисийлик, ижодий ва адабий таъсир масалалари, шунингдек, анъаналарда тадрижийлик, жанрлар ва уларда рўй берган модификацион ҳодисалар натижасида келиб чиққан трансформация жараёнлари Жамол Камол, Асқар Маҳкам, Нодира Афоқова шеърлари мисолида илмий исботланган;
ғазал, рубоий каби мумтоз жанрларнинг замонавий шеъриятда вазнларнинг ўзгариши ва аралушуви натижасида эркинлашгани кўрсатилган, шунингдек, муножот жанрида модификация ва мактуб жанрида трансформация ҳодисаси назарий жиҳатдан мисоллар орқали асосланган;
ижодий мероси ўрганилган шоирлар: Жамол Камол, Асқар Маҳкам, Нодира Афоқова асарларида мавзу, вазн, қофия, мисра такрори ҳамда бадиий тасвир воситалар (талмеҳ, ирсоли масал, лутф, иштиқоқ, тардиъ акс, қайтариш, муболаға, риторик мурожаат ва ҳоказо)нинг новаторона қўлланиши дилланган;
Жамол Камол, Асқар Маҳкам, Нодира Афоқова асарлари мисолида оламни бадиий қайта гавдалантиришнинг тасвирий-воситавий усуллар билан ўзаро муносабати, уларнинг индивидуаллиги, услуб ва маҳорат масалалари қиёсан текширилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Жамол Камол, Асқар Маҳкам ва Нодира Афоқова ижоди мисолида замонавий ўзбек шеъриятида мумтоз адабиёт анъаналари бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги “Маърифат” тарғиботчилари жамиятининг 2024-йил учун йиллик чора-тадбирлар дастурининг ИВ бўлимида белгиланган режалар асосида “Рақамли тарғибот йўналишида амалга оширилган лойиҳалар” бўйича 53-бандида “Мутафаккирларимизнинг дунё тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини халқимизга етказиш ҳамда шу асосда миллий ғурур туйғусини шакллантириш мақсадида буюк аждодларимиз ҳаёти, илмий ва маънавий меросини кенг ёритишга қаратилган “Барҳаёт аждодлар” рукни остида туркум видеороликлар тайёрлаш” ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Маънавият фестивали” доирасида “Аждодларга эҳтиром”, “Маърифат улашиб”, “Китоб карвони” каби маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари учун тарғибот материали ва методик қўлланмалар ишлаб чиқишда илмий манба сифатида фойдаланилган. Шунингдек, “Тавсия этамиз” лойиҳасида Асқар Маҳкамнинг “Ваҳдат куйи”, Жамол Камолнинг “Аср билан видолашув”, Нодира Афоқованинг “Бизнинг эра” асарларини кенг китобхонлар оммасига ўқишни тавсия этиш билан бирга мазкур асарлар тўғрисидаги диссертация тадқиқотлари билан боғлиқ илмий-бадиий мулоҳазалар, назарий хулосалар ҳақидаги маълумотлар ҳам баён этилган. (“Маърифат” тарғиботчилари жамияти раисининг № 01-01/17 27.02.2025-йил маълумотномаси). Натижада “Маърифат” тарғиботчилар жамияти режасида белгиланган бандлар диссертация маълумотлари билан бойитилган.
Диссертация илмий хулосалари ҳамда назарий маълумотларидан Навоий вилоят телерадиоканалининг 2024-йил учун йиллик чора-тадбирлар дастурида белгиланган режалари асосида “Ассалом Янги кун” информацион дастури , “Юрак билан суҳбат” телерадиокўрсатуви, шунингдек, “Хулоса ўзингиздан”, “Аждодлар мероси”, “Тарих ва бугун”, “Тақдир туҳфаси”, “Тилга эътибор”, “Адабиёт ва ҳаёт”, “Нажот билимда”, “Мутолаа вақти”, “Шеър завқи”, “Аждодар ибрати”, “Навоий гулшани”, “Миллат ғурури”, “Китобхон” радиоешиттиришлари материалларини тайёрлашда илмий манба сифатида фойдаланилган. (телеканал директорининг 20.02.2025-йил № 01-02/18-сонли маълумотномаси).
Мумтоз шеърият анъаналарининг янгиланиш асослари тўғрисидаги назарий хулосалар умумлаштирилиб, замонавий шеъриятда мумтоз адабиёт анъаналарига хос поетик омилларнинг аниқлашга оид илмий хулосаларидан Давлат илмий-техник дастури доирасидаги 2021-2023-йилларга мўлжалланган ИЛ-402104474 “Bolalaradabiyoti.uz” электрон плартформа ва унинг мобил иловасини яратиш ” номли илмий-амалий лойиҳа” мавзусидаги фундаментал лойиҳани бажаришда фойдаланилган. (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 8-апрелдаги № 01/4-1308-сон маълумотномаси). Натижада мумтоз ва замонавий шеъриятнинг ўзига хос хусусиятлари, аруз тажрибалари, анъана ва ижодийлик, бадиий-тасвир воситаларидан фойдаланишдаги ўзига хослик ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилган.
Бадиий ижодда анъана ва ижодийлик Нодира Афоқова асарлари мисолида очиб берилганлигига оид хулосаларидан 2021-2023-йилларга мўлжалланган ПФ-201912258 “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” номли илмий-амалий лойиҳа шакллантиришда фойдаланилган. (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 8-апрелдаги № 01/4-1309-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек шеъриятининг янгиланиш тамойилларини тадқиқ этишда ва бу ўлмас меросни оммалаштиришга эришилган.