Арслонов Зарифжон Зокиржон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Алихонтўра Соғуний илмий меросининг ислом илмлари ривожидаги ўрни”. 24.00.01 – Ислом тарихи ва манбашунослиги (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.PhD/Taр889
Илмий раҳбар: Исламов Захид Махмудович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, DSc.15/2025.27.12.Isl/Tar.01.01.
Расмий оппонентлар: Бекмирзаев Илҳом Исроилжонович тарих фанлари доктори, профессор, Самадова Наргиза Муҳиддиновна, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Алихонтўра Соғуний илмий меросини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали унинг ислом илмлари ривожидаги ўрнини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” (تاریخ محمدی) асарида Муҳаммад (s.a.v.)нинг туғилишидан ваҳий келгунигача бўлган ҳаёти, мўжизалари ва фазилатларига оид хабарлар замондошлари Беҳбудийнинг “Мухтасар тарихи ислом” (مختصر تاریخ اسلام) ва Фитратнинг “Мухтасар тарихи ислом” (مختصر تاریخ اسلام) асарларидан фарқли равишда хронологик изчиллик асосида ва тизимли равишда баён этилиши орқали ўзбек тилидаги сийрат китобларининг ўзига хос янги жанри тизимлаштирилгани далилланган;
Алломанинг “Тарихи Муҳаммадий” ҳамда “Диёнат тутқаси – мўминлар туҳфаси” асарларида инсоннинг маънавий камолотини таъминлаш, диний эътиқод ва тафаккур эркинлигини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, маърифий ислом ва маданий қадриятларни асраб-авайлаш орқали даҳрийлик мафкурасининг салбий таъсирига қарши иммунитетни шакллантиришга қаратилган ғоялар тизими мавжудлиги асослаб берилган;
Алихонтўра Соғунийнинг ҳаёти ва илмий меросига оид тадқиқотлардаги ёндашувларнинг ижобий, танқидий ёки нейтрал хусусиятлари муаллифларнинг ҳудудий-илмий мансублиги, муайян тарихий даврдаги сиёсий-мафкуравий муҳит, манбавий база ва соҳавий йўналишлар мезонлари таъсирида шакллангани аниқланган;
Алихонтўра Соғуний асарларида “набий” (نبي), ва “расул” (رسول) сўзларининг ўрнига тушунилиши осон бўлган “пайғамбар” сўзини қўллаш орқали ушбу китобларнинг халқ ичида янада кенг кириб боришга асос бўлгани аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
«Тарихи Муҳаммадий» асарида Беҳбудий ва Фитрат каби замондош олимларнинг асарларида учрамайдиган ислом динининг илк даври, Муҳаммад (s.a.v.)нинг туғилишидан ваҳий келгунигача бўлган ҳаёти, мўжизалари ва комил инсоний фазилатлари ҳақидаги хабарларни батафсил баён қилиш орқали ўзбек тилидаги сийрат жанрини мукаммал тизимлаштиргани борасидаги хулосалар Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан буюртма асосида тайёрланган «Буюк аждодларимиз» номли китоб мазмунига сингдирилган (Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2026-йил 27-июлдаги 02-02/02/1/2477-сонли далолатномаси). Натижада, Алихонтўра Соғунийнинг илмий меросидаги мазкур хулосалардан фойдаланиш орқали сийрат жанрининг ўзбек тилидаги ривожланиш хусусиятларини кенг жамоатчиликка етказилди.
Алихонтўра Соғунийнинг «Диёнат тутқаси – мўминлар туҳфаси» рисоласида Соғуний «пайғамбар» сўзини ишлатгани, ақидага оид манбаларда тилга олинган «ижмолий» ва «тафсилий» иймонни «тақлидий» ва «таҳқиқий» шаклида бергани ҳамда муқаллиднинг иймони хусусида Абу Ҳанифа, Суфёни Саврий, Молик ибн Анас, Абдураҳмон Авзоий каби олимлардан фарқли фикрни келтиргани ҳақидаги илмий хулосалар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази нинг маънавий марифий ишлар чора-тадбирлар режасини тузишда фойдаланилган. (Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2026-йил 24-июлдаги № 021325-сонли далолатномаси). Натижада, Алихонтўра Соғунийнинг илмий меросини маънавий-маърифий тадбирлар ва тарғибот фаолиятида ҳамда аллома меросини кенг жамоатчиликка етказишга эришилди.
Алихонтўра Соғунийнинг Шарқий Туркистон озодлиги йўлидаги ҳаракатлари халқ қаҳрамонига айлангани, сўзлари шиор даражага етгани ва мамлакат етакчиси сифатида қабул қилингани ҳақидаги илмий хулосалар Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази томонидан тайёрланган «Ислом сивилизацияси» қомусий луғатини тайёрлашда ҳамда «Озод Шарқий Туркистон» ва «Халқ овози» газеталарида ёзилган бу борадаги маълумотларни таҳлил қилишда фойдаланилган. (Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказининг 2026-йил 25-июлдаги 05-14/390-сонли далолатномаси). Натижада, Алихонтўра Соғунийнинг илмий меросига оид тадқиқот натижаларини қомусий нашрлар, оммавий ахборот воситалари, маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ва музей экспозисияси мазмунига сингдириш орқали алломанинг илмий-маърифий меросини кенг жамоатчиликка етказиш, ёшларни илм-маърифатга даъват этиш ҳамда миллийлик ва динийлик ўртасидаги уйғунликни тарғиб қилишга эришилган.
Алихонтўра Соғунийнинг илмий мероси ва фаолиятига нисбатан турли илмий ёндашувлар (ижобий, салбий, нейтрал) сиёсат, тиббиёт ва тарих нуқтаи назаридан ўрганилиб, мазкур ёндашувларнинг замон ва макон, сиёсий тузумларга боғлиқ равишда шакллангани сабабли бир-биридан фарқланиши илмий асосда исботлангани Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2022–2023 йилларда ўтказилган тарғибот фаолиятида, хусусан, 2023-йил учун чора-тадбирлар дастурининг ИВ йўналишида белгиланган «Ватанпарварлик туйғуларини ривожлантиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари»нинг 10-банди доирасида ёшларда юксак ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини ривожлантириш, ҳарбийлар ва Ватан ҳимоячиларига ҳурмат уйғотиш, Ватанни ҳимоя қилишни энг шарафли бурч эканлигини кенг тарғиб қилиш бўйича тарғибот ишларини ташкил этиш ва ўтказишда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2024-йил 2-декабрдаги 10/185-сонли далолатномаси). Натижада, диссертацияда илгари сурилган таклиф, тавсия ва илмий хулосалардан фойдаланиш орқали Алихонтўра Соғунийнинг ҳаёт фаолияти ва илмий меросига нисбатан илмий ёндашувларни тизимлаштириш, унинг инсонпарвар, миллатпарвар ва етук олим сифатидаги фазилатларига оид маълумотларни маърифий фаолият мазмунига сингдириш, тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилинди.