Олимова Хуршида Вайдиллаевна

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Инглиз ва ўзбек тиллари тизимида атоқли отларнинг структур-семантик ва прагматик хусусиятлари”, 10.00.13 – Қиёсий ва чоғиштирма тилшунослик (филология).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/Fil7182.
Илмий раҳбар: f.f.f.d. (PhD), дотсент Каримова Сафо Сайдуллаевна.
Диссертация бажарилган муассаса номи:Самарқанд давлат чет тиллар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи: Қарши давлат университети.
ИК рақами: Қарши давлат университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.11.05.
Расмий оппонентлар: филология фанлари доктори, профессор Даниева Майсара Джамаловна, филология фанлари номзоди, дотсент Марқаев Комил Шерқулович.
Етакчи ташкилот: Жиззах давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилидаги атоқли отларнинг семиологик, структур-семантик ва прагматик хусусиятларини очиб бериш ва уларнинг мулоқот фаолиятидаги роли ва ўрнини ёритиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
тилшуносликда сўз туркумларини таснифлашга доир мавжуд тамойиллар танқидий ўрганилган ва уларни от туркумидаги бирликларнинг тил тизимидаги ўрни ҳамда моҳиятини аниқлаш жараёнига татбиқ этиш мезонлари белгиланган, хусусан, отларнинг семантик, синтактик ва морфологик хусусиятларига кўра гуруҳланиш тамойиллари тизимли равишда асослаб берилган;
инглиз ва ўзбек тилларидаги атоқли отларнинг грамматик категориялари тизими ҳамда уларнинг меъёрий қўлланиш хусусиятлари илмий асосда ёритилган, уларнинг формал тузилиши ва грамматик маъно ифодалашдаги имкониятлари ўрганилиб, структур-семантик таҳлил амалга оширилган, шунингдек, чоғиштирилаётган тилларда отларнинг семиологик ва семантик хусусиятлари қиёсий жиҳатдан тавсифланган ҳамда уларнинг умумий ва фарқли белгилари аниқланган;
атоқли отларнинг матн доирасида фаоллашув механизмлари ҳамда турли жанрдаги матнларни шакллантиришдаги ўрни ўрганилган, уларнинг бадиий ғоя ва коммуникатив мазмунни ифодалашдаги прагматик имкониятлари аниқланган, атоқли отларнинг номинативлик хусусиятидан ташқари семантик-прагматик восита сифатидаги функсионал салоҳияти далилланган;
инглиз ва ўзбек тилларидаги атоқли отлар мулоқот унсури сифатида тадқиқ этилган, уларнинг контекстга хос семантик хусусиятлари чоғиштирма аспектда таҳлил қилинган, хусусан, антропонимларнинг матнда намоён бўлиши, топонимларнинг бадиий матнда фаоллашуви ҳамда лақабларнинг стилистик имкониятлари тизимли равишда асослаб берилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Инглиз ва ўзбек тилида атоқли отларнинг структур-семантик таҳлили, лингвостилистик ҳамда коннотативлик хусусиятлари ва турли жанрдаги матнларда намоён бўлиш имкониятлари тадқиқи бўйича олинган натижалар асосида:
инглиз ва ўзбек тилларидаги сўз туркумлари таснифининг тилшуносликда таклиф қилинган тамойиллари асосида от сўз туркумига мансуб бирликлар оригинал асарлар таркибида танқидий таҳлил қилиниши орқали ушбу тамойилларни от туркумидаги бирликларни гуруҳларга ажратишга татбиқ қилиш мезонларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ илмий-назарий хулосалардан Қарши давлат университетининг 2021-2023 йилларда амалга оширилган SUZ-800-21-ГР-3181 рақамли “Reinforcing English Language competence at Karshi State University” номли халқаро грант лойиҳасида фойдаланилган (Қарши давлат университетининг 2024-йил 29-мартдаги № 04/866-сон маълумотномаси). Натижада от туркумидаги бирликларнинг тил тизимидаги ўрни ҳамда моҳиятини аниқлаш муаммоларига доир хулосалар инглиз тили мулоқот компетенциясини мустаҳкамлаш имконини оширишга хизмат қилган;
атоқли отларнинг матн доирасида фаоллашуви ҳамда турли жанрдаги матнларни шакллантириш хусусиятлари ўрганилиб, уларнинг бадиий ғоя ва коммуникатив мазмунни ифодалашдаги прагматик имкониятларига мурожаат этилган ҳамда атоқли отлар мулоқот унсури сифатида қўлланилганганлигига доир натижалардан Самарқанд давлат чет тиллар институтида 2022-2024-йилларда амалга оширилган ва Тошкент шаҳридаги АҚШ элчихонаси ҳамда Халқаро таълим бўйича Америка Кенгаши билан ҳамкорликда АҚШ давлат департаменти томонидан молиялаштириладиган ‘‘English Access Microscholarship Program” лойиҳасида фойдаланилган (Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 2024-йил 20-сентабрдаги №1921/02-сон маълумотномаси). Натижада атоқли отларига хос бўлган хусусиятларнинг тадқиқот хулосалари умумлаштирилган ҳамда улардан бадиий матнларни таржима қилиш, сотсиолингвистика назарияси соҳаларига оид махсус семинарлар янги назарий қарашлар билан бойитилган.
атоқли отларнинг матн доирасида фаоллашуви ҳамда турли жанрдаги матнларни шакллантириш хусусиятлари, уларнинг бадиий ғоя ва коммуникатив мазмунни ифодалашдаги прагматик имкониятлари ҳақидаги хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясининг 2024-йил 10-майда бўлиб ўтган Олтин воҳа радиосининг “Эъзоз” номли эшиттириш ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясининг 2024-йил 12-июндаги № 17-05/97-сон маълумотномаси). Натижада атоқли отларнинг матн доирасида фаоллашуви ҳамда турли жанрдаги матнларни шакллантириш хусусиятлари, уларнинг бадиий ғоя ва коммуникатив мазмунни ифодалашдаги прагматик имкониятлари ҳақида ўрганилган турли тизимга мансуб икки тил доирасида қиёсий таҳлил каби илмий янгиликлардан самарали фойдаланилган. Шунингдек, Х.В.Олимованинг диссертация мавзуси билан алоқадор бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор Қарор ва Фармонлари ижросини амалга ошириш тўғрисидаги ҳукумат қарорлари моҳиятини телетомошабинларга етказишда фаол иштирок этгани маълум қилинган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish