Sayt test rejimida ishlamoqda

Маткаримов Давронбек Матякубовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Молиявий ҳисоб ва ҳисоботни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида такомиллаштириш”, 08.00.08–Бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Iqt116.
Илмий раҳбар: Исманов Иброхим Набиевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.27.06.2017.I.17.01.
Расмий оппонентлар: Пардаев Мамаюнус Қаршибоевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Каримов Неъматулла Фатхуллаевич, иқтисодиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: молиявий ҳисоб ва ҳисоботнинг таркибий тузилишини молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида такомиллаштириш бўйича илмий-назарий ҳамда амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
миллий стандартлар асосида тузилган молиявий ҳисоботларни халқаро стандартларга мувофиқ трансформация қилишни киритиш  асосида акциядорлик жамиятлари ҳисоб сиёсатининг такомиллаштирилган шакли ишлаб чиқилган;
акциядорлик жамиятларида фойдаланилаётган, тўлиқ эскириш ҳисобланган асосий воситаларни  молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига мувофиқ ҳаққоний қиймати бўйича қайта баҳоланиб, фойдали хизмат муддати аниқланиб, келгусида фойдаланилишини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш таклиф этилган;
акциядорлик жамиятларида товар моддий захиралар сифатида таснифланадиган активлар молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига мувофиқ ҳаққоний қиймати ва баланс қийматининг энг пасти бўйича баҳолаш таклиф қилинган;
пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот (4-шакл)нинг “операцион фаолият”, “инвестицион фаолият” ва “молиявий фаолият” номли бўлимларининг таркиби молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Молиявий ҳисоб ва ҳисоботларни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида такомиллаштириш бўйича олинган илмий хулосалар асосида:
бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари асосида тайёрланган молиявий ҳисоботларни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига трансформация қилиш учун ишлаб чиқилган такомиллаштирилган ҳисоб сиёсати “Minora qurish ekspeditsiyasi” акциядорлик жамияти, “Neft va gaz quduqlarini sinash” акциядорлик жамияти ва “Qashqadaryo Dori-darmon” акциядорлик жамияти амалиётига жорий қилинган (“Minora qurish ekspeditsiyasi” АЖнинг 2018 йил 8 февралдаги 03/БК-165-сон, “Neft va gaz quduqlarini sinash” АЖнинг 2018 йил 8 февралдаги 275/5-сон ва “Qashqadaryo Dori-darmon” АЖнинг 2018 йил 7 февралдаги 03-01/63-сон маълумотномалари). Ушбу тавсиядан фойдаланиш натижасида бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари асосида тузилган молиявий ҳисоботларни молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига трансформация қилиш имконияти яратилган;
акциядорлик жамиятиларида фойдаланилаётган, эскириш суммаси тўлиқ ҳисобланган асосий воситаларни (асосан, бурғулаш миноралари) ҳаққоний қиймати бўйича қайта баҳолаб, фойдали хизмат муддати аниқланиб, бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби бўйича таклифлари “Minora qurish ekspeditsiyasi” акциядорлик жамияти ва “Neft va gaz quduqlarini sinash” акциядорлик жамияти амалиётида жорий қилинган (“Minora qurish ekspeditsiyasi” АЖнинг 2018 йил 8 февралдаги 03/БК-165-сон ва “Neft va gaz quduqlarini sinash” АЖнинг 2018 йил 8 февралдаги 275/5-сон маълумотномалари). Ушбу тавсиянинг амалиётга жорий қилиниши натижасида акциядорлик жамиятлари молиявий ҳисоботларида акс эттирилаётган асосий воситаларнинг қолдиқ қиймати “Minora qurish ekspeditsiyasi” АЖда 14 898 720,8 минг сўмга ва “Neft va gaz quduqlarini sinash” АЖда 22 553 681,9 минг сўмга оширишга эришилган;
акциядорлик жамиятиларида товар моддий захиралар сифатида таснифланадиган активлар молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига мувофиқ ҳаққоний қиймати ва баланс қийматининг энг пасти бўйича баҳолаш бўйича таклифлари “Minora qurish ekspeditsiyasi” акциядорлик жамияти ва “Neft va gaz quduqlarini sinash” акциядорлик жамияти амалиётига жорий қилинган (“Minora qurish ekspeditsiyasi” АЖнинг 2018 йил 8 февралдаги 03/БК-165-сон ва “Neft va gaz quduqlarini sinash” АЖнинг 2018 йил 8 февралдаги 275/5-сон маълумотномалари). Ушбу тавсиянинг амалиётга жорий қилиниши натижасида акциядорлик жамиятлари молиявий ҳисоботларида акс эттирилаётган товар моддий захиралар қиймати “Minora qurish ekspeditsiyasi” АЖда 37 923,85 минг сўмга ва “Neft va gaz quduqlarini sinash” АЖда 1 138 884,87 минг сўмга камайишига эришилган;
молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлар талабидан келиб чиқиб, пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот (4-шакл)нинг “операцион фаолият”, “инвестицион фаолият” ва “молиявий фаолият” номли бўлимларининг таркиби молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида такомиллаштирилган таркибига оид тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан молиявий ҳисобот шаклларини такомиллаштиришда фойдаланилган (Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармасининг 2012 йил 6 июндаги 12/12-сон маълумотномаси). Мазкур тавсиянинг амалиётга жорий қилиниши пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботда келтирилган маълумотларнинг ҳар бир фаолият тури бўйича (операцион, инвестицион ва молиявий фаолият) аниқ ифода этиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish