Саттаров Жамолиддин Бахроновичнинг
докторлик диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Болаларда ичак ротацияси ва фиксацияси нуқсонларини ташхислаш ва жарроҳлик тактикасини танлаш», 14.00.35 – болалар хирургияси (тиббиёт фанлари).
Талабгорнинг илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб боришга лаёқати бўйича тест синовидан ўтгани ҳақида маълумот: /катта илмий ходим изланувчи/.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: 30.09.2014/Б2014.3-4.Tib90.
Илмий маслаҳатчи: Эргашев Насриддин Шамсиддинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти, 16.07.2013.Tib.18.01.
Расмий оппонентлар: Немилова Татьяна Константиновна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Алиев Махмуд Муслимович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Салимов Шавкат Тешаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: «Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети» Олий касб-ҳунар таълими давлат бюджет таълим муассасаси (Москва).
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади.
Ичаклар ротацияси ва фиксацияси бузилиши сабабли юзага келадиган туғма ичак тутилишларида, анте- ва постнатал ташхислаш ва жарроҳлик ёндашувини танлаш асосида даволаш сифатини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги.
Мегадуоденум билан болаларда кечадиган дуоденал тутилишларни жарроҳлик йўли билан даволаш усули ишлаб чиқилган;
илк бор чақалоқлар ва турли ёш гуруҳидаги болаларда ичаклар ротацияси ва фиксацияси бузилишларини алоҳида вариантларининг клиник кечиши, уларни ташхислашнинг қўшимча усулларининг натижалари ва операция пайтидаги анатомик кўринишлари тизимлаштирилган;
болаларда ичаклар ротацияси бузилишларининг кечиши ёшга боғлиқ бўлмаган ҳолда ингичка ичак алоҳида қисмларининг ёки бутун ўрта ичак бўйлаб сиқилиш ёки буралишнинг (қисман, тўлиқ) даражасига мувофиқлиги аниқланган;
соғлом ва ичаклар мальротацияси билан оғриган болаларда юқори ичак тутқич томирларида қон оқимининг доплерометрик кўрсаткичлари ўрганилганда артериал қон томирларда гемодинамик кўрсаткичларнинг назорат гуруҳига қараганда камайиши, вена томирларининг эса диаметри нисбатан катталашиши касалликнинг клиник кечишига мос келиши исботланган;
болаларда ИМнинг асоратланмаган, асоратланган ва уйғунлашган вариантларида оптимал жарроҳлик ёндашув илмий асосланган, ротация бузилишларида ўрта ичакнинг фиксациясиз ёки физиологик ҳолатда фиксация билан бартараф этилишига кўрсатмалар белгилаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Мегадуоденум билан болаларда кечадиган дуоденал тутилишларни жарроҳлик йўли билан даволаш усулига Ўзбекистон Республикасининг ихтиро патенти олинган (№IAP 04826, 20.01.2014й.). Ушбу усул ўн икки бармоқли ичакнинг бутунлигини сақлаган ҳолда, унинг айланма ўлчамини камайтириш ва ўтказувчанлигининг тўлиқ тикланиш имконини берган;
болаларда ичак ротацияси ва фиксацияси нуқсонларини ташхислаш ва жарроҳлик тактикасини оптимал танлаш усули бўйича олинган илмий натижалар «Болаларда ичаклар ротацияси ва фиксацияси нуқсонларини ташхислаш усуллари» ва «Ичаклар ротацияси ва фиксацияси нуқсонлари билан оғриган болаларни жарроҳлик даволаш самарадорлигини ошириш усули» услубий қўлланмалари асосида соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан, Республика перинатал маркази ва Тошкент шаҳри 2-сонли болалар клиник жарроҳлик шифохонаси амалиётига татбиқ қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 9 декабрдаги 8Н-3/26-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижаларнинг жорий қилиниши туғма ичак тутилиши ва ичаклар мальротациясини эрта ташхислаш имкониятларини ошириши, даво тактикасини танлашдаги оптимал ёндашув асосида даволашнинг бевосита ва узоқ натижаларини яхшилаш ва радикал операциялар салмоғини ошириш ҳисобига, ўлим ҳолатини ТИТда 34,3 фоиз ва мальротацияда 38 фоизга камайтириш имконини берган.