Хомидчонова ШаҳзодаХасанзоданинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Стресс шароитида тўғри ичакнинг морфофунксионал ўзгаришлари (экспериментал татқиқот)”, 03.00.08 - Одам ва ҳайвонлар физиологияси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/B1407.
Илмий раҳбар: Каримов Валижон Ахмаджонович, биология фанлари номзоди, дотсент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган давлат университети, PhD03/2025.27.12.B.22.05.
Расмий оппонентлар: Ҳошимов Нозимжон Нумонжонович, биология фанлари доктори; Мамажонов Мухторжон Мурадулаевич, биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), дотсент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертатсия йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тажрибада иммобилизацион стрессдан кейин тўғри ичакдаги морфофунксионал ўзгаришларнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш ва юзага келиши мумкин бўлган бузилишларни бартараф этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
сурункали иммобилизация стресси денгиз чўчқаларида тўқималарнинг оксидатив ҳолати, микробиотсенози, мотор-эвакуатор функцияси ва ичак девори морфологиясини қамраб олувчи тўғри ичакнинг ўзаро боғлиқ морфофунксионал бузилишлари мажмуасини келтириб чиқариши аниқланган;
тўғри ичакнинг стресс таъсиридаги шикастланишининг етакчи бўғини ферментатив антиоксидант ҳимоянинг декомпенсацияси эканлиги, ичак тўсиғининг энг заиф таркибий қисми эса асосан қадаҳсимон ҳужайраларнинг камайиши билан кечувчи шиллиқ қаватнинг секретор аппарати эканлиги аниқланган;
тизимли стресс-реакцияси ва ичак дистал қисмининг дисбиози ўртасидаги ўзаро боғлиқлик асослаб берилди, бу облигат симбионтларнинг сусайиши ва потенциал патоген микрофлоранинг кўпайиши исботланган;
стрессдан сўнг япон софораси экстрактини курс шаклида интрагастрал юбориш коррекцияловчи таъсир кўрсатиб, ферментатив антиоксидант ҳимоя ва тўғри ичак шиллиқ қаватининг морфологик яхлитлигини тиклашга ёрдам бериши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Экспериментал стресс шароитида тўғри ичакнинг морфофунксионал ўзгаришлари ва уларни баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
стресс шароитида тўғри ичакнинг морфофунксионал ўзгаришлари, уларнинг физиологик механизмлари ва экспериментал баҳолаш усулларига оид илмий натижалардан 60910200 — Даволаш иши бакалавриат таълим йўналиши учун тайёрланган «Овқат ҳазм қилиш физиологияси (тўғри ичак мисолида)» номли ўқув қўлланмада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026-йил 25-апрелдаги 5863-3069-ec64-1b5e-26a8-8392-8656-сонли нашр рухсатномаси). Натижада, овқат ҳазм қилиш физиологияси ва стресс таъсирида юзага келадиган морфофунксионал ўзгаришларга оид ўқув-услубий материаллар бойитилган;
тўғри ичакнинг стресс таъсиридаги морфологик ва функсионал ўзгаришларини баҳолашга оид илмий натижалар Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти Илмий кенгашининг 2025-йил 31-январдаги 01-02/u-т-х-38-сонли қарори билан тасдиқланган «Стресс шароитида аъзоларни тўғри ичак мисолида морфофунксионал баҳолаш усули» номли услубий тавсияномага киритилган ҳамда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2025-йил 7-февралдаги 46-сонли, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти кўп тармоқли клиникасининг 2025-йил 18-февралдаги 13-сонли ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг 2025-йил 28-январдаги 31-сонли буйруқлари асосида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Илмий-техник кенгашининг 2025-йил 22-сентябрдаги 25-сонли хулосаси). Натижада, стресс шароитида тўғри ичакнинг морфофунксионал ҳолатини комплекс баҳолаш ва диагностик ёндашувларни такомиллаштириш учун услубий асос яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish