Ашуров Шероз Эрматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўн икки бармоқли ичак яраси тешилишида хирургик даволашга дифференциаллашган ёндашув», 14.00.40–Шошилинч тиббиёт (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.PhD/Tib292.
Илмий раҳбар: Беркинов Улуғбек Бозорбоевич, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, DSc.28.02.2018.Тib.63.01.
Расмий оппонентлар: Аталиев Альберт Ервандович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Хаджибаев Фарход Абдухакимович, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: А.И.Евдокимов номидаги Москва давлат тиббиёт стоматология университети (Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўн икки бармоқли ичак яраси тешилишини ташхислаш ва даволашга қиёсий ёндашган ҳолда, унинг жарроҳлик йўли билан даволашни такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўн икки бармоқли ичак яраси тешилиши, айниқса ёпилиб қолган яраларнинг яширин турларида эндоскопик белгилар (ҳаво билан инсуффляция қилинганда ўн икки бармоқли ичак деворларининг тўғриланмаслиги ва қоринда оғриқнинг кучайиши, яра тубининг кўринмаслиги)нинг ташхисий хатоликларини камайтиришдаги аҳамияти асосланган;
ўн икки бармоқли ичак яраси тешилишида унинг кечиши, эндоскопия, лапароскопия, Helicobacter test, морфометрия, перитонит тури ва беморнинг ASA бўйича ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ташхислаш ва даволаш тактикасини аниқлайдиган мезонлар аниқланган;
яра субстратидаги морфометрик ўзгаришлар (ҳужайралараро модда, лимфа ва қон томирлар ҳамда Панет ҳужайраларининг нисбий ҳажми)га асосланиб, ўн икки бармоқли ичак яраси тешилишини башоратлаш усули ишлаб чиқилган;
ўн икки бармоқли ичак яра касаллигининг хирургик амалиётидан кейинги даврда яра асоратларининг олдини олишга қаратилган антисекретор, антихеликобактер консерватив даволаш ҳамда зарур ҳолатларда радикал операцияни амалга ошириш тактикаси такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўн икки бармоқли ичак яраси тешилишида хирургик даволашга дифференциаллашган ёндашувни такомиллаштиришни баҳолаш бўйича олинган натижалар асосида:
«Сурункали гастродуоденал яраларнинг тешилишини прогнозлаш усули» бўйича Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№IAP 05271, 04.08.2016 й.). Ушбу усул турли даражадаги гастродуоденал яралар тешилиши хавфи мавжуд беморларни аниқлашга имкон берган;
ўн икки бармоқли ичак яраси тешилишида хирургик даволашга дифференциаллашган ёндашувни такомиллаштиришга қаратилган тадқиқот натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали, Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникаси шошилинч хирургия бўлимлари амалий фаолиятига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 26 ноябрдаги 8н-з/251 сон маълумотномаси). Олинган натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши ўн икки бармоқли ичак яраси тешилиши билан хасталанган беморларни ташхислаш ва даволаш сифатини яхшилашга, шунингдек, жарроҳлик амалиётидан кейинги асоратларни 14,8% га ва яра касаллиги қайталаниши ёки рецидивини 13,0%гача камайтириш, беморларни касалхонада бўлиш давомийлигини 1,1 кунга қисқартириш имконини берган.