Султонов Мансурбек Фарход ўғлининг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоқ номи): «Хоразм шароитида юмшоқ буғдой коллекция намуналарининг физиологик ва миқдорий белгиларига генотип ва муҳитнинг таъсири», 03.00.07 - Ўсимликлар физиологияси ва биокимёси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/B1721.
Илмий раҳбар: Аллоберганова Зебо Бекмаматовна, биология фанлари номзоди, дотсент.
Диссертация бажарилган муассаса: Хоразм Маъмун академияси.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, илмий кенгаш рақами: Хоразм Маъмун академияси, PhD.05/2025.27.12.B.25.01.
Расмий оппонентлар: Хамраев Нурбек Улуғбекович, биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), дотсент; Қулмаматова Дилафруз Эркиновна, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертасия йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик
II. Тадқиқотнинг мақсади: Юмшоқ буғдой коллекция намуналарининг физиологик, морфологик, сифат ва ҳосилдорлик белгилари шаклланишида генотип, муҳит ҳамда уларнинг ўзаро таъсирини комплекс аниқлаш, шу асосда юқори ҳосилдор, барқарор ва маҳаллий шароитларга мослашган навларни танлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Хоразм вилоятининг ўзига хос тупроқ-иқлим шароитида кенг генетик хилма-хилликка эга юмшоқ буғдой (Triticum аестивум L.) нав намуналарининг физиологик ва миқдорий белгиларига генотип, муҳит ва уларнинг ўзаро таъсири (ГМЎТ) нинг комплекс ва тизимли таъсири аниқланган;
буғдой намуналарининг сув танқислиги ва юқори ҳарорат каби стресс шароитларига мослашувчанлиги ўсимликдаги физиологик жараёнлар (хлорофилл миқдори, сув ушлаш қобилияти, баргнинг умумий сув миқдори, фотосинтез ва транспирация жадаллиги) бўйича таққослама равишда таҳлил қилиниб, маҳаллий шароитда стрессга чидамлиликни белгиловчи асосий физиологик маркерлар аниқланган ва илмий жиҳатдан асосланган;
генотип, муҳит ва уларнинг ўзаро таъсири буғдойнинг дон сифат кўрсаткичларига (оқсил миқдори, аминокислота таркиби) таъсирини таҳлил қилиш асосида маҳаллий шароитга мос, ҳам ҳосилдорлик, ҳам сифат бўйича юқори потенциалга эга навларни яратиш учун генетик манбалар танланган;
Хоразм вилоятининг ўзига хос бўлган тупроқ-иқлим шароитида юмшоқ буғдой генотипларининг агрономик белгилари барқарорлиги миқдорий баҳоланган, ҳосилдорликни белгиловчи асосий корреляцион компонент (1 m2 майдондаги дон сони) аниқланган, ҳамда минтақа учун самарали барқарор (Сила, Никифор/Крошка) ва экологик пластик (Камол, Восторг) нав намуналари ажратиб олинган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Хоразм вилояти шароитида юмшоқ буғдой коллекция намуналарининг физиологик ва миқдорий белгиларига генотип ва муҳитнинг таъсири бўйича олинган илмий натижалари асосида:
Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида Марказий Осиё ва Қирғизистон юмшоқ буғдой гермплазмасига мансуб 10 та нав намунаси экиб ўрганилган ҳамда улар орасидан юқори ҳарорат ва сув танқислиги стресс омилларига чидамли Сила ва Никифор/Крошка нав намуналарини мослашувчанлиги бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан амалиётга жорий этиш учун маъқулланган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2025-йил 26-декабрдаги 02/18-4686-сон маълумотномаси). Натижада, Хоразм вилояти шароитида етиштирилган буғдой нав намуналарининг абиотик стрессларга мослашувчанлигини хлорофилл ва каротиноид миқдори, сув ушлаш қобилияти, баргнинг умумий сув миқдори, фотосинтез ва транспирация жадаллиги каби физиологик кўрсаткичлар асосида баҳолаш, шунингдек, дон таркибидаги оқсил миқдори ва аминокислоталар таркибини таҳлил қилиш орқали маҳаллий шароитга мос, юқори ҳосилдор ва стрессга чидамли генетик донорларни танлаш имконияти яратилган;
юмшоқ буғдой коллекция намуналарини етиштириш ва юқори ҳосил олиш агротехникаси бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 28-январдаги 05/05-04-73-сон маълумотномаси). Натижада, Хоразм вилоятининг ўзига хос тупроқ-иқлим шароитида юмшоқ буғдой коллекция намуналарини етиштириш, уларнинг сув танқислиги ва юқори ҳарорат каби ноқулай ташқи муҳит омилларига мослашувчанлигини баҳолаш, физиологик ва миқдорий белгиларининг шаклланишида генотип, муҳит ва уларнинг ўзаро таъсирини (Г×М) қиёсий таҳлил қилиш ҳамда юқори ҳосилдор ва барқарор нав намуналарини танлаш бўйича илмий асосланган тавсиялардан фойдаланиш имконияти яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish