Каюмов Умиджон Эркиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертатсия мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Кончилик машиналарининг ички ёнув двигателлари ресурсини ва экологик хавфсизлигини ошириш”, 04.00.16 – Кончилик машиналари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.2.PhD/T6710.
Илмий раҳбар: Джураев Рустам Умарханович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, DSc.31/2025.27.12.T.01.03.
Расмий оппонентлар: Муминов Рашид Олимович, техника фанлари доктори, профессор; Юлдошов Ҳусниддин Эргашович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), дотсент.
Етакчи ташкилот: Миллий технологик тадқиқотлар университети “MISIS”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ички ёнув двигателларини ҳаво филтрларлаш тизимини такомиллаштириш эвазига уларнинг эксплуатацион самарадорлигини ошириш ҳамда двигателдан ажралувчи зарарли газларини камайтиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
электростатик филтрда чанг заррачаларини тутиб қолиш самарадорлиги ҳаво оқими тезлиги ва филтрга узатиладиган электр кучланиши қийматига боғлиқлиги ўрнатилган;
ишлаб чиқилган кўп босқичли ҳаво филтрида биринчи босқич электростатик филтрини қўллаш ҳавони дастлабки ионлаштириш ва чанг зарраларини зарядлашни таъминлаши эвазига асосий электростатик филтрнинг чанг заррачаларини тутиб қолиш самарадорлигини 10% гача ошириши аниқланган;
электростатик филтр чўктирувчи электродлари узунлигининг чанг заррачаларини тутиб қолиш самарадорлигига таъсирининг тўйиниш функцияси билан ифодаланувчи ночизиқли қонунияти аниқланган ва электродлар узунлигининг бошланғич оралиқда оширилиши тозалаш самарадорлигининг жадал ортишига олиб келиши, рационал диапазонга эришилгандан кейин эса электродлар узунлигини янада ошириш самарадорлик ўсиш суръатининг пасайиши билан кечиши асосланган;
ҳаво филтрининг аеродинамик кўрсаткичлари, иш ресурси ва ички ёнув двигателининг ёқилғи тежамкорлиги филтрловчи элементга тушадиган чанг юкламаси миқдорига боғлиқлиги аниқланди ҳамда ушбу юкламани камайтириш филтрнинг аеродинамик қаршилиги ўсишини секинлаштириши, унинг ресурсини ошириши ва ёқилғи сарфини камайтиришга хизмат қилиши асосланган;
ички ёнув двигателининг ишлатилган газларини таркибидаги сажа ва майда дисперс ПМ заррачаларини электростатик филтрда тутиб қолиш самарадорлигини электростатик майдон кучланиши ва газ оқими тезлигига боғлиқлиги ўрнатилган ҳамда сажа ва майда дисперс ПМ заррачаларини юқори даражада ушлаб қолишни таъминловчи рационал кучланиш катталиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Кончилик машиналарининг ички ёнув двигателларини ресурсини ва экологик хавфсизлигини ошириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ички ёнув двигателининг кўп босқичли комбинациялашган ҳаво филтри конструкцияси “Навоий кон – металлургия комбинати” АЖ Марказий кон бошқармасидаги Автотранспорт бошқармасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон республикаси «Навоий кон – металлургия комбинати» АЖнинг 2026 йил 9 апрелдаги 02-15-02/3579 сон маълумотномаси). Натижада, ҳаво филтрлаш самарадорлигини ўртача 92% гача ошириш имконини берган ҳамда базавий ҳаво филтрининг иш ресурсини 2 баробарга ошишига, ёқилғи сарфини ўртача 2,3% гача камайтиришга ва двигателининг силиндр-поршен-поршен ҳалқаси гуруҳининг компрессияни йўқотилишигача бўлган иш ресурсини 2 баробарга ошишига эришилган;
ички ёнув двигателидан ажралувчи зарарли газларни камайтириш имконини берувчи филтр конструкцияси “Навоий кон – металлургия комбинати” АЖ Марказий кон бошқармасидаги Автотранспорт бошқармасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон республикаси «Навоий кон – металлургия комбинати» АЖнинг 2026 йил 9 апрелдаги 02-15-02/3579 сон маълумотномаси). Натижада, двигателнинг қувват кўрсаткичларини сақлаган ҳолда чиқинди газлари таркибидаги зарарли моддаларни консентрациясини 88-90% гача камайтириш имконини берган.