Нормуродова Қундуз Тоғаевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Крахмал тутувчи хомашёлардан этанол олиш биотехнологиясини такомиллаштириш», 03.00.12–Биотехнология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/В26.
Илмий маслаҳатчи: Муратов Ғайрат Азатович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Микробиология институти, Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.В.38.01.
Расмий оппонентлар: Исмоилов Зафар Файзуллаевич, биология фанлари доктори; Азимова Шахноз Садиковна, биология фанлари доктори, профессор; Абдурахимов Саидакбар Абдурахманович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Биоорганик кимё институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: α-амилаза ва глюкоамилаза ферментларининг барқарорлаштирилган оптимал мажмуасини ишлаб чиқиш ва улар ёрдамида этанол олиш биотехнологиясини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор α- амилазанинг маҳаллий продуценти Bacillus subtilis-150 штаммидан мутагенез усули ёрдамида α-амилаза фаоллиги 2–3 баробар юқори бўлган термобарқарор Bacillus subtilis NK-16 (320-450 бир./мл) мутант штамми яратилган, 16S рРНК таҳлили бўйича идентификация қилинган ва GenBankда MH177822 рақами остида рўйхатга олинган;
спирт ишлаб чиқаришда қўлланиладиган маҳаллий α-амилаза ва глюкоамилаза ферментларининг тўпланиш шароитлари, тозалашнинг модификацияланган самарали усули танлаб олинган, протеаза ферментини юқори ҳароратда инактивацияланиш шароити аниқланган;
илк бор маҳаллий Bacillus subtilis NK-16 α-амилаза ва Aspergillus oryzae UzMU К-14 глюкоамилазанинг барқарорлаштирилган мажмуасини ишлаб чиқаришнинг тажриба-технологик регламенти ишлаб чиқилган;
илк бор маҳаллий α-амилаза ва глюкоамилазанинг сорбитол, кальций ацетат, натрий бензоат, калий сорбат тузлари ҳамда протеаза ферменти ёрдамида барқарорлаштирилган оптимал мажмуалари олинган;
барқарорлаштирилган глюкоамилаза мажмуаси таркибидаги протеаза ферменти ҳисобига эркин амин азотлари миқдорини ошиши натижасида Saccharomyces vini ачитқисининг кўпайиши ва ўсишини тезлашиши ҳамда бижғиш жараёнини қисқариши асосланган;
барқарорлаштирилган α-амилаза ва глюкоамилаза мажмуалари ёрдамида крахмалнинг қандланишини тезлаштириш ва бижғиш жараёнини қисқартириш орқали крахмал тутувчи хомашёлардан этанол олиш биотехнологияси такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Крахмал тутувчи хомашёлардан этанол олиш биотехнологиясини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
барқарорлаштирилган α-амилаза ва глюкоамилаза ферментлар мажмуаси “Андижон биокимё заводи” АЖда этанол ишлаб чиқариш жараёнида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси “Ўзшаробсаноат” АЖнинг 2019 йил 26 апрелдаги 01-08/1117-сон маълумотномаси). Натижада тавсия этилаётган технологияга кўра, 1 тонна шартли буғдой крахмалидан 636 литрдан 670 литргача этил спирти олиш имконини берган;
этил спирти ишлаб чиқаришнинг такомиллаштирилган технологияси “Андижон биокимё заводи” АЖда амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси “Ўзшаробсаноат” АЖнинг 2019 йил 26 апрелдаги 01-08/1117-сон маълумотномаси). Натижада крахмални суюлтириш ва қандлаштириш жараёнларини тезлаштириш, юқори бижғиш жараёнини таъминлаш, ачитқиларнинг яшовчанлиги ҳамда спирт миқдорини ортиши имконини берган;
Bacillus subtilis NK-16 штаммидан ажратиб олинган протеаза препарати “Orom biopreparati” МЧЖда пробиотиклар ишлаб чиқариш саноатида муҳим ҳисобланган сут гидролизатларини тайёрлаш амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Фармацевтика саноати давлат аксиядорлик консернининг 2017 йил 13 июндаги МД/06-1592-сон маълумотномаси). Натижада сут оқсили гидролизати тайёрлаш жараёнини намунага нисбатан 5–6 соатга қисқартириш имконини берган;
B.subtilis NK-16 бактерия ва A.oryzae UzMU K-14 замбуруғ ҳўжайраларининг биосинтетик хусусиятлари Ф-4.1.2 рақамли “Микроорганизмларда ферментларни ҳосил бўлиши ва секрецияси механизмларини тадқиқ қилиш” фундаментал лойиҳасида штаммларнинг ўсиши ва ривожланиши жараёнида озуқа муҳити компонентлари таркибидаги калийли, кальцийли, азотли ва фосфорли тузларнинг таъсирини аниқлаш усулларидан фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2017 йил 24 апрелдаги ФТК-03 13/460-сон маълумотномаси). Натижада α-амилаза ва глюкоамилаза ферментлар фаолликлари ва спектрлари ўзгаришини кузатиш, уларнинг фаолликларини чекловчи турли омилларни таҳлил қилиш усулларидан фойдаланиш имконини берган.