Бегжанова Гулрух Бахтияровнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Техноген чиқиндилар асосида янги композицион қўшимчаларни ва улардан фойдаланиб юқори самарадор цементларни ишлаб чиқиш», 02.00.07–Композицион, лок-бўёқ ва резина материаллари кимёси ва технологияси, 02.00.15–Силикат ва қийин эрийдиган нометалл материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.DSc/Т103.
Илмий маслаҳатчилар: Негматов Сойибжон Содикович, техника фанлари доктори, профессор, академик; Собиров Боходир Бойпўлатович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК, Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК ҳузуридаги DSc.27.06.2017.K/T.03.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Ибодуллаев Ахмаджон Собирович, техника фанлари доктори, профессор; Таймазов Бахтижон, техника фанлари доктори,профессор; Солиев Рустам Хакимжонович, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент архитектура ва қурилиш институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: «Фосфозол» техноген чиқиндиси асосида қўлланилган композицион қўшимчали портландцемент олишнинг самарадор таркибларини ва технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
«Фосфозол» – култошқол ва фосфогипс аралашмаси асосида цемент учун янги турдаги ноанъанавий техноген композицияли фаол минерал қўшимчанинг янги таркиби ишлаб чиқилган;
композицион цементлар олиш учун «Фосфозол» қўшимчаси қўлланилган хомашё аралашмаларининг оптимал кимёвий-технологик параметрлари аниқланган;
«Фосфозол» ноанъанавий қўшимчасини портландцементга фаол минерал қўшимча ва айни пайтда гипс тоши ўрнига цементни тишлаш муддатини созловчи сифатида қўллаш эҳтимолини амалий асослаган ҳолда, уни цементни қотиш жараёнига комплекс қўшимча сифатида икки томонлама таъсири исботланган;
«Фосфозол» қўшимчасини алоҳида ва анъанавий қўшимчалар билан тузилган композицияларини қўллаган ҳолда, қўшимчали ва композицион қўшимчали портландцементларнинг физик-механик ва физик-кимёвий хоссаларига таъсири аниқланган;
«Фосфозол» қўшимчаси қўлланилган ПЦ400 Д20 маркали қўшимчали цементлар, композицион қўшимчали ПЦ400 КД20 ва ПЦ400 КД30 маркали композицион портландцементларнинг таркиблари ва кимёвий-технологик параметрлари оптималлаштирилган;
«Фосфозол» қўшимчаси иштирокидаги қўшимчали цементларнинг ва композицион қўшимчали портландцементларнинг қотиш жарёнидаги «таркиб-структура-хосса» ўзаро боғлиқлик қонуниятлари ўрнатилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
«Фосфозол» ва у иштирок этган гибрид қўшимчаларни ҳамда улардан фойдаланиб қўшимчали ва қомпозицион қўшимчали портландцементлар ишлаб чиқариш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Фосфозол» қўшимчасини ишлаб чиқариш учун ТИ 24249595-01:2016 технологик йўриқнома ишлаб чиқилган ва «Ўзстандарт» агентлигида рўйхатдан ўтказилган («Ўзстандарт» агентлигининг 2010 йил 3 майдаги UZ.AMT.17.MAI. 030-сон аккредитация ҳақидаги гувоҳномаси). Натижада фосфогипс ва култошқолни маълум нисбатда аралаштириш ва термик ишлов бериш орқали «Фосфозол» композицион қўшимчасини олиш имконини берган;
«Фосфозол» композицион қўшимчасига ташкилот стандарти «Ўзстандарт» агентлигида рўйхатдан ўтказилган (Тs 24249595-01:2014). Натижада «Фосфозол» қўшимчасини портландцемент ишлаб чиқаришда фаол минерал қўшимча ва цементни тишлашиш муддатини созловчи сифатида қўлланилиш имконини берган;
композицион қўшимчали портландцемент ишлаб чиқариш учун Ўзбекистон Республикаси давлат стандарти «Ўзстандарт» агентлигида рўйхатдан ўтказилган (O'z DSt 2830:2014 2014 йил 8 октябрдаги 1-сон, 2015 йил 9 ноябрдаги 2-сон, 2017 йил 3 февралдаги 3-сон ўзгартиришлар билан). Натижада республикадаги барча цемент корхоналарида композицион қўшимчали портландцементларни ишлаб чиқариш ва улар таркибидаги «Фосфозол» ни масса улушини тасдиқланган тартибда аниқлаш усулини жорий этиш имконини берган;
«Фосфозол» композицион қўшимчаси асосида композицион цементлар олиш технологияси «Оҳангаронцемент» АЖда амалиётга жорий этилган («Оҳангаронцемент» АЖнинг 2019 йил 17 майдаги 1/АГЦ-860/9-сон маълумотномаси). Натижада композицион цементларни саноат миқёсида ишлаб чиқариш имконияти яратилган;
композицион портландцементлар ишлаб чиқариш технологияси «Бекободцемент»АЖда амалиётга жорий этилган («Oʻzsanoatqurilishmateriallari» Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмасининг 2019 йил 1 июлдаги 03/06-863-сон маълумотномаси). Натижада ПЦ400 Д20 маркали қўшимчали цемент ва ПЦ400 КД20 ва ПЦ400 КД30 маркали композицион қўшимчали портландцементлар ишлаб чиқариш имконини берган;
цемент ишлаб чиқариш корхоналарида «Фосфозол» фаол минерал қўшимчасидан фойдаланиб, қўшимчали ва композицион қўшимчали портландцементлар ишлаб чиқариш технологиялари «Оҳангаронцемент» АЖда амалиётга жорий этилган («Oʻzsanoatqurilishmateriallari» Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмасининг 2019 йил 1 июлдаги 03/06-863-сон маълумотномаси). Натижада нархи қиммат бўлган клинкерни 20–30% ва гипс тошини 100% «Фосфозол» қўшимчасига алмаштириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, цемент таннархини пасайтириш, цементнинг сифат кўрсаткичларини ошириш ва технологик жарённи ихчамлаштириш имконини берган.