Хайдарова Шоира Тохир қизининг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи: “Инглиз ва ўзбек тилларидаги эвфемизмларнинг структур-семантик хусусиятлари ва таржима муаммолари”, 10.00.13 – Қиёсий ва чоғиштирма тилшунослик (филология).
Диссертация рўйхатга олинган рақам: B2022.1.PhD/Fil2307.
Диссертация бажарилган муассаса: Жиззах давлат педагогика университети.
Илмий раҳбар: Ахмедов Ойбек Сапарбоевич, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Жиззах давлат педагогика университети, PhD.01/2025.27.12.Fil.06.02.
Расмий оппонентлар: Мирсанов Ғайбулла Қулмуродович, филология фанлари доктори, профессор; Эрметова Жамила Исмаиловна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилларидаги эвфемизмларни чоғиштириш орқали уларнинг структур-семантик хусусиятларини ва уларни таржима қилиш жараёнида учрайдиган муаммоларни аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
инглиз ва ўзбек тилларидаги эвфемизм, табу ва перифраза бирликларининг функсионал-семантик муносабати аниқлаштирилиб, перифразанинг эвфемистик мақоми унинг шаклий хусусиятлари билан эмас, балки ижтимоий жиҳатдан ноқулай ёки сезгир мазмунни билвосита ва юмшатилган тарзда ифодалашга хизмат қилувчи коммуникатив функцияси билан белгиланиши асосланган;
инглиз ва ўзбек тилларидаги эвфемизмларнинг диахроник-синхроник тараққиёти қиёсий асосда баҳоланиб, эвфемик бирликларнинг юзага келиши, семантик қайта талқин қилиниши, эскириши ва янги номинациялар билан алмашинуви тарихий-ижтимоий, сиёсий, диний ҳамда миллий-маданий ўзгаришлар билан узвий боғлиқлиги очиб берилган;
инглиз ва ўзбек тилларида эвфемик бирликларнинг морфологик, синтактик ва семантик шаклланиш моделлари қиёсий жиҳатдан тизимлаштирилиб, уларнинг реализациясида қиёсланаётган тилларнинг структур-типологик хусусиятлари намоён бўлиши, эвфемик маънонинг шаклланишида эса аффиксация, бирикмали ва перифрастик конструкциялар, метафора, метонимия ҳамда бошқа билвосита номинация воситаларининг функсионал имкониятлари аниқланган;
эвфемизмларни инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилишда юзага келадиган лексик-семантик, коннотатив, стилистик ва лингвомаданий номувофиқликлар тизимлаштирилиб, таржима адекватлигини таъминлашда шаклий мосликдан кўра эвфемик бирликнинг коммуникатив-прагматик функцияси ва эвфемик таъсирини қайта яратиш устуворлиги асосланган ҳамда эквивалент таржима, модуляция, транспозиция, адаптация ва изоҳлаш усулларининг қўлланиш шартлари белгиланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Инглиз ва ўзбек тилларида эвфемизмларнинг структур-семантик хусусиятлари ва таржима муаммоларига бағишланган тадқиқот жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
инглиз ва ўзбек тилларидаги эвфемизмлар чоғиштирма аспектда структур-семантик ва лингвомаданий жиҳатдан тизимлаштирилиб, уларнинг шаклланишида морфологик, синтактик ва семантик воситалар билан бир қаторда перифразал ва фразеологик конструкцияларнинг эвфемик мазмунни билвосита ифодалашдаги функсионал хусусиятлари аниқланган илмий хулосалардан муаллиф томонидан тайёрланган “American Literature” номли ўқув қўлланмани яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024-йил 7-майдаги 149-649-сон гувоҳномаси). Натижада, ўқув қўлланманинг назарий мазмуни эвфемизмларнинг структур-семантик ва лингвомаданий хусусиятларига оид илмий маълумотлар билан бойитилиб, бадиий матнларни ўрганиш жараёнида эвфемик бирликларнинг қиёсий таҳлилига оид методик имкониятлар кенгайтирилган;
эвфемизм, табу ва перифраза ҳодисаларининг ўзаро муносабати аниқлаштирилиб, перифразанинг ҳар қандай ҳолатда ҳам эвфемизм ҳисобланмаслиги, балки муайян коммуникатив ва контекстуал шароитларда ижтимоий ёки коммуникатив жиҳатдан ноқулай мазмунни юмшатиш функциясини бажариши асосланган илмий хулосалардан 2020–2023-йилларда бажарилган АМ-F3-201908172 рақамли “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 8-ноябрдаги 04/1-5394-сон маълумотномаси). Натижада, лойиҳа доирасида шакллантирилган ўқув-услубий материалларнинг эвфемизм, табу ва билвосита номинация ҳодисаларининг ўзаро муносабатини ёритувчи назарий маълумотлар билан бойитилишига эришилган;
инглиз ва ўзбек тилларидаги эвфемик бирликларнинг семантик ва прагматик хусусиятлари қиёсий таҳлил қилиниб, метафора, метонимия, синекдоха, билвосита номинация ҳамда перифразал ифодаларнинг эвфемик маъно шаклланишидаги роли ва уларнинг миллий-маданий ҳамда коммуникатив омиллар билан боғлиқлиги асосланган илмий натижалардан муаллиф томонидан тайёрланган “American Literature” номли ўқув қўлланмани яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024-йил 7-майдаги 149-649-сон гувоҳномаси). Натижада, ўқув қўлланманинг тегишли мавзулари эвфемик бирликларнинг семантик-прагматик ва лингвомаданий хусусиятларига оид илмий маълумотлар билан тўлдирилиб, Америка адабиёти намуналарини ўрганишда эвфемик ифодаларнинг мазмуни ва коммуникатив функциясини қиёсий таҳлил қилиш имкониятлари кенгайтирилган;
инглиз ва ўзбек тилларидаги эвфемик бирликларни таржима қилиш жараёнида уларнинг денотатив мазмуни билан бир қаторда коннотатив, прагматик, стилистик ва лингвомаданий хусусиятларини сақлаш муаммолари аниқланиб, перифразал ва бошқа билвосита номинатив воситаларнинг таржимада функсионал жиҳатдан қайта яратилиш имкониятлари чоғиштирма таҳлил асосида асосланган илмий натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон-24” ижодий бирлашмаси “Ўзбекистон” телерадиоканали томонидан тайёрланган “Таълим ва тараққиёт”, “Адабий жараён”, “Жаҳон адабиёти” радиоешиттиришлари ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2025-йил 23-октабрдаги 05-09-1668-сон маълумотномаси). Натижада, радиоешиттиришлар ссенарийларини тайёрлашда инглиз ва ўзбек тилларидаги эвфемик бирликларнинг мазмуний, услубий, прагматик ва лингвомаданий хусусиятларини ҳисобга олиш ҳамда уларни коммуникатив жиҳатдан мувофиқ тарзда ифодалаш имкониятлари кенгайтирилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish