Юнусова Навбахор Ахмаджоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақидаги эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Табиий резистентлик ҳужайралари дифференсиацияси ва функсионал фаоллигининг ўзига хос хусусиятлари», 03.00.08 – Одам ва ҳайвонлар физиологияси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.1.PhD/B702.
Илмий раҳбар: Душанова Гавҳар Абдукаримовна, биология фанлари номзоди, дотсент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, PhD.03/2025.27.12.B.04.10.
Расмий оппонентлар: Шахмурова Гулнара Абдуллаевна, биология фанлари доктори, профессор; Рахматуллаев Ёрқин Шокирович, биология фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади. Самарқанд вилояти аҳолисида организмнинг носпетсифик ҳимоя тизими кўрсаткичларини комплекс баҳолаш ҳамда кўрсаткичларнинг липидларнинг перикисли оксидланиши жараёнлари интенсивлиги ва антиоксидант ҳимоя тизимининг ферментатив компонентлари фаоллиги билан ўзаро боғлиқлигини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Самарқанд шаҳри ва Тойлоқ тумани аҳолисида туғма иммунитет кўрсаткичлари комплекс равишда қиёсий ўрганилган ҳамда ёш, жинс ва экологик омилларнинг организм ҳимоя тизимига таъсири баҳоланган. Тойлоқ тумани аҳолисида нейтрофилларнинг функсионал фаоллиги, хусусан, фаготситар фаоллиги Самарқанд шаҳри аҳолисига нисбатан юқорироқ эканлиги аниқланиб, яшаш муҳити ва турмуш тарзи хусусиятлари билан боғлиқлиги илмий жиҳатдан асосланган;
аҳоли туғма иммунитетининг функсионал барқарорлиги лейкотситларнинг яллиғланиш ўчоғига миграция қилиш қобилиятини баҳолаш орқали комплекс таҳлил қилинган. Шунингдек, Энсембл платформаси ва бошқа халқаро молекуляр-генетик маълумотлар базалари асосида иммун ҳужайралари юзасидаги CD-антигенлар тизимли равишда таҳлил қилиниб, уларнинг умумий ва ихтисослашган маркерлари ҳамда иммун жавобни шакллантиришдаги биологик аҳамияти тавсифланган;
илк бор Самарқанд вилояти аҳолисида оксидатив стресс ва иммун тизими кўрсаткичлари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик аниқланган. Липидларнинг перикисли оксидланиши ва антиоксидант ҳимоя тизими кўрсаткичлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар баҳоланиб, малондиалдегид миқдорининг ортиши лейкотситларнинг миграцион фаоллигининг пасайиши билан боғлиқлиги, антиоксидант ферментлар фаоллиги организмнинг мослашув имкониятларини акс эттириши илмий жиҳатдан асосланган;
оксидатив стресс ва антиоксидант ҳимоя тизимидаги кичик ўзгаришлар иммун тизимининг функсионал ҳолатини баҳоловчи сезгир биомаркерлар эканлиги исботланган. Мазкур кўрсаткичлардан яширин иммун танқислиги ҳолатларини эрта аниқлаш ҳамда экологик омилларнинг организмга салбий таъсирини баҳолашда қўшимча диагностик мезон сифатида фойдаланиш имконияти илмий жиҳатдан асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри ва Тойлоқ тумани аҳолисида туғма иммунитет резистентлиги кўрсаткичларини аниқлаш ҳамда уларнинг функсионал фаоллигини баҳолашга оид услубий тавсиянома Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани аҳолиси орасида лаборатория-ташхис амалиётида туғма иммунитет кўрсаткичларини баҳолаш учун ҳудудий меъёрий мезон сифатида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024-йил 9-июлдаги 02-28/15095-сон маълумотномаси). Натижада, Тойлоқ тумани аҳолисига хос туғма иммунитет резистентлиги кўрсаткичларининг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, ҳудудий меъёрий кўрсаткичларни шакллантириш ҳамда тегишли профилактик ва қарши кураш тадбирларини илмий асосда ташкил имконини берган;
энтрез bioinformasion маълумотлар базаси метатаҳлили асосида лейкотситлар қаторидаги кластерли ҳужайралар дифференсиацияси монотситлар, эозинофиллар, базофиллар, нейтрофиллар дифференсиацияси ва функсионал фаоллигини белгиловчи оқсиллар таҳлили Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмасида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024-йил 9-июлдаги 02-28/15095-сон маълумотномаси). Натижада, ўрганилган ҳудудлар учун табиий иммунитет кўрсаткичларининг норматив кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва амалиётида тавсия этиш имконини берган.