Мамадов Баходир Алишеровичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар: Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи): «Cиликатли ва углеродли тўлдирувчилардан фойдаланган ҳолда самарали товуш изоляцияловчи композицион полимер материаллар ва конструкцияларни ишлаб чиқиш», 02.00.07 – Композицион, лок-бўёқ ва резина материаллари кимёси ва технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: В2026.2.PhD/Т6636.
Илмий раҳбар: Абед Нодира Соибжановна, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДМ.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДМ, DSc.03/2025.27.12.Т.02.06.
Расмий оппонентлар: Ўлмасов Тўлқин Усманович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Халимжонов Тохиржон Салимович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Тошкент кимё-технология институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: силикатли ва углеродли тўлдирувчилардан фойдаланган ҳолда самарали товуш изоляцияловчи композицион полимер материаллар ва конструкцияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ишлаб чиқариш шароитида шовқин экологияси ва инсон акустик хавфсизлиги талабларини таъминлаш имконини берувчи кенг диапазонли акустик нурланишни камайтириш учун атроф-муҳит шовқинларининг частота таркибини ҳисобга олган ҳолда толали-ғовакли материалнинг батафсил структуравий параметрларини аниқлаш имконини берувчи мураккаб микроструктуравий моделлар ишлаб чиқилган;
эпоксид ва полиэфир композицияси таркибига бошқа тўлдирувчилар қаторида, диаметри бирдан-бир неча ўнлаб нанометргача ўзгариб турадиган, яъни инсон толаси диаметридан тахминан 3500 марта кичик бўлган, полисферик учли юпқа цилиндрсимон тузилмалар бўлган углеродли нанонайча тўлдирувчисини киритиш, композицияларнинг товуш изоляцияси хусусиятларини ошириши аниқланган;
товушни акс эттириш ва унинг ўтишига тўсқинлик қилувчи ҳамда етарлича юқори зичликка, қаттиқлик ва мустаҳкамликка эга бўлиб, коррозияга ҳам чидамли композицион полимер материалларнинг товуш изоляцияси қобилиятининг асосий механизмлари аниқланган;
таркибида асосий ҳажм сифатида силикат ва углерод типидаги нанозаррачалар билан модификацияланган эпоксид (полиэфир) смолалари бўлган шовқинни пасайтирувчи структурали товуш изоляцияловчи композициялар синтез қилинди ва унинг модель рецептураси таркиби таклиф этилиб, унинг асосида физик-механик ва акустик кўрсаткичлари компонентларнинг тури, миқдори ва нисбатига боғлиқ ҳолда ифодалаш қонуниятлари аниқланган ҳолда юқори физик-механик хусусиятларга ва ҳарорат-намлик таъсирига юқори чидамли бўлган композицион товуш изоляцияловчи материаллар ва панеллар қалинлигига қараб -7 дан 24 дБ гача шовқинни изоляция қилиши аниқланган;
очиқ ғовакли тузилишга эга бўлган табиий ва синтетик тўлдирувчиларни ўз ичига олган органо-ноорганик компонентлар асосида товуш изоляцияловчи термоқолипланган композицион материалларни олишнинг инновацион технологияси ва уларни олиш учун технологик линия ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Силикатли ва углеродли тўлдирувчилар билан тўлдирилган самарали товуш изоляцияловчи композицион полимер материаллар ва конструкцияларни ишлаб чиқиш бўйича олинган натижалар асосида:
маҳаллий хом ашёлар ва саноат чиқиндилари асосидаги товуш изоляцияловчи композицион полимер материаллар ва улар асосидаги панелларни олишнинг ишлаб чиқилган технологияси Тўрақўрғон пахта тозалаш корхонасига қарашли «Наманган Тўқимачи Кластер» МЧЖнинг тозалаш, жилвирлаш ва линтерлаш цехларида амалиётга жорий этилган (“O`ZTO`QIMACHILIKSANOAT” уюшмасининг 2026 йил 19 июндаги 01/06-878-сонли маълумотномаси). Натижада, шовқин даражасини 7 дБ дан 24 дБ гача камайтирувчи силикатли ва углеродли тўлдирувчилар билан тўлдирилган товуш изоляцияловчи композицион полимер материаллар ва конструкцияларни олиш имконини берган;
композицион полимер материалларнинг самарали таркиблари асосида ишлаб чиқилган товуш изоляцияловчи композицион панеллар ва конструкциялар Тўрақўрғон пахта тозалаш корхонасига қарашли «Наманган Тўқимачи Кластер» МЧЖда амалиётга жорий этилган (“O`ZTO`QIMACHILIKSANOAT” уюшмасининг 2026 йил 19 июндаги 01/06-878-сонли маълумотномаси). Натижада, композиция таннархини 20-40% га арзонлаштириш, энергия сарфини камайтириб, конструкцияни мустаҳкамлигини ошириш ва маҳсулот массасини камайтириш ҳамда хизмат муддатини ошириш орқали нафақат иқтисодий, балки экологик самарадорликни ҳам яхшилаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish