Абдухалилов Шаҳбоз Зафар ўғлининг

фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Тенг улушли акциялар шароитида корпоратив тангликдан чиқишнинг ҳуқуқий механизмларини қўллаш”, 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.3.PhD/Yu2026.
Илмий раҳбар: Имомов Нурилло Файзуллаевич, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/2025.27.12.Yu.01.03.
Расмий оппонентлар: юридик фанлар доктори, профессор Мусаев Бекзод Турсунбоевич, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, Саидов Мақсуд Норбоевич.
Етакчи ташкилот: Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Тенг улушли акциялар шароитида корпоратив тангликдан чиқишнинг ҳуқуқий механизмларини қўллаш билан боғлиқ илмий-назарий ва амалий муаммоларни аниқлаш ҳамда мазкур муаммоларни ҳал этишга қаратилган илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
 корпоратив шартномада хўжалик жамиятининг иштирокчилари ўз аъзолик ҳуқуқларини амалга ошириш ёки уларни амалга оширишдан ўзини тийиш (воз кечиш) мажбуриятини олиши зарурлиги асослантирилган;
корпоратив шартнома тарафлари зиммасига жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида овоз бериш, жамиятни бошқариш бўйича ҳаракатларни келишиб амалга ошириш ўз устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини (акцияларини) маълум нархда ёки муайян ҳолатлар юзага келганда қўлга киритиш ёки бошқа шахсга бериш мажбурияти юклатилиши асослантирилган;
корпоратив шартномага жамият иштирокчилари жамият органларининг кўрсатмаларига мувофиқ овоз бериши тўғрисидаги ва жамият органларининг тузилишини ҳамда уларнинг ваколатларини белгилаш ҳақидаги шартлар киритилиши мумкин эмаслиги асослантирилган;
корпоратив шартнома тузилганлиги тўғрисида шартнома тузилган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай ёзма шаклда хабардор қилиши шарт, бунда унинг мазмунини ошкор этиш талаб қилинмаслиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Тенг улушли акциялар шароитида корпоратив тангликдан чиқишнинг ҳуқуқий механизмларини қўллаш” бўйича қонунчиликни такомиллаштириш бўйича олинган тадқиқот натижалари асосида қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди:
корпоратив шартнома тушунчасини қонунчиликда белгилаш, бунда хўжалик жамияти иштирокчилари ёки айрим иштирокчилари ўз аъзолик ҳуқуқларини амалга ошириш тўғрисида ўзаро корпоратив шартнома тузишга ҳақли бўлиши, ушбу шартномага мувофиқ жамият иштирокчилари ўз аъзолик ҳуқуқларини амалга ошириш ёки уларни амалга оширишдан ўзини тийиш, шу жумладан жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида овоз бериш, жамиятни бошқариш бўйича ҳаракатларни келишиб амалга ошириш, ўз устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини (акцияларини) маълум нархда ёки муайян ҳолатлар юзага келганда қўлга киритиш ёки бошқа шахсга бериш ёхуд уларни қўлга киритишдан ёки бошқа шахсга беришдан ўзини тийиш мажбуриятини олиши кераклиги ҳақидаги таклиф “Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1025-сон Қонунининг 7-моддаси 25-бандини, яъни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 385¹-моддасини шакллантиришда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси ҳузуридаги парламент тадқиқотлари институти 2025-йил 23-декабр №3/dn-265-сон далолатнома). Мазкур таклиф корпоратив шартноманинг мустақил фуқаролик-ҳуқуқий восита сифатидаги ҳуқуқий мақомини белгилаш, хўжалик жамияти иштирокчиларига ўз корпоратив ҳуқуқларини амалга ошириш тартибини олдиндан келишиб олиш имконини яратиш, овоз бериш ва жамиятни бошқаришга оид ҳаракатларни мувофиқлаштириш, шунингдек, улушлар ёки акцияларни тасарруф этишга доир муносабатларда ҳуқуқий аниқликни таъминлашга хизмат қилади;
жамият улушини (улушининг бир қисмини) сотиш ва жамият улушини (улушининг бир қисмини) сотишдан бошқача тарзда учинчи шахслар фойдасига воз кечиш нотариал шаклда амалга оширилганда – бу ҳақда тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилган кундан бошлаб жамият иштирокчилари таркибига киритиш ёки таркибидан чиқариш амалда тегишли ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) ҳамда ҳодиса содир этилган пайтдан бошлаб юзага келган деб ҳисоблаш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Корпоратив муносабатларни тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2025-йил 5-сентабрдаги ПҚ-268-сон қарорини ишлаб чиқишда инобатга олинди (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 25/9-11541/8-сон далолатномаси 2026-йил 26-июн); Мазкур таклиф хўжалик жамиятлари устав капиталидаги улушларга доир маълумотларнинг шаффофлиги ва долзарблигини таъминлаш, иштирокчиларга ўз корпоратив ҳуқуқлари ҳамда жамиятнинг мулкий тузилмаси тўғрисидаги маълумотларни тезкор равишда олиш имконини яратишга хизмат қилади;
юридик шахс таъсисчилари (иштирокчилари) таъсисчи сифатида иштирок этаётган корхоналар рўйхати, улардаги улушлар миқдори (фоизи), шунингдек, ушбу юридик шахс устав фондида (устав капиталида) иштирок этаётган бошқа таъсисчиларнинг (иштирокчиларнинг) улушлари миқдорлари (фоизи), мазкур улушларнинг шаклланган ёки шаклланмаганлиги тўғрисидаги маълумотларни доимий тарзда онлайн юритиш тизими жорий этиш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Корпоратив муносабатларни тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2025-йил 5-сентабрдаги ПҚ-268-сон қарорини ишлаб чиқишда инобатга олинди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 25/9-11541/8-сон далолатномаси 2026-йил 26-июн). Мазкур механизм улушлар таркиби ва миқдорига доир яширин ёки нотўғри маълумотлар сабабли келиб чиқиши мумкин бўлган корпоратив низоларни камайтириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, тенг улушли иштирокчилар ўртасидаги муносабатларда ҳуқуқий аниқликни таъминлаш ҳамда корпоратив бошқарувнинг шаффофлиги ва барқарорлигини оширишга хизмат қилади;
юридик шахс таъсисчилари (иштирокчилари) учун ўзларига тегишли улушни бегоналаштиришга тақиқ қўйиш имконияти ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Корпоратив муносабатларни тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2025-йил 5-сентабрдаги ПҚ-268-сон қарорини ишлаб чиқишда инобатга олинди. (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 25/9-11541/8-сон далолатномаси 2026-йил 26-июн). Мазкур таклиф улушни унинг эгаси томонидан бевосита назорат қилинишини кучайтириш, жамият иштирокчилари таркибининг асоссиз ўзгаришига йўл қўймаслик ҳамда корпоратив низолар ва тенг улушли иштирокчилар ўртасида корпоратив танглик юзага келиши хавфини камайтиришга хизмат қилади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish