Sayt test rejimida ishlamoqda

Ҳамдамов Жонибек Жумаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Яримўтказгичли табиий толаларнинг электрофизикавий ва оптик хусусиятларига ташқи омиллар таъсири», 01.04.10–Яримўтказгичлар физикаси (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/FM40.
Илмий раҳбар: Мамадалимов Абдугафур Тишабаевич, физика-математика фанлари доктори, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти, PhD.30.08.2018.FM/T.01.12.
Расмий оппонентлар: Зайнабидинов Сиражидин Зайнабидинович, физика-математика фанлари доктори, академик;  Онаркулов Каримберди Эгамбердиевич, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қарақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: пахта толаларининг электрофизик, фотоэлектрик ва оптик хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор АТМ-1 ва 108-Ф пахта толалари навларининг электр ўтказувчанлигининг ҳароратга боғлиқлиги бўйича яримўтказгич хусусиятлари мавжудлиги аниқланган;
активланиш энергияси 25–1000С ҳарорат оралиғида АТМ-1 навининг соф пахта толаси учун Et1=0,68 эВ ва йод билан легирланган намуналар учун Et2=1,03 эВ эканлиги аниқланган;
АТМ-1 навли соф пахта навининг фотоўтказувчанлик спектрларида “киришма” соҳасининг ёритилишида Ес-0,78эВ ионланиш энергияси билан икки чуқур сатҳлар намоён бўлиши, ультрабинафша ёруғлик нури билан ўзгармас “хусусий” ёритилганда 0,8<hν<3,0 эВ соҳада, фотоўтказувчанликнинг инфрақизил сўниши кузатилган;
соф пахта толаси учун ультрабинафша нурланиш билан қўзғатилганда кўк фотолюминесценция намоён бўлганлиги ҳамда кимёвий ишлов натижасида фотолюминесценцияси жадаллиги дастлабки материалга нисбатан тахминан икки тартибга кўпайиши аниқланган;
МЕН-PPV полимерли пахта толаси фотосезувчанлигига эга бўлган композит материал асосида фотодиодлар сифатида ишловчи гетероўтишлар яратилиши мумкинлиги асосланган;
пахта толалари асосида ўта сезгир намлик датчиклари ва улар асосида намлик электрон ўлчагич асбоби ишлаб чиқилган ва яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Пахта толаларининг электрофизик, фотоэлектрик ва оптик хусусиятларини аниқлаш асосида:
пахта толаси асосида яратилган юқори сезгир электрон намлик ўлчагичи «FOTON» акционерлик жамиятининг ишлаб чиқариш майдончаларида ҳамда омбор хоналарининг намлигини ўлчаш учун ишлатилган («Ўзэлтехсаноат»  акциядорлик компаниясининг 2019 йил  7 августдаги  04-4/1086-cон маълумотномаси). Электрон намликни ўлчаш қурилмасидан фойдаланиш тайёр маҳсулот омборида ҳарорат ва намликни доимий ушлаб туриш имконини берган бу эса ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг сифатини назорат қилишгахизмат қилган;
поляризация оптик усулда пахта толасининг тузилиши ва физик ҳолатига иссиқ сувнинг таъсирини аниқлаш, пахта целлюлозаси эритмасининг полиэлектролит хоссалари ва доимий электр токи майдонидаги хусусиятларини тадқиқ қилиш принциплари ва методик ёндашиш параметрлари А-4-13 рақамли «Электроспиннинг усулида фиброин, хитозан ва акрилонитрил сополимери асосида нанотолали нотўқима материаллар олиш технологиясини  ишлаб чиқиш»  (2015-2017) амалий лойиҳасида олинган натижаларни қиёсий баҳолаш ва таққослаш ҳамда илмий асосли хулосалар чиқаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 15 июлдаги 89-03-2775-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланиши электроспиннинг усулида фиброин, хитозан ва акрилонитрил сополимери асосида нанотолали нотўқима материаллар олиш технологиясини яхшилаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish