Турсунова Юлдуз Жабборовнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ноқулай иқлимли ҳудудларда гипертония касаллигини кучайтирувчи омиллар, асоратланиши ва уларнинг профилактикаси» 14.00.05 – Ички касалликлар (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1PhD/Tib3294.
Илмий раҳбар: Кенжаев Мажид Латипович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Урганч тиббиёт иститути, DSc.06/2025.27.12.Tib.20.01.
Расмий оппонентлар: Жаббаров Озимбай Отаханович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Тулабоева Гавхар Миракбаровна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ноқулай иқлимли ҳудудларда гипертония касаллигининг кечиши, асоратланишини кучайтирувчи омилларнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш, даволаш ва профилактика тадбирларини оптималлаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Бухоро вилоятининг иссиқ-қуруқ иқлимли Олот ва Пешку туманларида гипертония касаллигининг бирламчи аниқланиши ва инсульт билан асоратланиши Бухоро шаҳрига нисбатан барча фаслларда юқорилиги, вилоят миқёсида эса касалланиш ва асоратланишнинг қиш фаслида энг юқори бўлиши аниқланган;
гипертония касаллиги билан оғриган ноқулай иқлимда истиқомат қилувчи беморларда инструментал ва лаборатор кўрсаткичларда брахиоцефал артерияларнинг интима медиа комплекси нисбатан қалинлашиши, чап қоринча миокард массаси индексининг ошиши ва КФТ нинг пасайиши касаллик ривожланиши патогенезида муҳим аҳамиятга эга эканлиги исботланган.
гипертония касаллигининг кечишида метеорологик омилларнинг систолик артериал босим билан корреляцион боғлиқликлари (ҳаво ҳарорати билан кучли манфий боғлиқлик, ҳаво намлиги ўртасида кучли мусбат боғлиқлик, ҳаво ҳаракати ва ионизация билан кучсиз манфий боғлиқлик) илмий асосланган.
мерологик омиллар асосида ишлаб чиқилган даво ва профилактик тавсиялари қўлланилганда гипертония касаллигининг касаллик хуружлари сони ва асоратланиш кўрсаткичлари камайиши, ҳамда беморларинг ҳаёт сифати яхшиланиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Гипертония касаллигининг ноқулай иқлимли ҳудудларда кечишини ташхислаш, терапевтик ва метеорологик хусусиятларини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
биринчи илмий янгилик: гипертония касаллигининг ноқулай иқлимли ҳудудларда кечиши ва асоратланишига боғлиқлик белгиларининг клиник-метеорологик жиҳатлари, лаборатор-инструментал текширувларнинг натижалари ўзаро мос келиши аниқланганлиги асосида услубий тавсиянома ишлаб чиқилган. Ижтимоий самарадорлиги: мазкур услубий тавсиянома ноқулай иқлимли ҳудудларда гипертония касаллиги билан оғриган беморларда асоратланиш кўрсаткичларини камайтириш ва меҳнат қобилиятини сақлаб қолиш имконини берган. Иқтисодий самарадорлиги: комплекс даво-профилактика тадбирлари тавсия этилган гипертония касаллиги билан оғриган беморлар гуруҳида ёз ойларида касалликнинг оғир асоратлари – гипертоник криз 1,6 марта, бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши 1,6, юрак ишемик касаллиги зўриқиш стенокардияси 2,0, ностабил стенокардия 1,4 ва миокард инфаркти 2,1 марта камроқ кузатилганлиги ҳисобидан Бухоро вилоятида бир йилда госпитализация қилинган 4817 нафар гипертония касаллиги билан оғриган бемор кесимида 73 436 941,7 сўм маблағни иқтисод қилиш имконини беради;
иккинчи илмий янгилик: артериал гипертензия ривожланишига таъсир кўрсатувчи иқлим омиллари – ҳаво ҳарорати, ҳаво намлиги, ҳаво ҳаракати ва ҳаво ионизациясининг таъсир кўрсаткичлари ўрганилганлиги асосида тадқиқот натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали шошилинч кардиотерапия ва эрта реабилитация бўлимлари фаолиятига жорий этилган. Ижтимоий самарадорлиги: иқлим омиллари таъсирининг ҳисобга олиниши артериал гипертензия кўрсаткичларини пасайтириб, антигипертензив воситалар дозасини оширишга ва препаратларни алмаштиришга бўлган эҳтиёжни камайтирган. Иқтисодий самарадорлиги: антигипертензив воситалар дозасини оширишга ва препаратларни алмаштиришга бўлган эҳтиёж камайиши ҳисобидан ёз ойларида Бухоро вилоятидаги гипертония касаллиги билан оғриган аҳоли кесимида 128 514 648,0 сўм маблағни тежаб қолишга эришилган;
учинчи илмий янгилик: иссиқ иқлим омилларининг гипертония касаллиги кечиши ва асоратланишидаги аҳамиятли жиҳатлари ўрганилиб, индивидуал комплекс профилактика тадбирлари оптималлаштирилган. Ижтимоий самарадорлиги: тавсия этилган комплекс профилактика тадбирлари алгоритмини татбиқ этиш натижасида артериал гипертензия даражасини, гипотензив воситаларга резистентлик ва асоратланиш даражасини ҳамда стационар даволаниш кунларини камайтириш имконини берган. Иқтисодий самарадорлиги: иссиқ иқлим шароитида қўлланилган комплекс даво-профилактика тадбирлари натижасида стационар даволаниш кунлари 1,4 кунга қисқартирилди. Бу кўрсаткич Бухоро вилоятида бир йилда госпитализация қилинган 4817 нафар гипертония касаллиги билан оғриган бемор кесимида ёз ойларида 165 233 118,9 сўм маблағни иқтисод қилишга олиб келган;
тўртинчи илмий янгилик: ноқулай метеорологик шароитлар фонида кечувчи гипертония касаллиги билан оғриган беморлар учун профилактик тартиб ва дастур ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган ва унинг самарадорлик кўрсаткичлари аниқланган. Ижтимоий самарадорлиги: тадқиқот натижаларини амалиётга қўллаш, беморларни эрта ташхислаш, даволаш ва профилактика тактикаси алгоритмини татбиқ этиш касаллик асоратларини камайтириш ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имконини берган. Иқтисодий самарадорлиги: иссиқ иқлим шароитида қўлланилган комплекс даво-профилактика тадбирлари натижасида ёз ойларида касаллик асоратланишининг камайиши ҳисобидан 73 436 941,7 сўм, стационар даволаниш кунларининг қисқариши ҳисобидан 165 233 118,9 сўм ва антигипертензив воситалар дозасини оширишга ва препаратларни алмаштиришга бўлган эҳтиёж камайиши ҳисобидан 128 514 648,0 сўм, жами 367 184 708,6 сўм маблағни иқтисод қилиш имкониятини яратган. Гипертония касаллигининг ноқулай иқлимли ҳудудларда кечиши, метеорологик кўрсаткичлар билан боғлиқ жиҳатларини баҳолаш ва олдини олишни мувофиқлаштириш тамойиллари асосида «Иссиқ иқлимли ҳудудларда гипертония касаллигини оғирлаштирувчи хавф омиллари ва уларнинг профилактика усули» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Бухоро давлат тиббиёт институти эксперт кенгаши, 2024 йил 30 ноябрдаги 24-m/096-сон баённомаси) ва чоп этилган. Услубий тавсиянома Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг 2024 йил 6 декабрдаги 66-сонли буйруғи ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалининг 2024 йил 6 декабрдаги 59-сонли буйруғи асосида амалиётга татбиқ этилган. Унинг натижасида касаллик кечиши барқарорлашган, беморларнинг касалхонада даволаниш муддатлари камайган ва уларнинг ҳаёт сифати ижобий томонга ўзгариши кузатилган. Илмий янгиликни бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларига жорий этиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашнинг 2025 йил 7 июлдаги 21/13-сон хулосаси олинган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish