Ишанова Музаффара Музаффаровнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “XX-XXI асрлардаги Қорақалпоғистон Республикаси музейлари: асосий тарихий босқичлари, муаммолари ва ривожланиш стратегиялари”, 17.00.06 – Музейшунослик. Тарихий-маданий обектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш (санъатшунослик).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.2.PhD/San230.
Илмий раҳбар: Акилова Камола Балтабаевна, ЎзБА академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон давлат санъат музейи ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD.13/2025.27.12.San.01.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Собиров Алишер Турсунович, тарих фанлари доктори, профессор; Арипджанов Отабек Юсупджанович, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ХХ ва XXI асрларда Қорақалпоғистон Республикасидаги музейларнинг эволюциясини ҳар томонлама очиб бериш, уларнинг ривожланишининг асосий тарихий босқичларини аниқлаш, фаолият масалаларини таҳлил қилиш ва минтақа музей соҳасини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини илмий асослашдан иборат.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ХХ–XXI асрларда Қорақалпоғистон музей иши тарихий эволюцияси комплекс музейшунослик парадигмалари асосида даврлаштирилиб, минтақадаги турли профилдаги тўққизта давлат музейининг институционал шаклланиш ва тизимли фаолият кўрсатиш қонуниятлари ҳамда ўзига хос моделлари аниқланган;
Минтақавий омилларнинг музей фонди структураси, экспозицион макон интерпретацияси, илмий-тадқиқот ва маданий-коммуникатив фаолият трансформациясига таъсири интерпретация қилиниб, давлат музейлари функсионал йўналишларининг компаратив (қиёсий) ва типологик тавсифлари илмий асосланган;
Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий маданий ва табиий меросини сақлаш, реставрация қилиш ҳамда локал оммалаштиришнинг етакчи тенденциялари очиб берилган ҳамда музей тизими ривожининг давлат маданий сиёсати ва стратегик дастурлари билан ўзаро детерминистик (сабаб-оқибатли) боғлиқлиги исботланган;
Қорақалпоғистон давлат музейлари фаолиятини модернизация қилиш, жумладан, инновацион экспозицион технологияларни жорий этиш, фондларни рақамлаштириш, атрибуция ва экспертиза ишларини интеграциялаш ҳамда музей маркетингини ривожлантириш орқали музей меросини халқаро миқёсда оммалаштиришнинг илмий-консептуал стратегияси (ёки прогнозли моделяцияси) ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “XX-XXI асрлардаги Қорақалпоғистон Республикаси музейлари: асосий тарихий босқичлари, муаммолари ва ривожланиш стратегиялари” мавзусидаги илмий тадқиқот ишидан олинган материаллардан:
ХХ–XXI асрларда Қорақалпоғистон музей ишининг тарихий эволюциясини комплекс таҳлил қилишга оид тадқиқот натижалари Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими кўргазмалар залида қорақалпоқ рассоми S.B. Байбосиновнинг “Позитив” номли шахсий кўргазмасини тайёрлаш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Бадиий академиясининг 2024-йил 22-июлдаги 01-17/469-929-сонли маълумотномаси). Натижада диссертациянинг “1960–1980-йилларда Қорақалпоғистон музейлари” бобидаги материаллар асосида Қорақалпоғистон музейларидаги асарларни саралаш, уларнинг илмий тавсифларини шакллантириш ва кўргазмага тайёрлаш ишлари амалга оширилган;
Қорақалпоғистон давлат музейларининг кўргазма ва маданий-коммуникатив фаолиятининг минтақавий хусусиятларини аниқлашга оид тадқиқот натижалари Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими кўргазмалар залида қорақалпоқ рассоми S.B. Байбосиновнинг “Позитив” номли шахсий кўргазмасини ташкил этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Бадиий академиясининг 2024-йид 22-июлдаги 01-17/469-929-сонли маълумотномаси). Натижада рассом ижодига оид асарлар сараланган, уларнинг бадиий тавсифлари, пресс-релиз ва аннотация матнлари тайёрланган, монтаж ва экспозиция тузилиши амалга оширилган ҳамда кўргазманинг фазовий-дизайн ечимларини такомиллаштиришга оид амалий натижаларга эришилган;
Қорақалпоғистон Республикасининг минтақавий маданий ва табиий меросини сақлаш, реставрация қилиш ҳамда локал оммалаштиришнинг етакчи тенденциялари очиб берилган ҳамда музейларнинг кўргазма ва маданий-маърифий фаолиятини такомиллаштиришга оид илмий-амалий ёндашувлар ишлаб чиқилган; мазкур тадқиқот натижалари Нукус ихтисослаштирилган маданият мактабининг кўргазмалар залида рассом M.B. Ишановнинг шахсий кўргазмасига тайёргарлик кўришда фойдаланилди (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2026-йил 3-июлдаги 08-03/1568-сонли маълумотномаси). Натижада, асарларнинг илмий тавсифлари тайёрланди, кураторлик консепсияси ишлаб чиқилди, экспонатларни йиғиш, кўргазма дизайнини яратиш ҳамда ахборот ва босма материалларни тайёрлаш ишлари амалга оширилди ва Қорақалпоғистоннинг моддий ва номоддий маданий меросини тарғиб қилиш самарадорлиги оширилди;
Қорақалпоғистон давлат музейлари фаолиятини модернизация қилиш, инновацион экспозицион ёндашувларни жорий этиш ҳамда музейларнинг кўргазма фаолиятини такомиллаштириш орқали музей меросини оммалаштиришнинг илмий-консептуал стратегияси ишлаб чиқилган; мазкур тадқиқот натижалари Нукус ихтисослаштирилган маданият мактабининг кўргазмалар залида рассом M.B. Ишановнинг шахсий кўргазмасини тайёрлашда фойдаланилди (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2026-йил 3-июлдаги 08-03/1568-сонли маълумотномаси). Натижада, яхлит ва илмий асосланган кўргазма дизайни яратилди, рассом ижодий эволюциясининг изчил тақдимоти таъминланди, ахборот ва босма материаллар такомиллаштирилди ҳамда Қорақалпоғистоннинг моддий ва номоддий маданий меросини тарғиб қилиш самарадорлиги оширилди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish