Sayt test rejimida ishlamoqda

Равшанова Нилуфар Адиловнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи) “Зарафшон водийси шароитида ловия ва мош етиштиришни амалий асослаш”, 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.PhD/Qx354.
Илмий раҳбар: Халилов Насриддин Халилович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд ветеринария медицинаси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, Dsc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Атабаева Ҳалима Назаровна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Сатторов Масъуджон Ахтамович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: оддий ловия (Phaseolus vulgaris) ва мош (Phaseolus aureus) навларидан таннархи паст, юқори ҳосилни шакллантирадиган мақбул экиш усуллари, услублари ва меъёрларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Зарафшон водийсининг Самарқанд вилояти тупроқ-иқлим шароитида Давлат реестрига киритилган мош ва оддий ловиянинг янги навларининг экиш усуллари ва меъёрлари, озиқланиш майдонлари ўзгаришига таъсирчанлиги асосида юқори дон ҳосили етиштиришни таъминлайдиган, нав агротехникаси такомиллаштирилган;
мошнинг янги навларидан юқори ва сифатли дон ҳосили олишни таъминлайдиган мақбул экиш усуллари ва меъёрлари ишлаб чиқилган;
ловиянинг янги навларининг ўсув даврида жадал ўсиши ва ривожланиши ҳамда юқори дон ҳосили олишни таъминлайдиган мақбул экиш усуллари ва меъёрлари ишлаб чиқилган.
мош ва ловия навларининг ўсиши, ривожланиши, фотосинтетик фаолияти, ҳосил структураси, ҳосилдорлиги қиёсий баҳоланган;
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Самарқанд вилояти Зарафшон водийси типик бўз ва ўтлоқли тупроқлари шароитида мош ва ловия экиш услублари ва меъёрлари олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
Самарқанд вилояти фермер хўжаликлари учун “Анғизга экиш учун яроқли ловия янги навлари ва уларнинг агротехникаси” ва “Анғизга экишга яроқли янги ловия навларининг уруғчилиги ва агротехникаси” бўйича тавсияномалар” тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 3 майдаги 02/021-12-сон маълумотномаси). Ушбу тавсияномалар Самарқанд вилоятининг кўп тармоқли фермер хўжаликларида юқори дон ҳосили олишда қўлланма сифатида хизмат қилган;
мошнинг “Победа-104” ва “Радость” навларини етиштиришнинг мақбул агротехнологиялари Самарқанд вилояти Оқдарё туманида жойлашган Самарқанд ветеринария медицинаси институти ўқув-тажриба майдонида, «Фариза Жасмина Кумушкент» фермер хўжалигида, «Оқдарё» илмий-ишлаб чиқариш фермер хўжалигида, Иштихон тумани «Д-Оқтепа» фермер хўжалигида, Жомбой тумани «Оқ олтин илғорлари» фермер хўжалигида жами 23 гектар майдонга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 3 майдаги 02/021-12-сон маълумотномаси). Натижада энг юқори дон ҳосилдорлиги гектаридан 17,1 центнер мошнинг “Победа-104” навидан 60х15 экиш усулида ва 110,7 минг дона кўчат қилинлигида ҳамда “Радость” навидан 18,4 центнер 60х12 экиш усулида ва 139 минг дона кўчат қилинлигида экилганда олишга эришилган;
оддий ловиянинг “Равот” ва “Маҳсулдор” навларини етиштиришнинг мақбул агротехнологиялари Оқдарё туманида жойлашган Самарқанд ветеринария медицинаси институти ўқув-тажриба майдонида, «Фариза Жасмина Кумушкент» фермер хўжалигида, «Оқдарё» илмий-ишлаб чиқариш фермер хўжалигида, Иштихон тумани «Д-Оқтепа»  фермер хўжалигида, Жомбой тумани «Оқ олтин илғорлари» фермер хўжалигида жами 44 гектар майдонга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 3 майдаги 02/021-12-сон маълумотномаси). Натижада энг юқори дон ҳосилдорлиги гектаридан 22,6 центнер оддий ловиянинг “Равот” навидан кўчат қилинлиги 185,1 минг дона ва экиш усули 60х9 бўлганда ва “Маҳсулдор” навидан эса 27,1 центнер кўчат қилинлиги 139 минг дона ва 60х12 экиш усули  қўлланилганда олиш имкони яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish