Матмусаев Икромжон Ибрагимжон ўғлининг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Суд ҳокимиятининг институционал таснифи: назария ва амалиёт”, 12.00.07 – Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ташкил этиш. Адвокатура.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B.2024.3.PhD/Yu1557
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Каландарова Маликахон Пирназаровна – юридик фанлар номзоди, дотсент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.27/2025.27.12.Yu.01.01.
Расмий оппонентлар: Давлятов Валишер Ҳакимжанович – юридик фанлар доктори, профессор; Жўраев Ихтиёр Бахтиярович – юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
Диссертация йўналиши: Назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: суд ҳокимиятининг институционал таснифи тушунчаси, аҳамияти ҳамда судлар фаолиятидаги муаммоларни назарий ва амалий жиҳатларини комплекс таҳлил этиш, ўрганилган манба ва тадқиқот материаллари асосида аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва хулосалар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
оилавий низолар бўйича ихтисослашган судлар ёки ихтисослашган судялар тизими суд қарорларининг сифатини ошириб, ишларнинг тез ва одилона кўрилишини таъминлаши сабабли, Олий суд, Судялар олий кенгаши ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан илғор хорижий тажриба асосида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судялар корпусини шакллантириш лозимлиги асослантирилган;
маъмурий суд ишларини юритишда халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ янги институт ва тартибларни жорий этиш мақсадида, шунингдек, бу борада янгича механизмлар яратиш зарурати мавжудлиги сабабли, даъвогарнинг ҳоҳишига ва унинг талаби билан маъмурий ишлар экстерриториал судловга тегишлилик механизми асосида тақсимланиши лозимлиги асослантирилган;
судянинг дахлсизлигини тўлиқ таъминлаш ва бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида, судяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақатгина унга нисбатан оғир ёки ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкинлиги, мазкур қоида судя сифатида ишлаган даврида шундай жиноят содир этганликда айбланаётган собиқ судяга нисбатан ҳам қўлланилиши лозимлиги асослантирилган;
иқтисодий судларда кўрилаётган ишларни экстериториал шаклда тақсимлаш амалиётига ўтиш яъни, судларга киритилган даъволарни мавжуд 14 та ҳудудий туманлараро иқтисодий суд ўртасида электрон дастур асосида тенг тақсимлашни йўлга қўйиш зарурияти борлиги сабабли иқтисодий судлар тузилмасини мақбуллаштириш яъни иқтисодий судларни мақбуллаштириш, хусусан, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш лозимлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Олий суд, Судялар олий кенгаши ҳамда Оила ва хотин-қизлар Қўмитасининг илғор хорижий тажриба асосида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судялар корпусини шакллантириш ҳақидаги таклифидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-401-сонли Қарорининг 9-бандини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2025-йил 31-июлдаги 02-68-25-сон далолатномаси). Ушбу таклиф оила институтини мустаҳкамлашга ва оилавий низоларни ҳал қилишда одилона ҳамда малакали ёндашувни таъминлашга хизмат қилади;
маъмурий суд иш юритувида ҳуқуқи бузилган фуқаро — аризачининг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этиш тўғрисидаги таклифидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 30- январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сон Қарорига 1-илова “Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш” Консепсияси 3-боби 8-бандини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 2025-йил 31-июлдаги 02-68-25-сон далолатномаси). Ушбу таклиф экстерриториал судлов механизми фуқаронинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга, судларнинг ҳолислигини таъминлашга ва коррупсия хавфини камайтиришга хизмат қилади. Бу тизим фуқарога ўз ишини маҳаллий босимлардан холи бўлган бошқа ҳудуд судида кўриб чиқиш имкониятини беради;
судяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан оғир ёки ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкин. Мазкур қоида судя сифатида ишлаган даврида шундай жиноят содир этганликда айбланаётган собиқ судяга нисбатан ҳам қўлланилиши лозимлиги ҳақидаги таклифидан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги 2024-йил 14- августдаги, ЎРҚ-943-сонли Ўзбекистон Республикасининг Қонуни асосида “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 64-моддаси саккизинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2025-йил 31-июлдаги 02-68-25-сон далолатномаси). Ушбу таклиф суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга хизмат қилади;
иқтисодий судлар тузилмасини мақбуллаштириш яъни иқтисодий судларни мақбуллаштириш орқали туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳақидаги таклифидан 2025-йил 21-августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонининг 6-бобини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2025-йил 9-сентабрдаги № ISH-821-сон далолатномаси). Ушбу таклиф одил судлов самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш каби муҳим ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади. Бу эса ҳуқуқий аниқлик ва фуқароларнинг адолатга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish