Sayt test rejimida ishlamoqda

Рустамов Атхам Ахматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Паразит энтомофаг Lysiphlebus fabarum (Aphidiidae) биоэкологияси, озиқа занжири, кўпайтириш ва қўллаш технологияси”, 06.01.09–Ўсимликларни ҳимоя қилиш (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Qх389.
Илмий раҳбар: Анорбаев Азимжон Раимқулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.
Расмий оппонентлар: Махмудходжаев Нажмиддин Мавлянходжаевич, биология фанлари доктори, профессор; Бўронов Юсуф Ҳудойназарович, қишлоқ ҳўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Зоология институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: агробиоценозда учрайдиган ўсимлик ширалари турлари, биоэкологияси, тарқалиш ареаллари, экин турлари бўйича фитофаглик хусусиятлари, ривожланишини аниқлаш, Lysiphlebus fabarum турининг систематик таҳлили ва молекуляр ДНК систематикасини аниқлаш, кўпайтириш технологиясини ишлаб чиқиш ва ўсимлик шираларига нисбатан биологик самарадорлигини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
агробиоценозда ўсимлик ширалари турларининг (Aphididae) биологик хусусиятлари, экин турлари бўйича популяцияларининг фарқланиши аниқланган;
ўсимлик шираларининг турлари учун самарали паразит энтомофаг турларининг тур таркиби систематик жиҳатдан аниқланган;
Lysiphlebus fabarum турининг систематик ҳамда ДНКси ва уларнинг идентификацияси аниқланган;
Lysiphlebus авлоди молекуляр систематик жиҳатдан Lysiphlebus fabarum, Lysiphlebus confusus ва  Lysiphlebus cardui турларига ажратилган;
биолабораторияларда кўпайтирилган Lysiphlebus fabarum турини афидикарта ва дрон орқали тарқатиш мосламаси яратилган;
ўсимлик шираларига қарши Lysiphlebus fabarum паразит турларининг муддат ва меъёрлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Lysiphlebus fabarum (Aphidiidae) биоэкологияси, озиқа занжири, кўпайтириш ва қўллаш технологияси бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
 Lysiphlebus fabarum паразит энтомофаг турини ғўза ширасига қарши 1:10 нисбатда  қўллаш технологияси Тошкент вилояти Бўка, Оққўрғон, Қуйичирчиқ туманлари ва Сирдарё вилояти Оқолтин тумани фермер хўжаликларида жами 207 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 25 апрелдаги 02/023-261-сон маълумотномаси). Натижада 76–80 фоизгача биологик самарадорликка эришилган ва бир гектар майдондан ўртача 3,5–4,2 центнер ғўза ҳосилини сақлаб қолиш имкони яратилган;
сабзавотлардан помидор, карам, шолғом ва қалампир экинларидаги шираларга қарши Lysiphlebus fabarum энтомофаги 1:10 ва 1:15 нисбатларда қўллаш технологияси Қибрай тумани «Зафаробод» ва «Салар Агро Макс» фермер хўжаликларида жами 40 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 25 апрелдаги 02/023-261-сон маълумотномаси). Натижада бир гектар майдондан ўртача 6,8–8,0 центнергача ҳосил сақлаб қолинган ва ўсимликларни биологик ҳимоя қилишга сарфланган ҳар 1 сўмнинг қопланиши 4,0–5,1 сўмни ташкил этган;
сабзавот ва ғўза агробиоценозида учрайдиган ўсимлик шираларига қарши Lysiphlebus fabarum паразит энтомофаг турини кўпайтириш ва қўллашнинг янги технологиялари жорий этилган (Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини илмий марказининг 2019 йил 10 апрелдаги 464-78-сон маълумотномаси). Натижада биомаҳсулотларни қўллаш сарф-харажатларини 2–3 маротабагача тежаш имкони яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish