Пахратдинов Ажинияз Қуралбаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақидаги эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “ Қорақалпоқларда сунъий қариндошлик”, 07.00.07 – Этнография, этнология ва антропология.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.1.PhD/Tar1857.
Илмий раҳбарининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Давлетияров Мадатбай Махсетбаевич, тарих фанлари доктори (PhD), катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти.
Илмий Кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, илмий кенгаш рақами: Қорақалпоқ давлат университети, DSc.03/2025.27.12.Tar.04.04.
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси, унвони:
Баллиева Руза, тарих фанлари доктори, профессор.
Акимниязова Гулназ Абдинайимовна, тарих фанлари номзоди (PhD).
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
Етакши ташкилот: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади қорақалпоқлардаги сунъий қариндошликнинг шаклланишини, унинг турларини ва аҳамиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
қорақалпоқларда киндик шеше институтининг трансформацияси натижасида унинг туғруқ жараёни билан боғлиқ мажбурий маросимлар мажмуасини бажаришга асосланган архаик анъанавий роли амалда йўқолгани аниқланди. Туғруқларнинг тиббиёт муассасаларида амалга оширилиши натижасида киндик шешенинг анъанавий функциялари тиббиёт ходимларига ўтган бўлиб, замонавий амалиётда туғруқни қабул қилган доя ёки шифокор рамзий равишда киндик шеше сифатида эътироф этилиши аниқланди;
«Киндик шеше» ва «мурıндıқ эне» институтларининг замонавий трансформацияси қиёсий таҳлил қилиниб, киндик шешенинг анъанавий функциялари деярли йўқолган бир шароитда, мурıндıқ ата-эне институтининг функсионал барқарорлиги сақланиб қолаётгани аниқланган. Хусусан, унинг фаолияти тўй маросимлари доирасида мужассамлашиб, маросимий-бошқарувчилик функциялари, жумладан, «май сóк» удум таомини тайёрлаш ва тарқатишдаги иштироки замонавий шароитда ҳам давом этаётгани асосланган;
Қорақалпоғистоннинг жанубий ҳудудларида кечаётган фаол миллатлараро этномаданий таъсир натижасида маҳаллий ўзбекларнинг оилавий маросимлари тизимида “бурундуқ ота-она” институти шакллангани аниқланди. Қорақалпоқларда тарихан қарор топган мазкур институтдан фарқли равишда, ўзбеклар орасида унинг сўнгги ўн йилликларда қорақалпоқ маросим анъаналарининг таъсири остида ўзлаштирилгани ва маҳаллий маросимлар тизимига кириб боргани асосланди;
қорақалпоқларда “сúт она” деб номланган сунъий қариндошлик шакли мавжуд бўлганлиги исботланган. Бунда бола билан қон-қариндош бўлмаган аёл уни эмизган. Натижада вужудга келган сут қариндошлиги одат ҳуқуқида мустаҳкамланиб, сут қариндошлари ўртасидаги никоҳни тақиқлаган ва оилалар ўртасида қариндошлик алоқаларини ўрнатган.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамяти: Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти шундан иборатки, унда сунъий қариндошлик ҳақидаги илмий қарашлар назарий жиҳатдан ривожлантирилган ва келажакда бу йўналишдаги изланишлар учун муҳим манба вазифасини бажаради, шунингдек, эришилган натижа ва хулосалар қорақалпоқларнинг тарихи ва этнографиясига оид монография, дарслик ва ўқув қўлланмаларини ёзишда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилиши билан белгиланади.
Тадқиқотнинг амалий аҳамияти ишнинг натижалари ва умумлаштирилган хулосаларидан олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида қариндошлик бўйича махсус курсларни ўқитишда фойдаланиш мумкинлиги билан белгиланади.
Тадқиқотнинг амалий натижалари: Диссертацияда қўлланилган усуллар илмий-услубий жиҳатдан асосланганлиги, назарий маълумотларнинг ишончли илмий манбалардан олинганлиги, келтирилган таҳлил ва чиқарилган хулосалар тавсиф, баён, компонент таҳлил усулларига асосланганлиги, берилган фикр ва тавсияларнинг амалиётда кенг қўлланилганлиги, олинган натижаларнинг тегишли муассасалар томонидан тасдиқланганлиги билан исботланди.
IV. Тадқиқот натижаларнинг жорий қилиниши: Қорақалпоқлардаги сунъий қариндошликни ўрганиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Сунъий қариндошлик институтининг хусусиятлари ва аҳамиятини аниқлаш натижалари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2025-йилда амалга оширилган “Қорақалпоқларнинг анъанавий оилавий маросимларининг трансформацияси ва уларнинг ҳозирги замон шароитига мослашуви” мавзусидаги лойиҳани амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2026-йил 15 майдаги 210/1-сонли маълумотномаси). Натижада, қорақалпоқлардаги сунъий қариндошликнинг этнографик асосда ёритилишига эришилган;
Киндик шеше билан боғлиқ анъаналарнинг ёшлар тарбиясидаги аҳамиятини ёритиш билан боғлиқ материаллар Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг “Жайҳун жаǵасıнда” (“Жайҳун бўйида”) телекўрсатуви ва Қайıрлı таń (“Хайрли тонг”), “Ruwxıйлıқ бостанı” (“Маънавият бўстони”), “Мерос” (“Мийрас”) радиоешиттиришлари орқали кенг жамоатчилик эътиборига тақдим этилган (Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг 2025-йил 30-декабрдаги 05-22/795-сонли маълумотномаси). Натижада, киндик шеше билан боғлиқ маълумотлар ва материалларнинг кенг жамоатчиликка таништирилиши орқали телекўрсатув ва радиоешиттиришларнинг маданий-маърифий аҳамияти ошишига эришилган.
Мурıндıқ ата-эненинг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти билан боғлиқ материаллар Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлимида (Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлимининг 2026-йил 2-мартдаги 01-13/27-сонли маълумотномаси) ва Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг 2026-йил 30-январдаги 04-02/135-сонли маълумотномаси) тарғибот-ташвиқот тадбирларида фойдаланилди. Натижада, мурıндıқ ата-эненинг ёшлар тарбиясида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилишига эришилган.