Рахматхўжаева Дилрабо Шухратхўжа қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертасияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертасия мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Эксплуатациядаги кўп квартирали уйларнинг зилзилабардошлик кўрсаткичларига нуқсонлар ва шикастланишларнинг таъсири”, 05.09.01 – “Қурилиш конструкциялари, бино ва иншоотлар”.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Хотамов Асадулла Тоштемирович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертасия бажарилган муассаса номи: Тошкент архитектура-қурилиш университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент архитектура-қурилиш университети, DSc.03/2026.09.01.T.02.M
Расмий оппонентлар: тэхника фанлари доктори, профессор Усманов Валиахмат Файзиллаевич, техника фанлари номзоди, профессор Юсупов Раҳимбой Рихсибоевич
Этакчи ташкилот номи: “ТошуйжойЛИТИ” АЖ.
Диссертасия йўналиши: Назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади эксплуатациядаги ККУнинг техник ҳолатини, мавжуд нуқсон ва шикастланишларнинг зилзилабардошлик кўрсаткичларига таъсирини тадқиқ этиш ҳамда олинган натижалар асосида сейсмик хавфсизликни оширишга қаратилган самарали кучайтириш вариантларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Диссертасия тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
-лойиҳалашда сейсмик норма талабларнинг ўзгариши билан ККУни авлодлари бўйича тарихий шаклланиши босқичларини ифодаловчи типологик хронологияси шакллантирилган;
-эксплуатациядаги серияли панел ва ғиштли ККУнинг юк кўтарувчи ва фазовий барқарорликни таъминловчи элементларини текшириш ва мавжуд нуқсон ҳамда шикастланишларни кучланиш-деформация ҳолатига таъсирини норматив ҳужжатлар талаблари асосида назарий ва экспериментал ҳисоблашнинг уч босқичли алгоритми ишлаб чиқилган;
-биноларнинг реал техник ҳолатини акс эттирувчи ҳисоблаш моделларини сонли экспериментлар ҳамда микродинамик усулда шакллантирилиб, нуқсон ва шикастланишларни зилзилабардошликка таъсири механизми назарий ва экспериментал жиҳатдан илмий асосланган;
-зилзила таъсирида биноларнинг ночизиқли ишлаш механизмини MATLAB дастурий муҳити ёрдамида гистерезис (петла) графиклар орқали таҳлил қилиш ва энергия ютиш қобилияти ҳамда деформацияланиш схемалари ишлаб чиқилган;
-нуқсон ва шикастланишларнинг қаватлараро силжишлар, ички кучлар ва пластификация зоналарига таъсири миқдорий баҳоланиб, биноларнинг сейсмик ҳолатини амалдаги меъёрий талаблар асосида баҳолаш мезонлари аниқланган;
-эксплуатациядаги ККУни сейсмик мустаҳкамлигини ошириш мақсадида янги конструктив эчим ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқилган типологик тасниф, уч босқичли баҳолаш методикаси ва ташқи металл рама билан кучайтириш ечимини лойиҳалаш, техник экспертиза ҳамда уй-жой фондини бошқариш билан шуғулланувчи тегишли ташкилотларда “Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти” (2026-йил, 3-июл 257-сонли), “Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш Республика маркази” ДМ (2026-йил, 3-июл 837/01-05-сонли), “ЎЗШАҲАРСОЗЛИК LITI” ДМ (2026-йил, 3-июл 1-06/919-сонли), “ТошуйжойЛИТИ” АЖ (2026-йил,6-июл БУ-01-480-сонли) қўллаш учун тавсия этилган далолатномалари олинган.
Шунингдек, жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2026-йил 17-июлдаги 34-06/9918-сонли маълумотномаси олинган.
Жорий этиш натижасида: Ўзбекистон ҳудудининг 78 %и 7 балл ва ундан юқори сейсмик хавф зонасида жойлашганлиги, республикадаги 46476 та ККУнинг муҳим қисми турли тарихий даврларда амал қилган сейсмик меъёрлар асосида қурилганлиги уларнинг зилзилабардошлик захирасини даврий ва илмий асосда қайта баҳолаш зарурлигини тасдиқлади.
KKU-joy фондининг шаклланиш босқичлари таҳлили асосида уларни 7 та шартли авлодга ажратувчи типологик хронология ишлаб чиқилди; бу тасниф сейсмик меъёрларнинг 1949-2019 йиллардаги изчил қаттийлашуви билан боғлиқ ҳолда биноларнинг дастлабки лойиҳавий захирасини баҳолаш имконини беради.
CA-01NP акселерометри ёрдамида ўтказилган микросейсмик ўлчовлар натижасида 4 қаватли ғиштли биноларнинг хусусий тебраниш частотаси 4,55-4,76 Гтс, 9 қаватли панелли биноларники эса 2,36-2,72 Гтс оралиғида эканлиги аниқланди; қаватлар сони ортиши билан тебраниш даври деярли икки баравар узайиши исботланди.
LIRA-SAPR фазовий модели асосида ўтказилган ҳисобларда барча тўртта бино учун энг ноқулай ҳолат эксплуатация давомидаги эскириш ва биринчи қаватнинг нотурар жойга айлантирилиши натижасида юзага келадиган “юмшоқ қават” ҳолати эканлиги тасдиқланди; 148-серияли бинода бу ҳолатда горизонтал кўчиш 61,3 %га, тебраниш даври эса 36,2 %га ортиши аниқланди.
Инструментал ўлчов (микросейсмик), чекли элементли ҳисоб (LIRA-SAPR) ва ночизиқли динамик таҳлил (MATLAB) натижаларининг ўзаро солиштирилиши уларнинг юқори мувофиқлигини кўрсатди, бу эса ишлаб чиқилган уч босқичли баҳолаш методикасининг ишончлилигини тасдиқлади.
Ишқаланишга асосланган боғловчи тугунли ташқи металл рама билан кучайтириш усули ишлаб чиқилди; унинг қўлланилиши натижасида тебраниш даври 10,9-37,5 %га, горизонтал кўчиш эса 13,1-60,6% га камайиши аниқланди, энг юқори самарадорлик (60,6%) 9 қаватли панелли биноларда кузатилди.
Таклиф этилган кучайтириш эчимининг техник-иқтисодий самарадорлигини баҳолаш натижасида унинг қиймати бинони бузиб қайта қуриш қийматининг атиги 7,2-8,4 %ини ташкил этиши, яъни 91,6-92,8 % иқтисодий тежам бериши аниқланди; бу кўрсаткич FEMA тавсия этган 20-30 %лик чегарадан бир неча баробар паст.