Sayt test rejimida ishlamoqda

Қурбонова Шахноза Эргашевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сурхон воҳаси шароитида қорамол гўшти етиштиришни жадаллаштириш», 06.02.03–Хусусий зоотехния. Чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияси (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Qx190.
Илмий раҳбар: Кахаров Абдусаттар, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд ветеринария медицинаси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти  ва Самарқанд ветеринария медицинаси институти, PhD.30.08.2018.Qх.75.01.
Расмий оппонентлар: Досмухамедова Мухайё Хуснитдиновна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент; Мадрахимов Шодлик Назарович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Чорвачилик ва парандачилик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: соф ҳолда урчитилаётган қора-ола ва швиц зотлари ҳамда қора-ола зотини голштин зоти билан чатиштириш натижасида олинган турли генотипли буқачаларни тоғ ва тоғолди ҳудуди шароитида гўшт маҳсулдорлиги ва ушбу кўрсаткичларга ҳар хил омилларнинг таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Сурхондарё вилоятининг тоғ ва тоғолди ҳудудлари шароитида қорамол гўшти етиштириш, сут, қўшмаҳсулдор зот ва уларнинг ҳар хил генотипли дурагай авлодларидан фойдаланиш бўйича самарали усуллар ишлаб чиқилган;
ҳар хил генотипли буқачаларнинг ўсиши, ривожланиши, озуқани тирик вазн билан қоплаш хусусиятлари ва буқачаларнинг гўшт маҳсулдорлиги бўйича генетик потенциалидан тўлиқ фойдаланиш имкониятлари аниқланган;
голштин зотининг тоғ ва тоғолди ҳудуди шароитида иқлимланиши ва биологик кўрсаткичлари аниқланган;
турли генотипли буқачаларнинг мақбул сўйиш ёши ҳамда гўштнинг морфологик ва кимёвий таркиби аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Сурхон воҳаси шароитида қорамол гўшти етиштиришни жадаллаштириш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
соф зотли қора-ола ва швиц зотига ҳамда қора-ола зотли сигирларни голштин зоти билан чатиштириш натижасида олинган турли генотипли буқачаларнинг ўсиш, ривожланиш, бўрдоқиланиш хусусиятлари, сўйим кўрсаткичлари, гўшт маҳсулдорлиги ва гўштнинг сифатини яхшилаш бўйича ишлаб чиқилган технологиялар Сурхондарё вилояти Шеробод туманининг тоғ ва тоғолди ҳудудидаги «Жўраниёз Тошпўлатов» фермер хўжалигида жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2019 йил 21 майдаги 02/23-762-сон маълумотномаси). Натижада сўйишдан олдинги тирик вазн II ва III тажриба гуруҳидаги ҳайвонларда 18 ойлигида I гуруҳдаги буқачаларга нисбатан 24,6 ва 12,9 килогармм, 21 ойлигида тегишлича 31,4 ва 27,2 килогармм, майдаланмаган гўшт оғирлиги эса 18 ойлигида 12,7 ва 5,7 килогармм, 21 ойлигида 17,2 ва 16,9 килогарммга ортиқ бўлган ҳамда лаҳм гўшт миқдори 18 ойликда 4,8 ва 3,5 килогармм; 21 ойликда 8,0 ва 8,1 килогарммга ошириш имконияти яратилган;
қора-ола зотли қорамолларни такомиллаштиришда буқачаларнинг 18–21 ойлигида мақбул тирик вазн ҳамда ташқи муҳит омилларига боғлиқликда селекцион белгиларини такомиллаштириш ва уларни маҳсулдорлик хусусиятларини яхшилаш технологиялари Сурхондарё вилояти Шеробод туманига қарашли «Абдулхакимова Дўлон» фермер хўжалигида жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2019 йил 21 майдаги 02/23-762-сон маълумотномаси). Натижада бўрдоқига боқилган буқачаларнинг 18 ойда тирик вазни хўжалик шароитида сўқимланган буқачаларнинг ўртача кўрсаткичидан 10–15 килогарммга юқори бўлган, бир бош буқачадан олинган соф фойда 1092–1250 минг сўмни ва рентабеллик даражаси 33,5–38,8 фоизини ташкил этган;
голштинлаштирилган биринчи ва иккинчи бўғин қора-ола зотли буқачаларнинг 18 ва 21 ойлигида мақбул бўлган тирик вазни ҳамда ташқи муҳит омилларига боғлиқликда бўлган селекцион белгиларини такомиллаштириш ва уларнинг сўйим кўрсаткичларини яхшилаш, сўйим оғирлиги, сўйим чиқими ва гўштнинг сифатини ошириш технологиялари Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги «Тошпўлатов Баходир Жўраниёзович» қорамолчилик фермер хўжалигида жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2019 йил 21 майдаги 02/23-762-сон маълумотномаси).  Натижада буқачалардан олинган соф фойда 18 ойлигида 1300–1500 минг ва 21 ойлигида 1500–1600 минг сўмни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish