Мустанова Шахноза Рустамовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Инглиз тилидан ўзбек тилига синхрон таржиманинг лингвистик муаммолари ва уларни бартараф этиш стратегиялари”. 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик ва таржимашунослик (филология).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.4.PhD/Fil4189.
Илмий раҳбар: Тухтасинов Илҳомжон Мадаминович, педагогика фанлари доктори (DSc), профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат чет тиллар институти, PhD.03/2025.27.12.Fil.37.02.
Расмий оппонентлар: Сулайманова Нилуфар Жаббаровна, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Джумабаева Жамила Шариповна, филология фанлари доктори (DSc), профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тиллараро амалга оширилган синхрон таржималарда қўлланган таржима стратегияларининг лингвистик (лексик ва грамматик) ҳамда когнитив-прагматик хусусиятларини аниқлаш ва уларнинг таржиманинг адекватлиги, барқарорлиги ҳамда мулоқот самарадорлигига таъсирини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
инглиз-ўзбек тиллараро синхрон таржимада қўлланиладиган асосий таржима стратегиялари аниқланиб, уларнинг реал вақт режимида таржима жараёнидаги функсионал вазифалари – грамматик мослаштириш, семантик аниқлик, таржимоннинг когнитив юкини оптималлаштириш – илк бор илмий жиҳатдан асосланган;
грамматик ҳамда лексик-семантик таржима стратегиялари тизимли таснифланиб, уларнинг инглиз-ўзбек тиллараро синхрон таржимада қўлланиш частотаси, семантик мазмунни сақлаш ҳамда ифодани таржима тилига мослаштиришдаги ўрни эмпирик материаллар асосида илмий жиҳатдан исботланган;
эквиваленти мавжуд бўлмаган миллий-маданий бирликлар, институционал номлар (муассаса ва ташкилот номлари), метафорик ва идиоматик бирликларни инглиз-ўзбек тиллараро синхрон таржимада қўлланиладиган стратегияларининг лингвистик ва маданий-коммуникатив аҳамияти аниқланди ҳамда уларнинг миқдорий самарадорлиги амалий таҳлил орқали илмий жиҳатдан далилланган;
расмий сиёсий нутқлар мисолида инглиз-ўзбек тиллараро синхрон таржимада қўлланиладиган стратегияларининг эквивалентликни сақлаш ҳамда сиёсий-дипломатик дискурснинг прагматик йўналишини етказишдаги самарадорлигига оид қарашлар қиёсий таҳлиллар асосида такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Инглиз тилидан ўзбек тилига синхрон таржиманинг лингвистик муаммолари ва уларни бартараф этиш стратегиялари мавзусидаги тадқиқот юзасидан чиқарилган илмий натижалар асосида:
инглиз ва ўзбек тиллараро амалга оширилган синхрон таржималарда қўлланган таржима стратегияларининг лингвистик (лексик ва грамматик) ҳамда когнитив-прагматик хусусиятлари таҳлили бўйича чиқарилган илмий хулосалардан Тошкент шаҳридаги Франция Алянсида олиб борилган синхрон таржималар ҳамда халқаро конференцияларда фойдаланилган (Тошкент Франсуз Алянсининг 2026-йил 1-апрелдаги 15-сонли маълумотномаси). Натижада, синхрон таржима жараёнида қўлланадиган стратегиялар сифати ва самарадорлигининг ошишига эришилган;
синхрон таржима жараёнида юзага келадиган тиллараро ўхшашлик ва фарқларни аниқлашга қаратилган амалий қоидалар ишлаб чиқилганлиги, натижада синхрон таржимонларда муаммоларга дарҳол ечим топиш кўникмасини ривожлантириш билан боғлиқ назарий хулосалар Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети “Таржима назарияси ва амалиёти” кафедрасининг профессор-ўқитувчилари томонидан ўқитилаётган “Амалий синхрон таржима” (магистратура мутахассислиги талабалари учун) фани ўқув дастурини тузиш, жумладан, “Синхрон таржимада стратегиялардан фойдаланиш”, “Синхрон таржимада лексик муаммолар” каби мавзуларнинг киритилишига асос бўлиб хизмат қилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2026-йил 17-январдаги 01/2-243-сонли маълумотномаси). Натижада, таржима назарияси ва амалиёти таълим йўналиши талабаларининг синхрон таржимага доир назарий ҳамда амалий билимларининг кенгайишига эришилган;
синхрон таржимада стратегиялардан фойдаланиш, адекват таржимага эришишда стратегиялар аҳамияти ва синхрон таржима жараёнида мавжуд бўлмаган миллий-маданий бирликларнинг берилишига доир хулоса ҳамда тавсиялардан Самарқанд давлат чет тиллар институтида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2022-йил 12-декабрдаги 2/24-4/7-690-сонли хатига асосан 2022-2024-йилларда амалга оширилган ва Тошкент шаҳридаги АҚШ элчихонаси ҳамда АҚШ давлат департаменти томонидан молиялаштирилган SUZ80020GR0039-рақамли “English Access Microscholarship Program” лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 2026-йил 17-январдаги 229/02-сонли маълумотномаси). Натижада, тадқиқот материаллари таржимашунослик, амалий синхрон таржима (магистратура мутахассислиги талабалари учун), синхрон таржимада лексик муаммолар каби мавзуларнинг киритилишида муҳим манба бўлиб хизмат қилган.
синхрон таржима жараёнида қўлланиладиган стратегиялар грамматик, семантик ва прагматик хусусиятлари ўрганилиб, расмий-сиёсий нутқлар мисолида инглиз-ўзбек тиллараро синхрон таржимада қўлланиладиган стратегияларининг эквивалентликни сақлаш ҳамда сиёсий-дипломатик дискурснинг прагматик йўналишини етказишдаги самарадорлигига оид қарашлар ва таҳлиллардан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Европа Иттифоқининг ERASMUS+ дастури доирасида Руминиянинг Алба Юлия универстети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “ICM -2022-KA171-000077648” рақамли халқаро лойиҳа доирасида кенг фойдаланилган (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллар университетининг 2026-йил 17-мартдаги 11-25/136-сонли маълумотномаси). Натижада, инглиз-ўзбек тиллараро синхрон таржимада қўлланиладиган таржима стратегияларининг лингвистик ва маданий-коммуникатив аҳамияти аниқланган ҳамда уларнинг самарадорлиги амалий таҳлиллар орқали далилланган.