Мухамедов Нодир АбдуғАниевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Техноген чиқинди асосидаги фаоллаштирилган қўшимчалар қўшилган бетоннинг структураси ва хоссалари”, 05.09.05 – “Қурилиш материаллари ва буюмлари” ихтисослиги бўйича.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/T5490.
Илмий раҳбар: Қосимов Иброхим Иркинович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: “Тошкент архитектура қурилиш университети”.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети PhD.03/2025.27.12.Т.04.02.
Расмий оппонентлар: Баходиров Азизбек Абдулазизович, техника фанлари доктори, профессор.;
Тургаев Жамбул Адилбаевич, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), дотсент.
Етакчи ташкилот: Жиззах политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: техноген чиқиндилар асосида олинган фаоллаштирилган қўшимчалар қўшилган бетоннинг таркибини ишлаб чиқиш ва хоссаларини тадқиқ қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Лигносулфонатли техноген қолдиқ ва ишлатилган моноетаноламин эритмасининг куб қолдиғини кимёвий модификациялаш орқали MNA-1 ва MNA-2 қўшимчаларини олишда, тажрибада текширилган шароитлар доирасида MNA-1 учун 80 °C, MNA-2 учун 75 °C ҳарорат ҳамда ҳар иккала қўшимча учун 40 дақиқалик реакция давомийлиги мақбул синтез параметрлари сифатида аниқланган;
MNA қўшимчалари билан модификацияланган семент тошида гидрат фазаларининг шаклланиши ва кристалл тузилмаларнинг ривожланиши билан боғлиқ микроструктуравий ўзгаришлар рентген-фазавий ҳамда электрон-микроскопик таҳлиллар асосида аниқланган;
MNA-1 қўшимчаси миқдорининг семент хамири сув талабчанлигига таъсири баҳоланиб, семент массасига нисбатан 0,2–1,5% миқдорда қўлланиши сув талабчанлигини 5,0–34,0% камайтириши, бетон қоришмасининг конус чўкиши 5 см сақланганда эса 1,0% қўшимча сув сарфини 220 дан 180 l/m³ гача камайтириши аниқланган;
MNA-1 қўшимчасининг 0,6; 1,0 ва 2,0% миқдорларида бетоннинг мустаҳкамлик йиғиши қиёсий баҳоланиб, текширилган таркиблар ичида 1,0% миқдор энг юқори натижани таъминлаши, семент сарфи 353 kg/m³ бўлганда 28 суткалик сиқилишдаги мустаҳкамлик назорат намунасидаги 12,5 МПа дан 20,9 МПа гача, эгилишдаги мустаҳкамлик эса 3,8 МПа дан 5,6 МПа гача ортиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижалариниг жорий қилиниши.
Техноген чиқинди асосидаги фаоллаштирилган қўшимчалар қўшилган бетоннинг структураси ва хоссалари бўйича олинган натижалар асосида:
MNA-1 ва MNA-2 қўшимчаларини олишда тажрибада текширилган шароитлар доирасида мос равишда 80 °C ва 75 °C ҳарорат ҳамда ҳар иккала қўшимча учун 40 дақиқалик реакция давомийлигига асосланган технологик тавсиялар “AKBETON” МЧЖнинг ишлаб чиқариш амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2026-йил 17-августдаги 34-06/11339-сон маълумотномаси). Натижада ушбу тавсиялар қўшимчаларни мақбул ҳарорат-вақт режимларида олиш ҳамда рентген-фазавий ва электрон-микроскопик таҳлилларда аниқланган гидрат фазаларининг шаклланиши ва кристалл тузилмаларнинг ривожланишини ҳисобга олган ҳолда уларни бетон таркибида қўллаш имконини берган;
MNA-1 қўшимчасининг сув камайтирувчи таъсири ва бетон мустаҳкамлиги бўйича аниқланган мақбул миқдори асосида ишлаб чиқилган технологик тавсиялар “CENTRAL BETON” МЧЖнинг ишлаб чиқариш амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2026-йил 17-августдаги 34-06/11339-сон маълумотномаси). Натижада ушбу тавсиялар MNA-1 қўшимчасини семент массасига нисбатан 0,2–1,5 % миқдорда қўллаш орқали семент хамирининг сув талабчанлигини 5,0–34,0 % камайтириш ҳамда текширилган 0,6; 1,0 ва 2,0 % миқдорлар орасида 28 суткалик сиқилиш ва эгилишдаги мустаҳкамлик бўйича энг юқори натижани таъминлаган 1,0 % миқдорни танлаш асосида бир хил семент сарфида бетон мустаҳкамлигини оширишга қаратилган технологик ечимлардан фойдаланиш имконини берган.