Жураев Шерзод Норовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар: Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Султон Ҳусайн Мирзо даврида Хуросон: сиёсий ва маданий жараёнлар”. 07.00.01 – “Ўзбекистон тарихи”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: B2025.2.PhD/Tar1655
Илмий раҳбар: Мирсодиқ Мирсултонович Исҳоқов, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ориентал университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон миллий педагогика университети. DSc.01/27.12.2025.Tar.03.01.
Расмий оппонентлар: Дилором Юнусовна Юсупова, тарих фанлари доктори, академик;
Бекмирзаев Илҳом Исроилжонович, тарих фанлари доктори, профессор
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Султон Ҳусайн Мирзо ҳукмронлиги даврида Хуросонда кечган сиёсий-маданий жараёнларни тарихий нуқтаи назардан яхлит ва тизимли таҳлил қилиш ҳамда илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Тарихшуносликда Султон Ҳусайн Мирзо даврида зарб этилган тангалардаги диний битиклар ҳукмдорнинг диний ва мафкуравий қарашларидаги беқарорликни акс эттиради, деган тахминларнинг асоссиз эканлиги нумизматик материаллар таҳлили (тангаларнинг қарийб 90 фоизи ҳанафий-суннийлик, 10 фоиздан ками эса шиа мазҳаби ёзувида экани ва шиа ёзувли пуллар айнан ғарбий савдо йўллари устидаги Астробод ҳамда қисман Машҳад зарбхоналарида чиқарилгани) орқали исботланиб, бу амалиёт диний омилга эмас, балки Ироқ ва Озарбайжондан келадиган бошқа эътиқоддаги йирик савдогарларни Хуросон бозорларига жалб этишга қаратилган оқилона иқтисодий ва бағрикенглик сиёсати эканлиги далилланган;
Темурийлар даври кутубхоналарининг функсионал вазифаси анъанавий қарашлардаги каби фақат қўлёзмаларни жамлаш ва кўпайтириш билан чекланмай, балки аниқ фанлар ва амалий санъат ютуқлари синтез қилинадиган “ижодий лаборатория” (ихтирочилик маркази) вазифасини ҳам бажарганлиги, хусусан, Алишер Навоий кутубхонасида Мавлоно Ҳожи Муҳаммад Наққош томонидан муҳандислик механикаси ва тасвирий санъатнинг ўзаро уйғунлашуви маҳсули бўлган механик соатнинг ихтиро қилиниши мисолида ўша давр Хуросон илм-фанининг юқори технологик даражаси асосланган;
Мурғоб воҳасидаги йирик суғориш тармоқларининг (Наҳри Қутлуқтемур, Наҳри Давлатшоҳ Жондор, Наҳри Шайх Али) Темурий амалдорлар ва ҳарбий раҳбарлар номи билан аталиши шунчаки тасодифий топонимик ҳолат эмаслиги, аксинча, сув иншоотларини барпо этиш ва сақлаш мажбурияти бевосита шу шахсларга берилган суюрғол (инъом мулки) доирасига кирганлиги асосида, минтақа ирригация тизимининг ривожланиши давлатнинг мулкий ва ҳомийлик тизими билан узвий боғлиқ бўлганлиги далилланган;
Тарихий тадқиқотларда хаттотликни шунчаки амалий санъат ёки якка тартибдаги ҳунар сифатида талқин қилувчи ёндашувлардан фарқли равишда, Темурийлар даври Ҳирот хаттотлик мактаби вакиллари илк бор ижтимоий-касбий мақомига кўра тўрт тоифага — ҳукмдор-хаттотлар (Мирзо Бойсунғур, Султон Ҳусайн Мирзо), марказий китобатхоналарга раҳбарлик қилган устоз-хаттотлар (Жаъфар Табризий, Султон Али Машҳадий), йирик марказларда ижод этган профессионал хаттотлар ҳамда касбни авлоддан авлодга олиб ўтган сулолавий хаттотлар (Пир Али Ҳировий ва ўғли Абдуллоҳ) гуруҳларига ажратилиб, ушбу тасниф асосида ХВ асрда хаттотликнинг алоҳида ижтимоий-маданий тизим сифатида шаклланганлиги ва барқарор мақомга эга бўлганлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мавзу юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Нумизматик материаллар таҳлили орқали Султон Ҳусайн Мирзо даври тангаларидаги диний битиклар ҳукмдорнинг ғоявий беқарорлигини эмас, аксинча, ғарбий савдо йўлларидаги иқтисодий ва бағрикенглик сиёсатини акс эттириши, пулларнинг қарийб 90 фоизи ҳанафий-суннийлик ва 10 фоиздан ками шиа мазҳаби ёзувида эканлигига доир хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2025-йил 5-ноябрдаги 01-33/827-сон маълумотномаси асосида кўрсатувлар ссенарийсини бойитишда фойдаланилган. Мазкур маълумотлар Темурийлар даври давлатчилик сиёсатининг иқтисодий-мафкуравий жиҳатларини кенг оммага тушунтириб беришга хизмат қилган
Темурийлар даври кутубхоналарининг функсионал вазифаси фақат қўлёзмаларни кўпайтириш билан чекланмай, аниқ фанлар ва амалий санъат синтез қилинадиган “ижодий лаборатория” бўлганлиги ҳамда Мавлоно Ҳожи Муҳаммад Наққош томонидан ихтиро қилинган механик соат мисолида илм-фаннинг юқори технологик даражасига оид аниқланган маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2025-йил 5-ноябрдаги 01-33/827-сон маълумотнома асосида фойдаланилган. Ушбу материаллар музей экспозисияларини ўрта асрлар Шарқ муҳандислик механикаси ютуқларини кўрсатувчи янги экспонат тавсифлари билан бойитиш имконини берган;
Мурғоб воҳасидаги йирик суғориш тармоқларининг Темурий амалдорлар номи билан аталиши ирригация тизимининг ривожланиши давлатнинг мулкий ва ҳомийлик (суюрғол) тизими билан узвий боғлиқ бўлганлиги ҳақидаги илмий қарашларга оид натижалардан Республика маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Маънавий тадқиқотлар институтининг 2025-йил 17-ноябрдаги 10/762-сон маълумотнома асосида фойдаланилган. Тақдим этилган материаллар ўрта асрлар Турон ва Хуросон минтақаси ирригация тарихи ҳамда ер-сув муносабатлари тизимини илмий далиллар асосида кенг оммага тарғиб этишга хизмат қилган;
Темурийлар даври Ҳирот хаттотлик мактаби вакилларини илк бор ижтимоий-касбий мақомига кўра тўрт тоифага (ҳукмдор, устоз, профессионал ва сулолавий хаттотлар) ажратиш орқали хаттотликнинг 15-юзйилликда алоҳида ижтимоий-маданий тизим сифатида шаклланганлиги ва барқарор мақомга эга бўлганлигига доир илмий таҳлиллардан Республика маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Маънавий тадқиқотлар институтининг 2025-йил 17-ноябрдаги 10/762-сон маълумотнома асосида фойдаланилган. Натижалар миллий хаттотлик санъатининг жаҳон маданий майдонидаги нуфузи ва ижтимоий тарихини ёритиш даражасини бойитишга хизмат қилган.