Сохибова Муслимахон Холматжон қизининг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистонда зиёрат туризми ресурсларидан фойдаланиш механизмини такомиллаштириш”, 08.00.17 – Туризм ва меҳмонхона фаолияти.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/Iqt3942
Илмий раҳбар: Гулямов Сайдахрар Саидахмедович, i.f.d., академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, PhD. 22/2025.27.12.I.02.01
Расмий оппонентлар: Хидирова Гавҳар Рустамовна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Эштаев Алишер Абдуғаниевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистонда зиёрат туризми ресурсларидан фойдаланиш механизмини такомиллаштириш бўйича илмий таклифлар ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
услубий ёндашувга кўра “зиёрат туризми” тушунчасининг иқтисодий мазмуни обектларни нафақат муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, балки зиёратчиларнинг ўзига хос эҳтиёжларини институционал ҳамда инновацион-технологик ечимлар мезонлари асосида қондириш нуқтаи назаридан такомиллаштирилган;
зиёрат туризми ресурслари уларнинг маънавий-тарихий аҳамияти, иқтисодий рентабеллиги ва рақамли жозибадорлиги каби янги мезонларни таснифлаш асосида, ушбу ресурслардан фойдаланиш жараёнларининг таркибий қисмларини оптималлаштиришга хизмат қилувчи функсионал-декомпозицион модел ишлаб чиқилди;
соҳанинг стратегик мақсадларини амалга ошириш ва зиёрат туризми ресурсларининг интеграциясини таъминлаш учун “Смарт-Зиёрат” кластерини жорий этишга асосланган зиёрат туризми ресурсларидан фойдаланишнинг такомиллаштирилган ташкилий-иқтисодий механизми ишлаб чиқилди;
Ўзбекистонда зиёрат туризми ресурсларидан фойдаланиш механизмини такомиллаштиришнинг кўп омилли эконометрик модели асосида соҳани 2030-йилгача ривожлантиришнинг истиқболли кўрсаткичлари ишлаб чиқилди ва соҳа даромадларига таъсир этувчи асосий омиллар миқдорий жиҳатдан баҳоланди.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистонда зиёрат туризми ресурсларидан фойдаланиш механизмини такомиллаштириш бўйича олинган илмий тадқиқот натижалари асосида:
услубий ёндашувга кўра “зиёрат туризми” тушунчасининг иқтисодий мазмуни назарий ва услубий материаллардан олий ўқув юртлари талабалари учун тавсия этилган “Туризм менежменти” номли дарслик тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024-йил 25-июндаги 218-084-рақамли гувоҳномаси). Мазкур илмий таклифнинг амалиётга тадбиқ этилиши натижасида олий ўқув юрт талабаларида такомиллаштирилган зиёрат туризми тушунчаси бўйича назарий билим ва кўникмаларни кенгайтириш имкони яратилган, ҳамда ушбу янгилик таълим сифатини оширишга хизмат қилади;
зиёрат туризми ресурслари уларнинг маънавий-тарихий аҳамияти, иқтисодий рентабеллиги ва рақамли жозибадорлиги каби янги мезонларни таснифлаш асосида, ушбу ресурслардан фойдаланиш жараёнларининг таркибий қисмларини оптималлаштиришга хизмат қилувчи функсионал-декомпозицион модел таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 18-июлдаги ПФ-102-сон “Ўзбекистон Республикасида туристик инфратузилмани такомиллаштириш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган туристик инфратузилмани такомиллаштириш ва туризм оқимини ошириш вазифаларига мос келади (Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасининг 2026-йил 26-майдаги 02-17/5387-сонли жорий этиш далолатномаси). Ушбу илмий таклифнинг татбиқ қилиниши зиёрат туризми ресурсларидан фойдаланишнинг таркибий қисмларини оптималлаштиришга, натижада туризм хизматлари занжирида хизмат кўрсатувчи субектлар ва давлат органлари ўртасидаги интеграцияни кучайтиришга ҳамда хорижий туристлар оқими учун инфратузилмавий жозибадорликни оширишга хизмат қилади;
соҳанинг стратегик мақсадларини амалга ошириш ва зиёрат туризми ресурсларининг интеграциясини таъминлаш учун “Смарт-Зиёрат” кластерини жорий этишга асосланган зиёрат туризми ресурсларидан фойдаланишнинг такомиллаштирилган ташкилий-иқтисодий механизмини ишлаб чиқиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 12-январдаги ПФ-9-сон “Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган ички туризмни жадаллаштириш ва туристлар оқимини ошириш вазифалари ҳамда 2025-йил 15-майдаги ПФ-87-сон Фармонида назарда тутилган туризм хизматлари турларини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш чоралари билан уйғундир (Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасининг 2026-йил 26-майдаги 02-17/5387-сонли жорий этиш далолатномаси). Мазкур илмий таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида “Смарт-Зиёрат” кластери доирасида соҳа субектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминловчи тизимли боғлиқликлар шакллантирилди, шунингдек, таклиф этилган ташкилий-иқтисодий механизм зиёрат туризми занжиридаги давлат органлари, туроператорлар ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга, натижада субектлараро ресурсларни ягона платформада интеграциялаш таклиф этилди;
Ўзбекистонда зиёрат туризми ресурсларидан фойдаланиш механизмини такомиллаштиришнинг кўп омилли эконометрик модели асосида соҳани 2030-йилгача ривожлантиришнинг истиқболли кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 15-майдаги ПФ-87-сон “2025-2026-йилларда сайёҳлар оқимини янада ошириш, туризм хизматлари турларини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган туризм оқимини ошириш, туризм хизматлари турларини кўпайтириш ва хизматлар сифатини яхшилаш вазифаларига мос келади. (Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасининг 2026-йил 26-майдаги 02-17/5387-сонли жорий этиш далолатномаси). Мазкур илмий таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида зиёрат туризми ривожланишини ўрта муддатли истиқболда баҳолаш, прогноз кўрсаткичларини асослаш ҳамда соҳага оид бошқарув қарорларини илмий жиҳатдан далиллаш имконияти яратилди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish