Исроилова Дилбархон Икромджоновнанинг
фалсафа доктори (PhD диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Тиббий дискурснинг психолингвистик тавсифи”, 10.00.11 – Амалий ва компютер лингвистикаси ихтисослиги (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.4.PhD/Fil5431.
Илмий раҳбар: Шахабитдинова Шохида Хошимовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат чет тиллари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат чет тиллари институти, DSc.03/2025.27.12.Fil.32.02.
Расмий оппонентлар: Хурсанов Нурислом Искандарович, филология фанлари доктори, дотсент; Охунов Муқимжон Муҳаммадаминович филология фанлари бўйича фалсафа доктори, профессор;
Етакчи ташкилот: Қўқон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тиббий дискурснинг лексик-семантик тизими, синтактик структуралари ва когнитив-прагматик стратегияларини, типологиясини яратиш, истиқболли йўналишларини белгилаш, компютер лингвистикаси воситалари ёрдамида таҳлил қилиш имкониятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тиббий дискурсни типологик тадқиқ этишнинг методологик асослари такомиллаштирилиб, психолингвистик, лингвокогнитив ва лингвокултурологик ёндашувларни интеграциялаш асосида унинг лисоний, когнитив, коммуникатив ҳамда миллий-маданий хусусиятларини комплекс ўрганиш тамойиллари белгиланган;
тиббий дискурснинг лексик-семантик ва синтактик тузилишига кўра таснифи такомиллаштирилиб, терминологик, умумистеъмол ва профессионал жаргон қатламларининг ўзаро таъсир механизмлари, семантик майдонлари ҳамда номиналлаштириш, мажҳул нисбат, шахссиз, модал, сўроқ ва эллиптик конструкцияларнинг турли тиббий жанрлардаги функсионал хусусиятлари аниқланган;
тиббий дискурснинг универсал ва миллий-маданий хусусиятлари қиёсий таҳлил қилиниб, ўзбек лингвомаданий муҳитида шифокор – бемор муносабатлари, тиббий ахборотни етказиш, касалликни консептуаллаштириш ва коммуникатив масофани бошқаришда миллий қадриятлар, ижтимоий роллар ҳамда маданий меъёрларнинг намоён бўлиш қонуниятлари очиб берилган;
тиббий дискурснинг эмпатия, маълумот бериш ва тушунтириш, ишонтириш ва мотивация, қўллаб-қувватлаш ва таскин бериш ҳамда чегаралаш стратегияларидан иборат когнитив-прагматик типологияси ишлаб чиқилиб, уларнинг диагностика, даволаш ва тавсия бериш босқичларидаги функциялари аниқланган, шунингдек, ўзбек тилидаги тиббий матнларни компютер-лингвистик қайта ишлаш учун зарур терминологик, семантик ва прагматик таҳлил мезонлари белгиланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тиббий дискурснинг психолингвистик тавсифи мавзусида олиб борилган тадқиқот асосида:
тиббий дискурснинг когнитив-прагматик стратегияларига кўра янги типологияси яратилиб, уларнинг ижтимоий ва коммуникатив вазифаларини, шифокор-бемор мулоқотидаги ўрнини ҳисобга олган ҳолда функсионал турлари–эмпатия, маълумот бериш,ишонтириш, қўллаб-қувватлаш ва чегаралиш стратегиялари – тизимли тасниф этилиб, тиббий дискурс стратегияларининг турли клиник контекстлардаги воқеланиш хусусиятлари ҳамда уларнинг трансформацияси қонуниятлари очиб берилгани кабиларга доир материаллари ва натижаларидан лингвистик атамаларни изоҳлашда фойдаланилган. Диссертация хулоса ва натижаларидан Андижон давлат университетида бажарилган “№ ИЛ-402104213. Ўзбек тилида электрон лингвистик энсиклопедик луғат ишлаб чиқиш” давлат инновацион-тадқиқот дастурлари доирасидаги лойиҳада фойдаланилган (Андижон давлат университетининг 2026-йил 26-январдаги 04-310-сон маълумотномаси). Натижада, дискурс тавсифида қўлланилувчи айрим бирликларининг ўзига хосликлари очиб берилган;
тиббий дискурснинг универсал ва миллий-маданий хусусиятларининг ўзаро муносабатлари қонуниятлари аниқланиб, тадқиқотда турли маданиятларда намоён бўладиган универсал тиббий дискурс элементлари ва ўзбек лингвомаданий муҳитига хос тиббий мулоқот хусусиятлари ўртасидаги диалектик алоқадорлик очиб берилган бўлиб, ўзбек тиббий дискурсига хос бўлган коммуникатив стратегияларнинг универсал тиббий дискурс доирасида тутган ўрни ва ўзига хос хусусиятлари илк бор тизимлаштирилганига доир материаллари ва натижаларидан оммавий лисоний маданиятни шакллантириш усулларини ишлаб чиқишда Андижон давлат университетида бажарилган “ОТ-F1-18. Оммавий лисоний маданиятни шаклантириш методлар ва методологиясини ишлаб чиқиш” давлат фундаментал-тадқиқот дастурлари доирасидаги лойиҳасида фойдаланилган (Андижон давлат университетининг 2026-йил 26-январдаги 04-37-сонли маълумотномаси). Натижада, лисоний маданиятни таъминлашга оид методология янги назарий қарашлар билан бойитилган;
тиббий дискурснинг умуминсоний ҳамда миллий-маданий хусусиятларининг ўзаро боғлиқлиги ва намоён бўлиш белгилари бўйича биринчи тизимли тадқиқотга оид натижалар, шунингдек, тиббиёт талабаларига чет тилларини ўргатиш, тиббий таржима амалиёти ва маданиятлараро тиббий мулоқот жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган ишлаб чиқилган амалий тавсиялар лойиҳа доирасида лингвистик терминларни тушунтиришда “Integration of Literary Studies, Linguistics, Pedagogy, Art Studies and History in the Context of Globalization” (“Глобаллашув шароитида адабиётшунослик, тилшунослик, педагогика, санъатшунослик ва тарихнинг интеграцияси”) номли халқаро лойиҳасида фойдаланилган (Ҳиндистоннинг “Suz.in” халқаро илмий журналининг 2026-йил 3-майдаги INT-PROJ/2024/IND-745-сонли маълумотномаси). Натижада, диссертация материаллари халқаро лойиҳанинг тилшунослик ва педагогика йўналишлари илмий базасини мустаҳкамлашга, шунингдек, глобаллашув шароитида тиббий дискурснинг психолингвистик хусусиятларини тадқиқ этишга муносиб ҳисса қўшди. Ушбу материаллар лойиҳа доирасида тайёрланган илмий мақолалар, услубий қўлланмалар ва ўқув ресурсларида муваффақиятли қўлланилиб, маданиятлараро тиббий мулоқотга оид масалаларни чуқурроқ таҳлил қилиш имконини берди;
тиббий дискурснинг психолингвистик тавсифи илмий натижалари ва материалларидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон-24” ижодий бирлашмаси “Ўзбекистон” телерадиоканали томонидан тайёрланган “Таълим ва тараққиёт”, “Миллат ва маънавият”, “Адабий жараён”, “Жаҳон адабиёти” номли дастурлар ссенарийсини тайёрлашда (2025-йил декабр ва 2026-йил январ ойларида) фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2026-йил 30-январдаги 05-09-162-сонли маълумотномаси). Натижада, эшиттиришларнинг илмий, риторик савияси ортган ҳамда тиббий дискурснинг семантик майдонлари ва синтактик функсионал вазифаларига кўра типологияси таклиф этилганликни далиллаш орқали ўрганилганлиги таъминлаган. Хусусан, тадқиқотда тиббий дискурснинг лексик-семантик тизими ва синтактик структураларига кўра таснифи ҳамда уларни таҳлил қилиш каби жиҳатларига эътибор қаратилган. Тадқиқот ишидан олинган маълумотлар натижасида радиотингловчилар кўп қатламли тузилишини ўрганиш асосида терминологик, умумий тил ва профессионал жаргон қатламлари ўртасидаги ўзаро таъсир механизмларини аниқлаш ва бу маълумотлар медианутқ қурилишини такомиллаштириши ва мазмуний оптималлаштириш учун хизмат қилиши хусусидаги маълумотларга эга бўлдилар.