Муратова Манзура Исламовнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Нутқий фаолият феълларининг аспектуал - семантик майдони ва лингвокогнитив таҳлили (инглиз ва ўзбек тиллари қиёсида)”, 10.00.13 – Қиёсий ва чоғиштирма тилшунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/Fil1451. 
Илмий раҳбар: Жумаева Нилуфар Гуломовна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.11.05
Расмий оппонентлар: Жумаев Турсунали, филология фанлари доктори (DSc), профессор; Кадирова Зайнаб Бакоевна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент. 
    Етакчи ташкилот: Жиззах давлат педагогика университети
    Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқий фаолият феълларининг таркибий - аксионал  хусусиятларини аниқлаш, ушбу феълларнинг контекст таъсирида ифодалайдиган аспектуал маъноларини очиб бериш, уларнинг аспектуал семантикада фаоллашиш жиҳатларини таҳлил қилиш орқали чоғиштириш. 
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги: қуйидагилардан иборат:
инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқий фаолият феълларининг лексик-семантик таркиби қиёсий-типологик жиҳатдан аниқлаштирилиб, уларнинг лексик-семантик гуруҳланиши такомиллаштирилгани, мавжуд таснифга қўшимча равишда олтита янги семантик гуруҳ ажратилиб, уларнинг ўзига хос хусусиятлари асослангани, нутқий фаолият феълларининг функсионал-семантик майдон доирасидаги ўзаро муносабатлари очиб берилгани ҳамда уларнинг семантик типологиясини белгилашда аксионал хусусиятларнинг фаол таъсири ва иштироки далилланган;
инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқий фаолият феълларининг семантик ва грамматик хусусиятлари, лексик хилма-хиллиги ҳамда уларнинг аспектуал семантикани шакллантириш ва ифодалашдаги ўрни аниқлаштирилиб, мазкур омилларнинг феълнинг аксионал хусусиятларини белгилаш, нутқий ҳаракатнинг давомийлиги, такрорийлиги, чегараланганлиги ва натижавийлигини ифодалашдаги ўзаро таъсири ҳамда фаоллашуви қиёсий-типологик таҳлил асосида далилланган;
инглиз ва ўзбек тилларида нутқий фаолият феълларининг гап семантик тузилишини шакллантиришдаги ўрни аниқлаштирилиб, уларнинг монопредикатив синтактик бирликлар таркибида воқеланиш механизмлари, предикат семантикасини шакллантириш ва кенгайтириш имкониятлари, шунингдек, семантик роллар ҳамда синтактик компонентлар билан муносабати қиёсий таҳлил асосида тавсифланган ва илмий жиҳатдан асосланган;
инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқий фаолият феълларининг аспектуал ва аксионал хусусиятларига таъсир этувчи лексик-семантик, грамматик ва контекстуал омиллар аниқланиб, уларнинг феъл маъносининг давомийлиги, такрорийлиги, чегараланганлиги ва натижавийлигини ифодалашдаги роли очиб берилган ҳамда мазкур феълларнинг функсионал-семантик майдони, унинг таркибий қисмлари ва улар ўртасидаги семантик муносабатлар қиёсий-типологик таҳлил асосида илмий жиҳатдан асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Нутқий фаолият феълларининг аспектуал – семантик майдони ва лингвокогнитив таҳлили бўйича эришилган илмий натижалар асосида:
инглиз ва ўзбек тилларидаги нутқий фаолият феълларининг ифодаланишига алоқадор хусусиятларни белгилаш методикаси асосида уларнинг функсионал-семантик майдонидаги аспектуаллик семантикаси предикатни шакллантирувчи омиллари, муносабатларни ўрнатувчи аспектуал ва темпорал ҳодисалар семантик ва консептуал таҳлилини амалга ошириш истиқболини шартловчи йўналишлари тадқиқот хулосаларидан Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида бажарилган ФА-Ф1-Г005 “Қорақалпоқ фолклоршунослиги ва адабиётшунослигини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳани амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2025-йил 30-апрелдаги №257/1-сон маълумотномаси). Натижада инглиз ва ўзбек тилларида нутқий фаолият феълларининг таркиби, семантикаси функсионал-семантик майдондаги муносабатни уларнинг семантик типологиясини амалга оширишда аксионал хусусиятларнинг фаол таъсири  ва иштироки далилланган;
нутқий фаолият феълларининг семантик ва грамматик хусусиятларининг, лексик хилма-хиллиги аспектуал семантикани белгилашда кенг қамровли иштироки ва фаоллашувидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Давлат илмий-техника дастурлари доирасида 2021-2022йилларда бажарилган АЛ 412104512 рақамли “Ўзбекистоннинг географик объйектлари учун кўп тилдаги электрон луғат яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳасида кенг фойдаланилган. (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2025 йил 13 июндаги 04-01/2807-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг лойиҳада қўлланилиши натижасида филологик ва таржимашунослик йўналишидаги юқори босқич талабаларининг чет тилини ўрганиш кўникмаларининг шаклланганлигини баҳолаш кўрсаткичлари ва мезонлари такомиллаштирилган. Кўп тилдаги луғат яратиш доирасида бўлажак филологик ва таржимашуносларнинг чет тилини ўрганиш кўникмасини шакллантиришга доир услубий тавсиялар таҳлили амалга оширилган. Натижада талабаларнинг танқидий фикрлаш, ижтимоий зийраклик, қийин вазиятлардан чиқиш, одоб-ахлоқ нормалари, этикет, мулоқот чоғида аниқ мақсадларни белгилаш ва таҳлил қилиш кўникмалари ривожлантирилишига эришилган;
диссертация ёритилган нутқий фаолият феълларининг аспектуал ва аксионал хусусиятларига таъсир қилувчи омиллар уларнинг функционал-семантик майдони  масалалари “Қашқадарё вилояти телерадиоканали” давлат муассасаси “Олтин воҳа” радиосининг “Очиқ мулоқот” дастурида эфирда ёритилди (Қашқадарё вилояти телерадиоканали” давлат муассасаси 2025 йил 23 – апрелдаги 17 – 05 – 79 сон маълумотномаси). “Нутқий фаолият феълларининг аспектуал - семантик майдони ва лингвокогнитив таҳлили (инглиз ва ўзбек тиллари қиёсида)” мавзусидаги фикрлар натижасида радиотингловчиларнинг инглиз ва ўзбек тилларидаги феъллар таҳлили ҳақида тасаввурларини бойишига хизмат қилди.
 

Yangiliklarga obuna bo‘lish