Шамсиева Насиба Файзиллоевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қурилиш саноатининг алюкобонд чиқиндиларини термик қайта ишлаш орқали иккиламчи маҳсулотлар олиш технологияси ва қўлланилиши”, 05.09.05 – «Қурилиш материаллари ва буюмлари» ихтисослиги бўйича.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.2.PhD/T5777
Илмий раҳбар: Рахимов Фируз Фазлиддинович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), дотсент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: “Бухоро давлат техника университети”.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат техника университети, PhD.03/2025.27.12.T.19.03.
Расмий оппонентлар: Рахимов Рахимбой Атажанович, техника фанлари доктори, профессор; Маматов Хамидулла Абдуллаевич, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), дотсент.
Етакчи ташкилот: Жиззах политехника институти
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади алюкобонд чиқиндиларини комплекс термик қайта ишлаш, иккиламчи алюминий ва полимер деструкция маҳсулотларини олиш ҳамда улардан самарали фойдаланишнинг энергия ва ресурс тежамкор паст ҳароратли технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
алюкобонд чиқиндисининг полимер ядроси таркиби ва унинг термик хоссалари ўртасидаги боғлиқлик аниқланган, бунда полимер компонентнинг 61,48% полиетилен, 21,94% доломит, 7,26% калсит ва 9,52% кварсдан ташкил топиши, асосий термик ўзгаришлар 455–482 °C оралиғида кечиб, масса йўқотилиши 91% ни ташкил этиши, алюминий қатламининг эса 800°C гача юқори термик барқарорликка эгалиги асосланган;
алуминий-композит материал (Алюкобонд) чиқиндиларини икки томонлама термик ишлов беришда 80 °C гача қиздириш алуминий ва полимер қатламларини селектив ажратиш учун мақбул ҳарорат эканлиги асосланган, ҳамда ушбу режимда чиқинди ўзагининг масса йўқотилишини минимал даражада сақлаган ҳолда иккиламчи алуминий ва полимер хом ашёсини алоҳида ажратиб олиш имконини берувчи такомиллаштирилган энергия тежамкор қурилманинг конструктив-технологик ечими ишлаб чиқилган;
иккиламчи алюкобонд полимер чиқиндиси, полиетилен ва дибутилфталат миқдорининг композициянинг узилишдаги мустаҳкамлиги ва экструзияланиш қобилиятига таъсир қонуниятлари математик режалаштириш асосида аниқланган, факторлар таъсири ва уларнинг ўзаро таъсирини ифодаловчи регрессия моделлари олинган ҳамда «таркиб–хосса» боғланиши илмий асосланган;
экспериментал ва математик оптималлаштириш натижасида 20% алюкобонддан ажратилган иккиламчи полимер, 78% полиетилен ва 2% дибутилфталатдан иборат композициянинг мақбул таркиби асосланган, бунда узилишдаги мустаҳкамлик 12,8 МПа, эластиклик модули 265 МПа, зарба мустаҳкамлиги 12 kJ/m² ва эриган ҳолатда оқувчанлик кўрсаткичи 3,41 g/10 мин ни ташкил этиши аниқланиб, ушбу хоссалар композициядан қувур, фитинг ва бошқа экструзион полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини таъминлаши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қурилиш саноати алюкобонд чиқиндиларини термик қайта ишлаш орқали иккиламчи маҳсулотлар олиш технологияси ва қўлланилиши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
алуминий-композит материал (Алюкобонд) чиқиндиларини икки томонлама термик ишлов беришда 80 °C гача қиздириш алуминий ва полимер қатламларини селектив ажратиш учун мақбул ҳарорат ҳамда ушбу режимда чиқинди ўзагининг масса йўқотилишини минимал даражада сақлаган ҳолда иккиламчи алуминий ва полимер хом ашёсини алоҳида ажратиб олиш имконини берувчи такомиллаштирилган энергия тежамкор қурилманинг конструктив-технологик ечими ишлаб чиқилган ва "BUXARA POLIGRAF" МЧЖ ва "ALCO GLOBAL COMPANI" МЧЖ корхоналарида материал чиқиндилари қатламларини (Алюкобонд) қайта ишлаш ва ажратиш ҳамда иккиламчи алюминий ва полимер хомашёсини ажратиб олиш учун такомиллаштирилган энергия тежамкор қурилма кўринишида жорий этилган (Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмасининг 2025-йил 17-ноябрдаги 02/15-3767-сон маълумотномаси). Натижада “ALCO GLOBAL COMPANI” МЧЖда йилига 219 тонна алюкобонд чиқиндисини рекуперация қилиш ҳисобига 1 074 400 000 сўм соф иқтисодий самара олинган;
экспериментал ва математик оптималлаштириш натижасида 20% алюкобонддан ажратилган иккиламчи полимер, 78% полиетилен ва 2% дибутилфталатдан иборат композициянинг асосланган узилишдаги мустаҳкамлик 12,8 МПа, эластиклик модули 265 МПа, зарба мустаҳкамлиги 12 kJ/m² ва эриган ҳолатда оқувчанлик кўрсаткичи 3,41 g/10 мин. қа тенг бўлган материалнинг ишлаб чиқилган оптимал таркиби «LIDER PIPE» МЧЖ корхонасида паст босимли полиетилен қувурлар, канализация қувурлари, фитинглар, томчилатиб суғориш шланглари ва бошқа полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун жорий этилган (Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмасининг 2025-йил 17-ноябрдаги 02/15-3767-сон маълумотномаси). Натижада бирламчи полимер хомашёси сарфини қисқартириш ва иккиламчи полимер ресурсларидан фойдаланиш ҳисобига корхонада 20% иқтисодий самарадорликка эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish