Разаков Абдумалик Маннаповичнинг
фан доктори (DSc) диссертатсияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертатсия мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): “Устюрт платоси сур тусли қўнғир тупроқлари экологик-генетик жиҳатлари, эволюсияси ва оқилона фойдаланиш истиқболлари”, 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертатсия мавзуси рўйхатга олинган рақам:B2026.1.DSc/B314.
Илмий маслаҳатчи: Гафурова Лазизахон Акрамовна, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/2025.27.12.B/Qx.01.16.
Расмий оппонентлар: Турдалиев Авазбек Турдалиевич, биология фанлари доктори, профессор; Мазиров Михаил Арнольдович, биология фанлари доктори, профессор; Жоллыбеков Бердияр Бахтиярович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертатсия йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ҳудуднинг вилоят, биоиқлим ва минтақавий бўлиниши, тупроқларнинг морфогенетик хусусиятлари экологик холати ва эволюцион ривожланишини аввал ҳисобга олинмаган тақдирда омилларни аниқлаш ва сур тусли қўнғир тупроқларининг мавжуд таснифига қўшимчалар киритишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тупроқ қопламининг ҳозирги ҳолати ҳамда табиий шароитларни ҳисобга олган ҳолда, Устюрт платоси ҳудуди районлаштирилиб, 2 та тупроқ-биоиқлим минтақаси - мўътадил ва илиқ субтропик, 2 та провинция - Орол-Каспий (Марказий Қозоғистон) ва субтропик (Турон) чўлга ажратилиши илмий жиҳатдан асосланган;
илк бор Устюрт платосида чўл зонасининг асосий тупроқ турларидан бири сифатида сур тусли қўнғир тупроқларнинг географик тарқалиши ҳудуднинг табиий ва биоиқлимий бўлиниши билан боғлиқ ҳолда аниқланиб, уларнинг районлаштирилиши ҳамда тупроқ қопламининг фациал фарқланишига мувофиқ тузилиши илмий жиҳатдан асосланган;
шимолий сур тусли қўнғир, оч қўнғир, типик сур тусли қўнғир, кучсиз ривожланган сур тусли қўнғир, юқори гипсли-бозингенлар ва тақирли тупроқларнинг морфогенетик хусусиятлари, профиль ривожланишидаги фарқлар, органик моддаларнинг миқдори ва таркиби, ялпи кимёвий ҳамда минералогик таркиби бўйича тадқиқот материаллари асосида илмий маълумотлар ишлаб чиқилган;
сур тусли қўнғир тупроқларнинг шаклланиш шароитлари ва морфогенетик хусусиятлари асосида мўътадил суббореал ва илиқ субтропик чўл зоначаларида тарқалган тупроқларнинг таснифи такомиллаштирилиб, уларни таксономик жиҳатдан ажратиш мезонлари илмий асосланган;
антропоген омиллари ва техноген таъсирида чўл зонаси тупроқларининг ўзгаришлари, эволюцияси ва суғорма деҳқончиликда фойдаланиши бўйича материаллар ҳамда уларнинг ривожланиши бўйича башоратли хулосалар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Устюрт платоси сур тусли қўнғир тупроқлари экологик-генетик жиҳатлари, эволюцияси ва оқилона фойдаланиш истиқболлари мавзуси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Устюрт платоси сур тусли қўнғир тупроқлари ҳозирги ҳолати бўйича морфогенетик, агрокимёвий, кимёвий, минералогик, гумусли холати ва таъминланганлик даражаси аниқланган ҳамда тупроқларнинг эволюцион-генетик жихатларини комплекс ўрганиш асосида ҳудуд тупроқ харитаси, тупроқ – географик харитаси Қишлоқ хўжалиги бошқармасида амалиётга жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2026-йил 10-февралдаги 02/010-526-сон маълумотномаси). Натижада, олинган натижалар тупроқларнинг унумдорлигини тиклаш, агротехник ва агромелиоратив тадбирларидан самарали фойдаланишда илмий асос бўлиб хизмат қилган;
Устюрт платоси тупроқлари ҳолати хилма-хиллиги, ўзига хослиги, зонал-иқлим шароити, тупроқларни унумдорлиги информатив кўрсатмалари асосида илк бор худуд тупроқлари деградация даражасини баҳолаш индикатор мезонлари ишлаб чиқилган ва Қишлоқ хўжалиги бошқармасида амалиётга жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2026-йил 10-февралдаги 02/010-526-сон маълумотномаси). Натижада, тупроқларнинг агробиогенотик функцияларини баҳолаш ва мониторинг қилиш, деградацияга учраган тупроқлар унумдорлигини бошқариш, тадбирлар мажмуасини белгилаш имконини берган;
Устюрт платосида тупроқ ҳосил қилувчи жинслар, тупроқларнинг гипсланганлик, ишқорсизланганлик ва шўрланиш даражаси ҳамда бошқа диагностик белгилари бўйича тупроқ тип, типча ва турлари бўйича 1:500 000 масштабдаги тупроқ харитаси Қорақалпоғистон Республикаси Устюрт ҳудудида амалиётга жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 10 февралдаги 02/010-526-сон маълумотномаси). Натижада, Устюрт ҳудудида тупроқ қопламини оператив баҳолаш, унинг ҳудудий тарқалишини аниқлаш, деградация жараёнларини мониторинг қилиш ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган тупроқ хариталаш ишларида мазкур ишланмадан амалиётда фойдаланиш имконини берган;
Устюрт платоси тупроқларининг ҳозирги ҳолати, зонал-иқлимий шароитлари, рельефи ва сув тақчиллигини ҳисобга олган ҳолда, сур тусли қўнғир тупроқларни майда воҳаларда суғориш учун минераллашуви 5 г/л дан ошмайдиган артезиан сувларидан фойдаланиш, 6662,9 минг гектар яйлов ерларида озуқабоп экинлар етиштириш, фитомелиоратив тадбирлар ўтказиш ва тақирларда сув йиғиш иншоотларини барпо этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган ва Қўнғирот туманида амалиётга жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 10 февралдаги 02/010-526-сон маълумотномаси). Натижада, туманда тупроқ-иқлим шароитларига мос ҳолда ер ва тупроқ ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тизими асосланган ҳамда тупроқ-экологик тизимларнинг яхлитлиги концепцияси асосида ҳудуд тупроқларидан барқарор ва самарали фойдаланиш имконини берган;
худудда олиб борилган комплекс тадқиқотлар асосида «Оролбўйи минтақаси Устюрт платоси тупроқларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш» бўйича тавсиянома ишлаб чиқилган ва Қорақалпоғистон Республикаси Устюрт ҳудудида амалиётга жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 10 февралдаги 02/010-526-сон маълумотномаси). Натижада, ҳудудининг зонал ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда тупроқ ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, ҳудудий ер ресурсларини бошқаришда фойдаланиш учун илмий асос бўлиб хизмат қилган.