Нурматов Нурбек Эрмат ўғлининг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертасия мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): “Қашқадарё вилоятида чорвачилик тармоғини ҳудудий ташкил этилишини ривожлантириш механизмларини такомиллаштириш”, 11.00.02 – Иқтисодий ва ижтимоий география (география фанлари).
Диссертасия мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.4.PhD/Gr287.
Илмий раҳбар: Файзуллаев Мақсуд Абдуллаевич, география фанлари доктори, дотсент.
Диссертасия бажарилган муассаса номи: Шаҳрисабз давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ давлат университети, DSc.03/2026.10.04.Gr.04.11.
Расмий оппонентлар: Исаев Акбаржон Абдулхамидович, география фанлари доктори, дотсент; Жолдасов Ахмет Сагинбаевич география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат педагогика институти.
Диссертасия йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қашқадарё вилоятида чорвачилик тармоғининг ҳудудий ташкил этилиш хусусиятларини иқтисодий географик ёндашув асосида таҳлил қилиб, уни ихтисослаштириш, самарали жойлаштириш ва барқарор ривожлантиришга хизмат қилувчи ташкилий-иқтисодий механизмларни такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Қашқадарё вилоятида чорвачилик тармоғининг ҳудудий ташкил этилиши ва ривожланишини шакллантирувчи иқтисодий географик омилларнинг ўзаро таъсири ҳамда интеграцион хусусиятларини комплекс баҳолаш асосида тармоқнинг иқтисодий самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишлари ва механизмлари илмий жиҳатдан асосланган;
аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган талабини ҳудудий ишлаб чиқариш имкониятлари билан мувофиқлаштиришга қаратилган чорвачилик комплекси модели Шаҳрисабз туманидаги “Исломов Бобуржон Сайфуллаевич” фермер хўжалигига жорий этилиб, ресурс ва бозор омилларини уйғунлаштириш асосида тармоқнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш механизмлари такомиллаштирилган;
Қашқадарё вилоятида чорвачилик тармоғини ҳудудий ташкил этиш орқали ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, озуқа ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини мақбуллаштириш асосида таъминланиши илмий жиҳатдан асосланган;
вилоят аҳолисининг демографик ўсиши ва чорвачилик маҳсулотларига бўлган талаб динамикаси ўртасидаги боғлиқлик асосида аҳоли сони, истеъмол меъёрлари ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ўзаро мутаносиблигини таъминловчи 2040-йилгача мўлжалланган прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қашқадарё вилояти чорвачилик тармоқларини ҳудудий жойлаштиришнинг иқтисодий географик жиҳатлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Қашқадарё вилоятида чорвачилик тармоғининг ҳудудий ташкил этилишига таъсир кўрсатувчи иқтисодий географик омилларнинг интеграцияси асосидаги иқтисодий самарадорлик кўрсаткичларидан вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 8-майдаги 05/06-03-214-сон маълумотномаси). Натижада, чорвачилик тармоғини ҳудудий ихтисослашув асосида ривожлантириш, мавжуд табиий ва иқтисодий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда тармоқни илмий асосда режалаштириш имконини берган;
Қашқадарё вилояти аҳолисини чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг иқтисодий географик асосларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш ва тақсимлаш жараёнларини ягона ҳудудий тизим сифатида бирлаштирувчи чорвачилик комплекси моделидан вилоятнинг Шаҳрисабз туманидаги “Исломов Бобуржон Сайфуллаевич” фермер хўжалигининг 0,24 гектар майдонида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 8-майдаги 05/06-03-214-сон маълумотномаси). Натижада, қорамолчилик хўжаликларида самарадорликни ошириш тизими: ишлар кетма-кетлиги тартибга солиниб, хом ашёнинг тайёр маҳсулотга айланиши ва сотиш жараёни илмий асосда схемалаштирилган ва аҳолининг гўшт, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи барқарор қондиришга эришилган;
Қашқадарё вилояти шароитида чорвачилик тармоғининг ҳудудий ташкил этилиш орқали харажатларнинг камайиши, асосан, озуқа ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш механизмлари Шаҳрисабз туманидаги “Имронбек” фермер хўжалигида амалиётга жорий қилинган. (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 8-майдаги 05/06-03-214-сон маълумотномаси). Натижада, ҳар бир бош қўй учун ўртача 550 минг сўм миқдорида харажатни 470 минг сўмгача камайтирилшга, яъни ҳар 100 бош қўй ҳисобида умумий харажатлар иқтисод қилинишига эришилган;
Қашқадарё вилоятида аҳоли сонининг ўсиши ва чорвачилик маҳсулотларига бўлган талаб ўртасидаги ўзаро боғлиқликни аниқлаш мақсадида демографик ўсиш кўрсаткичлари, аҳоли истеъмол меъёрлари ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ўзаро уйғун ҳолда ҳисобга олиб 2040-йилгача мўлжалланган прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган ва маълумотлар вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармасида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 8-майдаги 05/06-03-214-сон маълумотномаси). Натижада, вилоятда чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмининг истиқболдаги ўсиш динамикасини илмий асосда белгилаш, аҳоли эҳтиёжлари билан ишлаб чиқариш имкониятлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган стратегик режалаштириш имкони яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish