Sayt test rejimida ishlamoqda

Миралиева Шахноза Абдурахимовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Виртуал музейлар яратишининг жаҳон тажрибаси ва Ўзбекистонда уларнинг ривожланиш истиқболлари”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи ва 17.00.06–Музейшунослик. Тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В2019.2.PhD/Tar18.
Илмий раҳбар: Ҳабибуллаев Нозим Насибуллаевич, тарих фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тарих институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти, DSc.06.01.2018.Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Хасанов Бахтиёр Вахобович, тарих фанлари доктори, профессор; Курязова Дарманжан Тураевна, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистондаги музейларни виртуаллаштиришда жаҳоннинг илғор тажрибасини қўллаш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жаҳондаги йирик музейлар (Метрополитен, Льюс номидаги Америка санъат маркази, Британия, Лувр, Эрмитаж ва б.)ни виртуаллаштиришнинг тарихий-тадрижий ривожланиш босқичлари очиб берилган (шаклланиш босқичи: 1930-1960 йиллар – аудиовизуал материалларнинг тўпланиши, илк голограммаларнинг яратилиши ҳамда 1990 йиллар – экспонатларнинг электрон шаклини тайёрлаш ва интернет сайтларига жойлаштириш; ривожланиш босқичи: 2000 йилдан – экспонатларнинг 3D шакллари ва голограмма намойишларининг кенг кўламда жорий этилиши);
виртуал музейларнинг ижтимоий-маданий ҳодиса сифатида жамият ва маданиятнинг ўзаро таъсирини таъминловчи интерактив-коммунакацион функцияси тизимли равишда асослаб берилган;
музей экспонатларининг махсус QR-кодларини тайёрлашда уларни саралашнинг тарихий изчиллик, даврийлик, ҳудудий, этнографик, ғоявий-эстетик мезонлари ишлаб чиқилиб, ушбу тамойиллар асосида Темурийлар тарихи давлат музейидаги 150 та экспонатнинг QR-кодлари ва 2 та ноёб ашёнинг 3D ҳажмли шакли яратилган;
мамлакатимиз музейларида сақланаётган тарихий экспонатлар, тематик экспозициялар ёрдамида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бой тарихимизни кенг оммага тарғиб қилиш, шунингдек, музей туризмини ривожлантиришда виртуал музейларнинг масофадан туриб кенг қамровли тарихий маълумотларни етказиб бериш афзалликлари тарихий материаллар асосида далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Виртуал музейлар яратишининг жаҳон тажрибаси ва Ўзбекистонда уларнинг ривожланиш истиқболларини тадқиқ қилиш юзасидан олинган хулоса ва таклифлар асосида::
жаҳоннинг йирик музейларини виртуаллаштириш тажрибаси, уларнинг шаклланиш (1930–1960 йй.) ва ривожланиш (2000 йиллар) босқичлари, электрон экспозицияларни яратишнинг жаҳон стандартлари ҳамда виртуал музейларнинг ижтимоий-маданий ҳодиса сифатида жамият ва маданиятнинг ўзаро таъсирини таъминловчи интерактив-коммунакацион функцияси борасида берилган тизимли маълумотлардан  Ўзбекистон музейлар кенгаши томонидан бажарилган “Виртуал музей тизимини жорий қилиш” мавзусидаги лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон музейлар кенгашининг 2018 йил 5 январдаги 01/99-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижалар Ўзбекистонда музейларни виртуаллаштириш муаммоларини аниқлаш, музейлар фаолиятида ахборот тизимини шакллантириш, экспонатларнинг махсус QR-кодларини ва 3D шаклларини яратиб, Интернет тармоғига жойлаштириш орқали бой меросимизни Ўзбекистон халқига ва халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилишга назарий жиҳатдан асос бўлган;
музей экспонатларини тарихий изчиллик, даврийлик, этнографик, ғоявий-эстетик ва ҳудудий жиҳатларига кўра ишлаб чиқилган саралаш мезонлари ҳамда уларнинг 3D ҳажмли шаклини яратиш учун тайёрланган тарихий маълумотлар базасидан Темурийлар тарихи давлат музейининг мобил иловаси ва музейнинг 150 дан ортиқ экспонатлари учун махсус QR-кодларини ва 2 та ноёб ашёнинг 3D ҳажмли шаклини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 8 февралдаги 3/1255-310-сон маълумотномаси). Ушбу илмий натижа ва хулосаларнинг қўлланилиши халқимиз ва сайёҳларга қулайлик яратиш, тарихимизни кенг тарғиб қилиш, экспонатлар ҳақидаги кенгайтирилган маълумотларни қизиқарли тарзда тақдим этиш имконини берган;
Ўзбекистон музейларини замонавий технологиялар ёрдамида такомиллаштириш, экспонатларни музей сайтларига жойлаштириш ва улар орқали ёшларнинг маънавий-ахлоқий савиясини ошириш, уларнинг онгида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантириш борасида берилган амалий тавсиялардан “Ўзбекистон” телеканалида намойиш этилган “Ассалом Ўзбекистон” кўрсатувининг “Тарих тилсими” дастурини ва “Ўзбекистон” радиоканалининг “Виртуал олам” эшиттиришини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2017 йил 30 ноябрдаги 05-15/4881-сон  маълумотномаси). Илмий хулосаларнинг қўлланилиши замонавий технологиялар орқали ёшларни тарихга, маданиятга бўлган қизиқишини кучайтиришга, Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги имкониятларини тарғиб қилишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish