Ахмедова Кумуш Шахобиддин қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Пиролиз дистиллятидан суюқ ёнилғи олиш технологиясини ишлаб чиқиш”, 02.00.08 – Нефт ва газ кимёси ва технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/T6337.
Илмий раҳбар: Хурмаматов Абдуғаффор Мирзабдуллаевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.05/2025.27.12.K/T.19.01.
Расмий оппонентлар: Сайдахмедов Шамшиддинхўжа Мухторович, техника фанлари доктори, профессор; Очилов Абдураҳим Абдурасулович, техника фанлари доктори, дотсент.
Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: газни қайта ишлаш корхоналарининг технологик жараёнларидан ажралиб чиқаётган пиролиз дистиллятидан суюқ ёнилғи олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
пиролиз дистиллятини гидрирлаш, гидротозалаш ва ректификация қилиш орқали 58% гача бензин фракцияси олишга эришилган ҳамда бензин фракцияси олишнинг янги технологик схемаси ишлаб чиқилган, жараённинг моддий ва иқтисодий баланси ҳисобланган;
пиролиз дистиллятини лаборатория шароитида гидрирлаш жараёни учун хом-ашё ва Pd/C катализатори нисбатининг 12:1, гидротозалаш жараёни учун эса хом-ашё ва AlCoMo катализатори нисбатининг 10:1 бўлиши энг мақбул эканлиги тажрибалар асосида аниқланган;
пиролиз дистиллятини гидрирлаш жараёни учун водород сақловчи газ (VSG) босими 3 МПа, ҳарорат 150°C ва жараён давомийлиги 180 дақиқа; гидротозалаш жараёни учун эса VSG босими 3-4 МПа, ҳарорат 420°C, сиркуляция коеффитсиенти 200 нм³/м³ ва жараён давомийлиги 180 дақиқа энг мақбул шароит эканлиги аниқланган;
олинган гидрогенизат таркибида олтингугурт миқдори 9,24% дан 0,04% гача, азот миқдори эса 7,4% дан 0,05% гача камайиши элемент таҳлил натижалари билан тасдиқланган;
гидрогенизат таркибининг ўзгариши ГХ-МС таҳлили асосида аниқланиб, алканлар миқдори 1,4% дан 37% гача ошгани, алкенлар 13,33% дан 5,8% гача, алкин ва диенлар эса 26,29% дан 4,54% гача камайгани исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Пиролиз дистиллятини қайта ишлаш жараёнларини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
пиролиз дистиллятини гидрирлаш, гидротозалаш ва ректификация қилиш усули “Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” нинг “2026-2028 йилларда амалиётга тадбиқ этиш учун истиқболли ишланмалар рўйхати”га киритилган (“Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” нинг 15.01.2026 даги № П02/ЭМ-37 сонли маълумотномаси). Натижада, пиролиз дистиллятини гидротозалаш жараёни AKM катализатори иштирокида ўтказилгандан сўнг дистиллят таркибидаги олтингугурт миқдори 0,04% гача, азот миқдори 0,05% гача сезиларли даражада камайтириш имконини беради;
пиролиз дистиллятидан суюқ ёнилғи олиш технологияси “Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” да 2026-2028 йилларда амалиётга жорий этиладиган истиқболли ишланмалари рўйҳатига киритилган (“Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” нинг 15.01.2026 даги № П02/ЭМ-37 сонли маълумотномаси). Натижада ушбу технология асосида 58% гача 130⁰C ҳароратда бензин фракцияси ажратиб олиш имконини беради.