Юлдашев Элёр Мухаммедовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Комил Хоразмий девони лингвопоетикаси”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.2.PhD/Fil6038.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети.
Илмий раҳбар: Юлдашев Дониёр Тахирович, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети.
ИК рақами: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи ДSc.03/2026.10.06.Fil.06.06 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Курбониязов Гулмурза Аламбергенович, филология фанлари доктори, профессор; Йўлдошев Маъруфжон Муҳаммаджонович филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Комил Хоразмий лирик меросидаги лисоний бирликлар ва бадиий тасвир воситаларининг лингвопоетик табиатини очиб бериш ҳамда шоирнинг тил бирликларидан фойдаланишдаги индивидуал маҳоратини илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Комил Хоразмий девони мумтоз адабий матнларга лингвопоетик ёндашув тамойиллари асосида чуқур ва тизимли равишда комплекс таҳлил қилиниб, унинг эски ўзбек адабий тили тараққиёти ҳамда ҳозирги ўзбек адабий тилининг шаклланишидаги ўрни махсус лисоний бирликлар индекси ёрдамида назарий жиҳатдан тўлақонли далилланган;
лирик қаҳрамон руҳий кечинмаларини гавдалантириш, нутқ мусиқийлиги ва ҳиссий-экспрессивлигини оширишда аллитерация, ассонанс, геминация, китобат каби фонетик-фонографик воситаларнинг ўрни, шунингдек, девондаги ономастик метафора, аллюзив ном, ўхшатиш эталони, интертекстуаллик каби лингвопоетик вазифаларда келган ономастик бирликлар таҳлили орқали шоирнинг ақлий салоҳияти, бадиий тафаккури ва маданий меросни ривожлантиришдаги ҳиссаси илмий жиҳатдан асосланган;
шоир назмида қўлланган синоним, антоним, омоним, пароним, диалектал ва фразеологик бирликларнинг бадиий-эстетик вазифалари таҳлили асосида ушбу тил бирликларининг бадиий матн ҳиссий таъсирчанлигини ошириши, ифода кенглиги, халқчиллик ва оҳангдорликни таъминлаши, шунингдек, тасвирни жонли, аниқ ҳамда бетакрор қила олишдаги ўрни илмий жиҳатдан исботланган;
синтактик параллелизм, риторик сўроқ, инверсия, эллипсис, градация, антитеза, оксюмарон, фарқлаш ва такрор каби услубий фигураларнинг шоир назми лингвопоетикасини ёритишдаги ўрни белгиланиб, муаллифнинг маънони яширин ифодалаш, образлилик ва ҳислар дунёсини кенгроқ очишда тасвирий воситалардан моҳирона фойдалангани, шунингдек, шоир лексикони асосида эски ўзбек тили луғатларидаги маъно изоҳларини бойитиш самарали эканлиги очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Комил Хоразмий девонидаги лисоний бирликлар лингвопоетикаси юзасидан олинган натижалар асосида:
Комил “Девон”идаги фонетик-фонографик, лексик-фразеологик ва грамматик бирликларнинг бадиий-эстетик вазифалари таҳлили асосида кўрсатилган бирликлар бадиий тасвир яратиш учун асос эканлигига оид қарашлар; шоир “Девон”ида қўлланилган лисоний бирликларнинг ўзига хос лексик-семантик ва услубий хусусиятларини ёритиш асносида эски ўзбек тилига оид мавжуд луғатлардаги луғавий бирликларнинг семалари миқдорини оширишда шоир асарлари лексиконидан фойдаланиш самарали натижа бериши асосланган хулосалардан, шу билан бирга, шоир ижодида қўлланган паремалар – фразема, мақол ва ҳикматли жумлаларнинг бадиий матн бутунлигини таъминлашдаги аҳамиятига доир тадқиқот натижалари ва тадқиқот давомида яратилган шоир “Девон”идаги иборалар ва афоризмлар каталогидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтида 2017–2020-йилларда бажарилган ФА-Ф-1-005-рақамли “Қорақалпоқ фолклоршунослиги ва адабиётшунослик тарихини тадқиқ қилиш” номли фундаментал илмий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2025-йил 09-сентабрдаги 541/1-сон маълумотномаси). Натижада грант илмий базаси кенгайишига, шу билан бирга, ушбу лойиҳанинг паремалар мавзуий гуруҳланишининг ифодаланиш хусусиятлари ҳақидаги қисмлари янги таҳлиллар ва тушунчалар билан бойитилишига хизмат қилган;
мумтоз бадиий матнларни лингвопоетик таҳлил қилишнинг назарий асослари ва Комил “Девон”и матнининг лингвистик таҳлили асосида шоирнинг эски ўзбек тили ривожидаги ўрни ёритилган; шоирнинг бадиий матн яхлитлиги ва эстетик таъсир қурилмалари яратишда тил бирликларидан ижодий тарзда фойдаланиб, уларга янги маъно юклай олиш санъати лингвистик нуқтайи назаридан далилланган; шоирнинг троп ва услубий фигуралардан ўринли фойдаланиши, бу тасвир воситаларининг семантик, услубий имкониятларини намоён қилганлиги, шунингдек, “Девон”да истифода этилган ономаларнинг бадиий матндаги коннотатив маъноси – бадиий юк олиши, интертекстуаллик ва аллюзив ном ҳосил қилишдаги ўрни асослаб берилган хулосаларидан Давлат илмий-техник дастури доирасида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2023–2024-йилларда бажарилган АЛ-662205561 рақамли “Алишер Навоий муаллифлик корпусини яратиш” номли амалий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 06-октабрдаги № 01/04-6788-сон маълумотномаси). Натижада амалий лойиҳа доирасида корпуснинг эски ўзбек тили йўналиши эстетик юк олган лисоний бирликлар ва тасвирий воситаларнинг семантик-услубий имкониятлари ҳисобига бойитилиши таъминланган;
диссертация ишининг материаллари, шунингдек, лисоний бирликларга турлича коннотатив маъно юклай олиш маҳорати тасвирий воситалардан унумли ва ўринли фойдаланиши орқали ҳамда кўчимлар, ўхшатиш, градация, такрорнинг бадиий матн таркибидаги муҳим ўринга эгалиги юзасидан аниқланган илмий хулосалари ва тавсияларидан Хоразм вилоят телерадиокомпаниясининг “Ассалом Хоразм” кўрсатуви (2025-йил 18-январ сони) ҳамда “Нажот – билимда” радиоешиттируви (2025-йил 16-май сони)нинг ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг 2025-йил 25-сентабрдаги №781-сон маълумотномаси). Натижада Комил Хоразмийнинг назмдаги лингвопоетик маҳорати турли ижтимоий, маданий ва маънавий омиллар таъсирида юзага келганлиги, шоир ижодини ўрганиш воҳамиз вакилларининг маданияти ва тафаккурини англаш учун ҳам асосий илмий-амалий аҳамият касб этиши орқали телекўрсатувларнинг илмий-оммабоплиги таъминланган ҳамда кўрсатув ссенарийлари матнининг илмий савияси бойитилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish