Алимов Наврўз Ғанишер ўғлининг

Фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Кофирқалъанинг илк ўрта асрлар даври ҳунармандчилиги», 07.00.06 -Археология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.3.PhD/Tar1610
Илмий раҳбар: Бердимуродов Амридин Эргашович, тарих фанлари номзоди, етакчи илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Й. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами:Самарқанд археология институти, DSc.13/2025.27.12.Tar.02.01. Расмий оппонентлар: Исомиддинов Муҳаммаджон Хасанович, тарих фанлари доктори, профессор; Турганов Бахит Қурбанбаевич, тарих фанлари доктори.
Етакчи ташкилот номи:Жиззах давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: Назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади. Кофирқалъанинг илк ўрта асрлар даври ҳунармандчилиги тарихини ёритишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:    
Кофирқалъа ёдгорлигининг илк ўрта асрлар даврига оид қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар (алмандин, агат, малахит, халседон, нефрит, ақиқ, сердолик, тоғ хрустали) дан ишланган буюм ва безаклари ёзма ва этнографик манбалар асосида таҳлил қилиниб, бундай тошлар нафақат тақинчоқ безаги сифатида ишлатилгани, балки кўз тегиши, балоқазо, инс-жинсдан сақловчи, даволовчи восита деб ишонилганлиги илмий асосланди; ‑
Кофирқалъа ёдгорлигининг илк ўрта асрлар даврига оид пайконларининг шакли ва тузилишига қараб олти типга ажратилди. Ушбу пайконлар археологик ва этнографик манбалар асосида таҳлил қилиниб, улар оғир ва енгил қуролланган отлиқ ҳамда пиёда аскарларга қарши, шунингдек овчилик мақсадида ишлатилганлиги илмий асосланди;
Кофирқалъа зебигардонининг тасвирий ва безак хусусиятлари Афросиёб ҳамда Панжикент ёдгорликларининг илк ўрта асрларга оид деворий суратлари, Суғд сопол идишлари, кумуш тўқалари, камар анжомлари ва меъморий безаклари билан қиёсий таҳлил қилиниб, мазкур топилманинг Суғд маҳаллий заргарлик анъаналари асосида яратилганлиги илмий асосланди.
Кофирқалъадан топилган антропоморф тасвир туширилган алмандин тош безак Суғд ҳудудига оид терракота ҳайкалчалари, Афросиёб ва Панжикент деворий суратларидаги персонажлар юз қиёфалари билан услубий жиҳатдан яқинлиги қиёсий таҳлил қилиниб, шунингдек Муғ тоғи суғдий ҳужжатлари ҳамда хитой, араб-форс манбаларидаги қимматбаҳо тошлардан фойдаланишга оид кўплаб маълумотлар асосида унинг айнан Суғд ҳудудида тайёрланганлиги асосланди.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
“Кофирқалъанинг илк ўрта асрлар даври ҳунармандчилиги” мавзусидаги фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертасия бўйича қўлга киритилган илмий натижалар асосида:
Тадқиқот натижаларининг илмий хулоса ва тавсияларидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Экспедиция”, “Кўҳна манзиллар” кўрсатувида тадқиқотчи томонидан таъкидланган маълумотлар: Кофирқалъа ёдгорлигида илк ўрта асрларда кечган сиёсий-маданий жараёнлар ва ёдгорликнинг ўрганилиши тарихи борасидаги; ёдгорликдаги кулолчилик хумдонлари, жойлашган ўринлари, тузилиши, функциялари; шунингдек, ёдгорликда ҳунарманчиликнинг қайси турлари ривожланганлиги, шаҳарнинг иқтисодий ҳаётида ҳунармандчиликнинг ўрни; шаҳарда ишлаб чиқарилган кулолчилик буюмлари, темир буюмлар, шиша идишларни қўшни ҳудудлар билан ўшаш ва фарқли жиҳатлари.
Кофирқалъа ёдгорлигининг илк ўрта асрлар даврига оид қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлари (алмандин, агат, малахит, халседон, нефрит, ақиқ, сердолик, тоғ хрустали) уларнинг тури ва хусусиятлари, ушбу тошлар нафақат тақинчоқ ва безак сифатида ишлатилгани, балки кўз тегиши, балоқазо, офат ва инс-жинсдан сақловчи восита сифатида ҳам қўлланганлиги, шунингдек, сеҳр, афсун ва табиатнинг ғайритабиий кучлари тушунчалари билан боғлиқ бўлганлиги борасидаги илмий янгилик ва хулосалардан фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Маърифат” ижодий бирлашмаси давлат муассасасининг 2025-йил 26-декабрдаги № 01-33/989-сонли маълумотномаси). ‑Кўрсатувлар томошабинларни илк ўрта асрлар Кофирқалъа ва Суғд тарихи, унинг моддий ва маънавий маданиятига доир янги маълумотлар билан танишишга хизмат қилган.
Илмий тадқиқотнинг обекти бўлган “Кофирқалъа” ёдгорлиги артефактлари, хусусан ёғоч ўймакорлигининг ноёб намунаси бўлган панно, сопол идиш намуналари, оссуарий намуналаридан, шунингдек илмий тадқиқот натижалари Самарқанд шаҳридаги Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг кўргазмалар залини бойитишда, илмий тадқиқот натижаларининг Ўзбекистон тарихи давлат музейида экспозицияларни яратилишида кенг фойдаланилмоқда (“Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси” нинг 2026-йил 16-январдаги 14-сонли маълумотномаси).
Тадқиқот натижалари бўлган Кофирқалъа ёдгорлигининг илк ўрта асрлар даврига оид пайконлари оғир ва енгил қуролланган отлиқ ҳамда пиёда аскарларга қарши, шунингдек овчилик мақсадида ишлатилгани ҳақидаги, Кофирқалъа зебигардонининг тасвирий ва безак хусусиятларидан келиб чиқиб топилманинг Суғд маҳаллий заргарлик анъаналари асосида яратилганлиги каби илмий хулосаларидан фойдаланиш ва Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида амалиётга жорий қилиниши натижасида хорижий ва маҳаллий сайёҳларни Кофирқалъанинг металлсозлик, заргарлик ҳунармандчилиги ҳақида янги маълумотларни олишларига асос бўлмоқда. (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2026-йил 13-январдаги 04-07/152-сонли маълумотномаси).

Yangiliklarga obuna bo‘lish