Sayt test rejimida ishlamoqda

Иминов Тўхтасин Нурмаматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Суғориладиган ерларда ирригация хизматлари ва мелиоратив тадбирларнинг самарадорлигини ошириш йўллари», 08.00.04–Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.Ph.D/Iqt91.
Илмий раҳбар: Умурзаков Ўктам Пардаевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.I.10.03.
Расмий оппонентлар: Хасанов Шавкат Турсунқулович, иқтисодиёт фанлари доктори; Шохўжаева Зебо Сафоевна, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: суғориладиган ерларда ирригация хизматлари ва мелиоратив тадбирлар самарадорлигини ўзаро боғлиқликда оширишнинг ташкилий-иқтисодий асосларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сув сарфига сизот сувлари чуқурлиги ва унинг шўрланиш даражасига қараб тақсимланган пахта-ғалла экин майдонлари ҳажми ўзгаришининг таъсири бўйича услубий ёндашув ишлаб чиқилган;
пахта-ғалла экин майдонлари учун сув истеъмоли режасини оптимал эгат узунлиги ва чуқурлигини назарда тутган ҳолда тузиш бўйича тавсиялар асосланган;
СИУларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини тузиш ҳамда улар балансидаги насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини фермер хўжаликлари балансига ўтказилиши ҳисобидан замонавий мелиоратив ва мобил техникалар билан таъминлаш юзасидан тавсиялар асосланган;
давлат-хусусий шерикликка асосланган туман СИУни тузиш асосида улар фаолиятини такомиллаштириш тавсия этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Суғориладиган ерларда ирригация хизматлари ва мелиоратив тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича олинган  таклиф ва амалий тавсиялар асосида:
сув сарфи, сизот сувларининг жойлашиш чуқурлиги ва шўрланиш даражаси маълумотларига таяниб, оптимал суғориш техникаси элементларини танлашнинг математик моделини қўллаш таклифи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 1 мартдаги 03/16-90-сон маълумотномаси). Мазкур моделнинг татбиқ этилиши шўр ювишга сарфланадиган сувларни 15-20 фоизга тежаш ҳамда суғориш тармоғи охирида жойлашган экин майдонларини сув билан таъминлаш имкониятларини яхшилаш имконини берган;
оптимал суғориш техникаси элементлари ёрдамида вегетация даврига тузиладиган сув истеъмоли режаси ва СИУларнинг харажатлар сметаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 1 мартдаги 03/16-90-сон маълумотномаси). Натижада бир гектар ҳисобига сув истеъмолини ўртача 5-7 фоизга камайишига, пахта ҳосилдорлигининг ўртача 7-9 фоизга, ғалла ҳосилдорлигининг ўртача 8-10 фоизга ортишига олиб келган;.
ирригация хизматлари ва мелиоратив тадбирларнинг молиявий манбаларини кўпайтириш орқали СИУларни замонавий мелиоратив ва мобил техникалар билан таъминлаш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 1 мартдаги 03/16-90-сон маълумотномаси). Бунда СИУларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредит ресурслари таркибидаги СИУ хизмати ва бошқа харажатлар таркибидаги ички хўжалик ирригация ҳамда коллектор-зовур тармоқларини тозалаш ва сақлаш харажатлари учун маблағлар, уларнинг кредит фоиз ставкалари пасайтирилиши, СИУлар балансидаги насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг фермер хўжаликлари балансига ўтказилиши эвазига электр энергияси, сақлаш, таъмирлаш ва сотиб олиш харажатларининг тежалиши ҳисобидан туман СИУларини замонавий мелиоратив ва мобил техникалар билан таъминлаш, шунингдек, ходимларни моддий рағбатлантириш имкониятларининг яратилишига хизмат қилган;
кўрсатилаётган ирригация хизматлари ва мелиоратив тадбирларда қўлланилаётган анъанавий ва ресурстежамкор технологияларнинг самарадорлигини ўзаро боғлиқликда ошириш мақсадида давлат-хусусий шерикликка асосланган туман СИУни тузиш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 1 мартдаги 03/16-90-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф натижасида 1 гектар комплекс майдонга сарфланадиган сув миқдорининг 10-15 фоизга тежалиши ва 1 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришдан ўртача 738 минг сўм қўшимча даромад олиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish