Назарова Шаҳноза Шокировнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Муҳандислик йўналиши талабаларига компютер графикаси асосида лойиҳа-конструкторлик кўникмасини такомиллаштириш методикаси (техник тизимларда ахборот технологиялари фани мисолида)”, 13.00.02 –Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/Ped12119.
Илмий маслаҳатчининг F.I.Sh., илмий даражаси ва унвони: Холматова Саида Воҳобжоновна, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), дотсент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган давлат техника университети, PhD.03/2025.27.12.Т.15.06.
Расмий оппонентларнинг F.I.Sh., илмий даражаси ва унвони: Бутаев Тухтасин, педагогика фанлари доктори, профессор; Нажмиддинова Ёқутхон Рухитддиновна, педагогика фанлари доктори, дотсент.
Етакчи ташкилот номи: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Муҳандислик йўналиши талабаларининг лойиҳа-конструкторлик кўникмасини компютер графикаси асосида такомиллаштириш методикасини “Техник тизимларда ахборот технологиялари” фани мисолида ишлаб чиқиш ва тажриба-синов натижалари асосида баҳолашдан иборат.
III. Диссертация тадқиқотининг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
лойиҳа-конструкторлик кўникмасининг олти компонентини график маҳсулот, техник изоҳ ва тузатиш далиллари орқали тўрт баҳолаш мезонига боғлаш асосида кўникманинг фаолиятда намоён бўлиш мазмуни аниқлаштирилган;
дизайн-ревюда (лойиҳа ечимини мезонлар асосида муҳокама қилишда) берилган мезонли изоҳни график моделнинг тузатилган версияси ва портфолио (лойиҳа маҳсулотлари ва уларнинг версиялари тўплами) далилига боғлаш асосида консептуал модел ҳамда саккиз босқичли “VIZ-LOYIHA” методикаси ишлаб чиқилган;
эскиздан электрон портфолиогача бўлган етти маҳсулотнинг ҳар бирини кейинги топшириқнинг бошланғич материали сифатида қўллаш ва техник обектга мослаштириш орқали график топшириқлар тизими такомиллаштирилган;
график маҳсулот, қарорни асослаш ва тузатиш далилларини тўрт мезон билан боғлайдиган баҳолаш тартиби ишлаб чиқилди; мезонларнинг фан мазмунига мослиги, даража дескрипторлари, интеграл балл ва турли даража белгилари бирга кузатилганда баҳо бериш қоидаси аниқлаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Муҳандислик йўналиши талабаларида компютер графикаси асосида лойиҳа-конструкторлик кўникмасини такомиллаштиришга оид тадқиқот натижалари асосида:
лойиҳа-конструкторлик кўникмасининг педагогик таркибини аниқлаштириш, график фаолиятни ташкил этиш модели ва дидактик шарт-шароитларни такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсиялар Наманган давлат техника университетининг “Транспорт воситалари муҳандислиги”, “Йўл ҳаракатини ташкил этиш” ва “Электр муҳандислиги” йўналишлари биринчи курс талабаларига “Техник тизимларда ахборот технологиялари” фанини ўқитиш жараёнига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари марказининг 2026-йил 7-майдаги 02/01-01-374-сон маълумотномаси). Натижада талабаларнинг тайёргарлигини диагностика қилиш, график фаолиятни босқичма-босқич ташкил этиш ва олинган натижаларни умумлаштиришга йўналтирилган методик таъминотни такомиллаштириш имконияти яратилган;
компютер графикасига асосланган ўқув топшириқлари, муаммоли-лойиҳавий фаолият ва рақамли ўқув материалларидан фойдаланишга доир методик тавсиялар Андижон давлат техника институтининг “Йўл муҳандислиги”, “Йўл ҳаракатини ташкил этиш” ва “Барқарор транспорт” йўналишлари биринчи курс машғулотларига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари марказининг 2026-йил 7-майдаги 02/01-01-374-сон маълумотномаси). Натижада талабаларнинг график топшириқларни бажариш, лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш ва уларни асослашга қаратилган ўқув фаолиятини ташкил этишнинг методик имкониятлари кенгайган;
график топшириқлар, муаммоли-лойиҳавий фаолият ва рақамли ўқув материалларидан фойдаланишга оид методик тавсиялар Жиззах политехника институтининг “Логистика” ва “Йўл ҳаракатини ташкил этиш” йўналишларидаги таълим жараёнида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари марказининг 2026-йил 7-майдаги 02/01-01-374-сон маълумотномаси). Натижада техник талабни график моделга айлантириш, лойиҳа ечимини текшириш, қарорни асослаш ва натижаларни ҳужжатлаштиришга йўналтирилган ўқув фаолиятини ташкил этиш имкониятлари кенгайган;
муҳандислик йўналиши талабаларининг лойиҳа-конструкторлик кўникмасини компютер графикаси асосида такомиллаштиришга доир ҳамда методик тавсиялардан Ўш давлат университетидаги илмий лойиҳада ҳамда Ўзбекистон Миллий университетида 2022–2024-йилларда бажарилган ИЛ-4821091548-сонли фундаментал лойиҳа вазифаларини амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий университетининг 2026-йил 6-майдаги 04/11-11523-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот доирасида ишлаб чиқилган методик тавсияларнинг мазкур илмий лойиҳалар вазифаларини бажаришда амалий қўлланишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish