Зияев Миржалол Олимовичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек тилида миннатдорчилик нутқий актининг лингвопрагматик хусусиятлари (ОАВ материаллари асосида)”, 10.00.01 – Ўзбек тили ихтисослиги (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  В2024.1.PhD/Fil4316.
Илмий раҳбар: Лутфуллаева Дурдона Эсоновна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қўқон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қўқон давлат университети, PhD.03/2025.27.12.Fil.34.02.
Расмий оппонентлар: Азимов Иномжон Мамасодиқович, филология фанлари доктори, профессор; Қозоқова Нозимахон Абдулбоқиевна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тилида миннатдорчилик нутқий актларининг ҳосил бўлиши, ифодаланиш усуллари, лингвопрагматик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўзбек тилидаги миннатдорчилик нутқий актларининг мулоқот маданиятида тутган ўрни ҳамда миннатдорчилик коммуникатив-прагматик категориясининг моҳияти очиб берилган;
мулоқот жараёнида миннатдорчилик нутқий актларининг ҳосил бўлишига туртки берган ташқи омиллар (нутқий вазият, мулоқот  муҳити,  нутқ эгаларининг ижтимоий мавқейи, жинси, оила ва жамоадаги роли, коммуникатив мақсади, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ меъёрлари кабилар) аниқланиб, уларни юзага келтирган сабаблар кўрсатилган;
ўзбек тилидаги миннатдорчилик нутқий актларининг семантик-синтактик структураси белгиланган, миннатдорчилик нутқий актларини ҳосил қилувчи лексик, синтактик воситалар ҳамда миннатдорлик интонацияси аниқланиб, ўзига хос прагматик хусусиятлари ёритилган;
миннатдорчилик нутқий актларининг локутив, иллокутив функсиясига аниқлик киритилган, адресат адресантга нутқий таъсир кўрсатишда турли перформатив тузилмалардан фойдаланиши далилланган ҳамда  ўзбек тилида миннатдорлик ҳиссининг дуо, тилак, шукроналик, олқиш,  ваъда, эътироф, розилик,  хабар, баҳо, тасдиқ, раддия каби қатор нутқий актлар орқали яширин ифодаланиши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек тилида миннатдорчилик нутқий актларининг прагматик тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ўзбек тилидаги миннатдорчилик нутқий актларининг мулоқот маданиятида тутган ўрни, коммуникатив-прагматик моҳияти, ҳосил бўлишига туртки берган ташқи омиллар, сабаблар бўйича чиқарилган хулосалардан ФЗ-2016-0908165532-рақамли “Қорақалпоқ тилининг янги алфавити ва имло қоидаларига  мувофиқ  она тили ва адабиётни ривожлантириш  методикаси” фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институтининг 51-сонли маълумотномаси). Натижада мазкур лойиҳа она тили ва адабиётни ривожлантиришда миннатдорчилик нутқий актларининг ўрни масаласига  доир илмий-назарий маълумотлар билан бойитилган; 
ўзбек тилидаги миннатдорчилик нутқий актларининг семантик-синтактик жиҳатдан шаклланишида лексик, синтактик воситалар ҳамда интонациянинг прагматик хусусиятларига доир хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2019-2022-йилда бажарилган  “А-ОТ-2019-10 рақамли “Ўзбек тилида нейминг: меъёрий-ҳуқуқий асосларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 04/1-1563-сонли маълумотномаси). Натижада лойиҳа иши ном яратиш технологиясида миннатдорчилик актларининг аҳамиятига оид маълумотлар билан кенгайтирилган. 
миннатдорчилик нутқий актларининг локутив, иллокутив, нутқий таъсир кўрсатиш функсияси ҳамда  дуо, тилак, шукроналик, олқиш,  ваъда, эътироф, розилик,  раддия кабиларни англарувчи жумлалар орқали яширин ифодаланиши ҳақидаги хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон-24” ижодий бирлашмаси, “Ўзбекистон” телерадиоканалида эфирга узатилган “Таълим ва тараққиёт”, “Адабий жараён” номли дастурлар ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (05-09-280-сонли ма'лумотнома). Натижада ушбу дастурлар ссенарийлари мазмунига бадиий нутқда миннатдорчилик актларининг яширин ифодаланиши ҳақидаги хулосалар сингдирилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish