Sayt test rejimida ishlamoqda

Худайбергенов Бехзод Бахтиёровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Банкротлик таомили сифатида суд санациясини такомиллаштириш», 12.00.03–Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Yu93.
Илмий раҳбар: Синдаров Комил Ойдинович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.27.06.2017.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Рустамбеков Исломбек Рустамбекович, юридик фанлар доктори, доцент; Азизов Худойқул Тожиевич, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: банкротлик таомили сифатида суд санациясини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш ва уни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қарздорнинг молиявий аҳволи ҳақидаги маълумотларни кредиторларга тақдим қилиш лозимлиги ва қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорга эътироз билдириш мумкинлиги асосланган;
қарздорни соғломлаштириш мақсадида банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилишидан олдин тузилган бир кредиторнинг бошқа кредиторлардан устун бўлишига олиб келадиган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш зарурлиги асосланган;
банкротлик тушунчасини халқаро стандартларга мослаштириш, кредиторлар талабларини қаноатлантириш билан боғлиқ муносабатларга тўловга қобилиятсизлик тушунчасини татбиқ қилиш мақсадга мувофиқлиги асосланган;
кредиторлар йиғилишининг қарорига мувофиқ суд санациясини жорий этиш ва ўтказиш, суд санацияси режаси айрим тоифадаги кредиторлар томонидан маъқулланиши лозимлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Банкротлик таомили сифатида суд санациясини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
кредиторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш, қарздорнинг молиявий аҳволи тўғрисидаги ахборотни ҳар қандай кредиторга унинг ёзма сўрови олинган вақтдан бошлаб ўн кун ичида тақдим этиш, кредиторга қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорга эътироз билдириш ҳуқуқини бериш билан боғлиқ таклифлардан Ўзбекистон Республикаси «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддаси учинчи қисми ва 51-моддаси учинчи қисмларини ишлаб чиқишда фойдаланилган  (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2019  йил 31 майдаги 04/1-06-76-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар қарздорнинг молиявий аҳволи ва ўз фаолияти ҳақидаги ахборотни кредиторга тақдим этиб бориш ва банкротлик тўғрисидаги ишда қатнашувчи шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилган;
қарздорни соғломлаштириш мақсадида банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилишидан олдин тузилган бир кредиторнинг бошқа кредиторлардан устун бўлишига олиб келадиган битимларни ҳақиқий эмас деб топишни ҳуқуқий тартибга солишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2018 йил 28 сентябрдаги 2308/04-16-2-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар банкротлик тўғрисидаги ишда қарздор тўлов қобилиятини тиклаш ва кредиторлар талаблари қаноатлантирилишини таъминлашга хизмат қилган;
банкротлик тушунчасини халқаро стандартларга мослаштириш билан боғлиқ таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини қабул қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2019 йил 10 апрелдаги 1061/03-23-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар қарздорни соғломлаштириш ва банкрот деб топиш билан боғлиқ муносабатларга тўловга қобилиятсизлик тушунчасини татбиқ қилиш ва тугатишга доир иш юритиш таомили қўлланилган ҳолатлардагина банкротлик тушунчасидан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилган.
суд санацияси ёки ташқи бошқарув режасини маъқуллашда кредиторларни тоифаларга ажратиш ва ҳар бир кредитор гуруҳининг овозларини алоҳида ҳисоблаш, банкротлик таомилларини ўтказиш муддатларини соддалаштиришга доир таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини қабул қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2019 йил 10 апрелдаги 1061/03-23-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар қредиторлар манфаатлари тўқнашувини адолатли ҳал қилиш, банкротлик тўғрисидаги ишда қарздор ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish