Нурназарова Гулҳайё Уктамовнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар: Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи): “Лигноцеллюлозали хомашёлар асосида композицион сорбентларнинг самарали таркиб ва технологиясини ишлаб чиқиш ва нефт маҳсулотлари билан ифлосланган оқава сувларни тозалаш учун қўлланилиши”, 02.00.07 - Композицион, лок-бўёқ ва резина материаллари кимёси ва технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: В2026.2.PhD/Т6637.
Илмий раҳбар: Тўхтаев Феруз Садуллоевич, кимё фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДМ, DSc.03/2025.27.12.Т.02.06.
Расмий оппонентлар: Рисқулов Алимжан Ахмаджанович, техника фанлари доктори, профессор; Эрниёзов Норқул Бекниёзович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот номи: Тошкент кимё-технология институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: лигноцеллюлозали хомашёлар асосида композицион сорбентларнинг самарали таркиб ва технологиясини ишлаб чиқиш ва нефт маҳсулотлари билан ифлосланган оқава сувларни тозалаш учун қўллашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
маҳаллий лигноцеллюлозали хомашёлар – ерёнғоқ пўчоғи ва айлант дарахти қипиқлари асосида композицион сорбентлар ҳосил бўлишининг таркиб–структура–хосса қонуниятлари ҳамда пиролиз жараёнлари натижасида ривожланган микро- ва мезоғовакли карбон структураларнинг шаклланиш механизмлари аниқланган;
СЕМ, ФТИР, ХРД ва БЕТ усулларида олиб борилган тадқиқотлар асосида сорбентларнинг сорбсион фаоллиги сирт функсионал гуруҳлари ҳамда ғовак тузилиш параметрлари билан бевосита боғлиқлиги аниқланиб, адсорбсия марказларининг ҳосил бўлиш қонуниятлари илмий асосланган ҳолда композицион сорбентнинг оптимал таркиби ишлаб чиқилган;
нефт маҳсулотларининг композицион сорбентларда адсорбсияланиш жараёни Ленгмюр ва Френдлих изотерма моделлари асосида тавсифланиб, Ленгмюр модели (Р² = 0,997) нинг Френдлих моделига (Р² = 0,958) нисбатан юқори мослиги адсорбсия жараёнининг асосан моноқатламли механизм бўйича кечишини ҳамда сорбент сиртининг қисман гетероген табиатга эга эканлиги асосланган;
композицион сорбентларнинг сорбсия–десорбсия циклларидаги эксплуатацион барқарорлиги аниқланиб, регенерация жараёнидан сўнг уларнинг самарадорлиги 80–91 % даражада сақланиши ҳамда оқава сувларини нефт маҳсулотлари ва мойли эмулсиялардан тозалаш учун композицион сорбентлар асосидаги модулли технологик линия ишлаб чиқилиб, тажриба-саноат синовлари натижасида тозалаш самарадорлигининг 96–99 % га етиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Лигноцеллюлозали хомашёлар асосида композицион сорбентларнинг самарали таркибини олиш технологиясини ишлаб чиқиш ҳамда нефт маҳсулотлари билан ифлосланган оқава сувларни тозалашда қўллаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
композицион сорбентларни ишлаб чиқариш технологияси “ИЕС” АЖ “Сирдарё ИЕС” филиалида амалиётга жорий этилган (“ИЕС” АЖ “Сирдарё ИЕС” филиалининг 2026 йил 29-июндаги №01-48/1584-сонли маълумотномаси). Натижада, импорт қилинадиган АГ-3, БАУ-А ва АқуаСорб@85 маркали сорбентлардан 2-4 мартагача арзон, экологик хавфсиз, қайта тикланувчан импорт ўрнини босувчи сорбентларни олиш имконини берган; 
олинган композицион сорбентларнинг самарали таркиблари “ИЕС” АЖ “Сирдарё ИЕС” филиалида оқава сувларини нефт маҳсулотлари ва мойли эмулсиялардан тозалаш жараёнида амалиётга жорий этилган (“ИЕС” АЖ “Сирдарё ИЕС” филиалининг 2026 йил 29-июндаги №01-48/1584-сонли маълумотномаси). Натижада, “ИЕС” АЖ “Сирдарё ИЕС” филиалидаги технологик тизимнинг умумий самарадорлигини 90–95 % гача ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish