Тажибоев Ботир  Рахимжоновичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.   
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): Лисоний ассоциатив майдоннинг гендерологик тадқиқи, 10.00.01 – Ўзбек тили (Филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2026.2.DSc/Fil548.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти.
Илмий раҳбар: Лутфуллаева Дурдона Эсоновна, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти, DSc 05/2025.27.12.Fil.15.03 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Маъруфжон Йўлдошев, филология фанлари доктори, профессор; Акмал Йўлдошев, филология фанлари доктори, профессор; Раъно Давлатова, филология фанлари доктори, профессор; 
Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 18-45 ёшлардаги ўзбек аёл ва эркак синалувчиларда бахт, бойлик, тўй, ўлим, оила, фарзанд, рўзғор туртки сўзлари ва АЁЛ, ЭРКАК консептлари бўйича ҳосил бўладиган ассоциациялар майдонларини шакллантириш ҳамда мазкур майдонларнинг ассоциатив-гендерологик хусусиятларини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотининг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
эркак ва аёлларда ҳосил бўладиган лисоний ассоциациялар гендер лингвистикасининг  тадқиқ обекти эканлиги асосланган; бу аспектда олиб бориладиган тадқиқотлар турли жинс вакилларининг воқелик ҳақидаги билим ва тасаввурлари, унга бўлган муносабатини аниқлашда муҳим ўрин тутиши далилланган;
тажриба материаллари асосида лисоний ассоциатив майдонларни аниқлашнинг турли усуллари ишлаб чиқилган; ассоциатив майдонларнинг жамоавийлик, индивидуаллик,  чексизлик, структур ва семантик жиҳатдан ранг-баранглик каби белгиларга эга бўлиши, синалувчилар жинсига кўра фарқланиши асосланган;
ўзбек тили эгаларида гендер жиҳатдан фарқланувчи ассоциацияларнинг ҳосил бўлишига туртки берувчи омиллар: оламнинг турлича идрок этилиши, жинс билан боғлиқ психология, турли жинс вакилларининг ташқи оламдаги нарса-предметлар, воқеа-ҳодисаларга бўлган ҳар хил муносабати, миллий-маданий қарашлари, жамиятда бажарадиган ижтимоий роллари кабилар аниқланиб, моҳияти очиб берилган; 
ўзбек халқининг ижтимоий, маънавий, маданий қадриятларини акс эттирувчи, эркак ва аёлларнинг онги, дунёқараши, оламга бўлган муносабатини  очиб беришга хизмат қилувчи бахт, бойлик, тўй, ўлим, оила, фарзанд, рўзғор туртки сўзлари ассоциатив майдонларида гендер жиҳатдан фарқлар мавжуд бўлиши  далилланган;
ўзбек тили эгаларида АЁЛ, ЭРКАК консептлари бўйича юзага келган ассоциациялар майдонида турли жинс вакиллари ҳақида жамиятда юзага келган барқарор стереотиплар воқеланиши аниқланган, уларнинг гендерологик хусусиятлари очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек  аёл ва эркак синалувчилари ассоциациялари майдонларининг ассоциатив-гендерологик тадқиқи асосида:
ўзбек халқининг ижтимоий, маънавий, маданий қадриятларини акс эттирувчи, эркак ва аёлларнинг онги, дунёқараши, оламга бўлган муносабатини очиб беришга хизмат қилувчи бахт, бойлик, тўй, ўлим, оила, фарзанд, рўзғор туртки сўзлари ассоциатив майдонларида гендер жиҳатдан фарқлар мавжуд бўлган лексемаларнинг таржимаси билан боғлиқ хорижий сўз ва атамаларнинг  ўзбекча муқобилини аниқлашдаги хулосалардан ТошДЎТАУ ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида бажарилган АЛМ-202310132634-рақамли “Янги сўз ва атамаларнинг ўзбекча муқобилини сунъий интелект асосида автоматик тақдим қилувчи атамаcом.уз дастурий таъминоти платформаси ва мобил иловасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (ТошДЎТАУ ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг 2026-йил 15-майдаги 01-363-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу лойиҳа гендерга оид лексемаларнинг ўзбекча муқобиллари билан бойиди; 
эркак ва аёлларда ҳосил бўладиган лисоний ассоциациялар турли жинс вакилларининг воқелик ҳақидаги билим ва тасаввурлари, унга бўлган муносабатини аниқлашда муҳим ўрин тутиши ҳақидаги хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида бажарилган “Ҳозирги қорақалпоқ тилидаги сўз ясалиш тизимининг назарий асослари” мавзусидаги фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2026-йил 16-апрелдаги 158/1-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу лойиҳада ҳозирги қорақалпоқ тилида янги  сўз ясалишида инсоннинг воқелик ҳақидаги билим ва тасаввурлари, ассоциациялари муҳим ўрин тутиши ҳақида илмий  хулосалар чиқарилган;
тажриба материаллари асосида ҳосил қилинган ассоциатив майдонлар жамоавийлик, индивидуаллик,  чексизлик, структур ва семантик жиҳатдан ранг-баранглик каби белгиларига эга бўлиши, синалувчилар жинсига кўра фарқланиши ҳақидаги назарий хулосалардан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бажарилган АЛ-662204393 рақамли “Қорақалпоғистон фолклоршунослиги антологиясини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳасида фойдаланилган (Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг 2026-йил 18-апрелдаги 01-21-01/1713-сон маълумотномаси). Натижада, халқ оғзаки ижоди намуналарида аёл ва эркак образлари тасвири ҳақидаги хулосалар тажриба натижалари билан бойитилган;
ўзбек тили эгаларида гендер жиҳатдан фарқланувчи ассоциацияларнинг ҳосил бўлишига туртки берувчи омиллар: жинс билан боғлиқ психология, турли жинс вакилларининг ташқи оламдаги нарса-предметлар, воқеа-ҳодисаларга бўлган муносабати, миллий-маданий қарашлари ҳақидаги хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Маҳалла” телерадиоканалининг “Кун нафаси” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2026-йил 24-апрелдаги 01-16-93-сон маълумотномаси). Натижада, кўрсатув мазмуни ўзбек халқининг миллий-маданий қадриятларини акс эттирувчи ассоциатив майдонларда гендер жиҳатдан фарқланишлар мавжуд бўлиши ҳақидаги қарашлар асосланган;
ўзбек аёл ва эркаклари нутқига хос лексема, фразема, сўз бирикмаларининг лингвомаданий ва семантик таҳлилига оид хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Муносабат”, “Тилга эътибор” кўрсатувларида фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2026-йил 22-майдаги 02-09-1025-сон маълумотномаси). Натижада, ўзбек халқининг ўзига хос турмуш ва тафаккур тарзи, ҳаёт йўли ҳамда гендерологик тафовутлари ҳақидаги назариялар амалда далилланган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish