Мирзаева Мафтуна Муродилло қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий қоидалар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Короскон саййидлари оилавий ҳужжатлари тарихий манба сифатида (XVI–XIX асрлар)” мавзусидаги 07.00.08 – Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари ихтисослигидаги тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.2.PhD/Tar1259.
Илмий раҳбар: Султонов Ўктамбек Абдулғаниевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, DSc.05/2025.27.12.Tar.06.01.
Расмий оппонентлар: Қўлдошев Шерали Темиралиевич – тарих фанлари (DSc), Маликов Азим Маннонович – тарих фанлари номзоди, дотсент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Короскон саййидлари хонадонига тегишли XVI–XIX асрларга оид форсий ва туркий тиллардаги тарихий ҳужжатларни тадқиқ этиш ҳамда хонадоннинг Фарғона водийси ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида тутган ўрнини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Короскон саййидларининг XVI–XIX асрларга оид 200 га яқин тарихий ҳужжатларни ўз ичига олган “оилавий архиви” жамланди, Шарқшунослик институти фондида сақланаётган “Ёрлиқлар тўплами”га киритилган 33 та кўчирма нусхадаги ҳужжатнинг асли Ўзбекистон Миллий архивининг И-323-фондидан аниқланиб, муомалага киритилди;
Хонадон вакиллари XVI–XIX асрларда, 400 йил давомида Фарғона водийсининг Короскон, Адак, Говхона, Қизилработ каби қишлоқ ва мавзеларда ер-мулкларга эгалик қилгани, мазкур ерлар бир қатор солиқ ва мажбуриятлардан озод этилгани Шайбонийлар, Аштархонийлар ва Минглар сулоласи тарафидан берилган қонунчилик ҳужжатлари асосида далилланди;
Султон Саййид Авлиё мозори нафақат Короскон саййидларининг мўтабар маскани, балки сўфий дарвишлар даргоҳи ҳамда гавжум зиёратгоҳ сифатида минтақа диний-маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутгани асослаб берилди;
Тарихий ҳужжатлардаги Короскон саййидлари хонадони вакилларига оид биографик маълумотлар таҳлил қилиниб, Султон Саййид Авлиё авлодларининг генеалогияси ва қариндошлик алоқалари ишлаб чиқилди, уларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеи тарихий даврлар кесимида тикланди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Короскон саййидлари хонадони тарихий ҳужжатлар тадқиқи натижасида олинган хулоса ва таклифлар асосида:
Короскон саййидларининг оилавий архиви, “Ёрлиқлар тўплами”даги 33 та кўчирма нусхадаги ҳужжатнинг асл нусхаларини аниқлаш ҳамда хонадон вакилларига оид биографик маълумотларга доир илмий натижалардан фойдаланилган ҳолда, Аштархонийлар даврига оид 1608-1633-йилларда Ота Муҳамад баҳодир, Қутлуқ Муҳаммад оталиқ ҳамда Муҳаммадёр султон номидан Короскон саййидлари хонадони вакилларига берилган ёрлиқлар Германиянинг Бамберг университети ҳузуридаги Эроншунослик институти олиб борувчи asnad.org онлайн базасида рақамлаштирилди (Бамберг университетининг 2025-йил 28-февралдаги маълумотномаси). Бу орқали Ўзбекистон тарихига оид ёзма ёдгорликларни илмий муомалага киритиш, уларни ўрганиш ва оммалаштириш ҳамда Фарғона водийсининг XVII аср тарихини расмий ҳужжатлар асосида тадқиқ этишга хизмат қилди.
XVI–XIX асрлар давомида ҳозирги Наманган вилояти Чортоқ тумани Короскон қишлоғида истиқомат қилиб келган Короскон саййидлари хонадони вакиллари, Фарғона водийсидаги Короскон, Адак, Говхона ва Қизилработ қишлоқларида ер-мулкларга эгалик қилганлиги, уларнинг минтақа диний-маънавий ҳаётидаги ўрни, Шайбонийлар, Аштархонийлар ва Минглар сулоласи ҳукмдорлари ҳамда Ахсикент, Наманган вилоятлари ҳокимлари ҳақида маълумот берувчи 146 та кўчирма нусхадаги тарихий ҳужжатлардан иборат “Ёрлиқлар тўплами”, тўпламнинг шакллантирилиш тарихи, ушбу тўпламдан ўрин олган ёрлиқ типидаги ҳужжатлар тузилиш шакли, ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, ушбу ҳужжатларнинг Ўзбекистон Миллий архиви фондида сақланаётган асл нусхалари ҳам аниқланганлигига оид илмий хулосалар ва илмий натижалардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узаилган “Тарих майдони” кўрсатуви ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилди (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маърифат” ижодий бирлашмаси” давлат муассасаси 2026-йил 7-апрелдаги 01-33/235-сон маълумотномаси). Натижада Короскон саййидлари хонадони тарихи, уларнинг Фарғона водийси ижтимоий-иқтисодий ва диний-маънавий ҳаётидаги ўрни ҳамда хонадон тарихини ёртувчи тарихий ҳужжатларнинг илмий ва тарихий аҳамияти кенг жамоатчиликка етказилди.