Тўйчиев Шухрат Шавкатовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертасия мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қашқадарё вилояти шароитида помидор навларини турли ўғитлаш меъёрлари ва ўстирувчи стимуляторларда ишлашнинг ҳосил шаклланиши ва ҳосилдорликка таъсири”, 06.01.06 – Сабзавотчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертасия мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.2.PhD/Qx1681
Илмий раҳбар: Остонақулов Тоштемир Эшимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертасия бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти, PhD.08/2025.27.12.Qx.05.01.
Расмий оппонентлар Дусмуратова Саодат Исмаиловна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Лапасов Сайфиддин Санақулович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти.
Диссертасия йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Асосий ва такрорий экин сифатида помидор нав ва дурагайларининг ўсиши, ривожланиши, умумий ва товар ҳосилдорлиги бўйича баҳолаш, ажратилган мосланувчанларининг ўғитлаш ва ўстирувчи стимуляторлар меъёрларини белгилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Қашқадарё вилояти суғориладиган оч тусли бўз тупроқлари шароитида помидорни тезпишар ва ўртатезпишар нав ва дурагайлари тўплами асосий ва такрорий экин сифатида ўстирилиб, комплекс баҳоланиб, муайян шароитга мосланувчан ўсимлик тури танланган;
танланган мосланувчан помидор нав ва дурагайларини қайд этилган ерларда ўстириб, барқарор мўл ва сифатли ҳосил олиш учун мақбул органоминерал ўғитлар ва ўстирувчи стимулятор гиббереллиннинг меъёрлари аниқланган;
ажратилган мосланувчан помидор нав-дурагайларини асосий ва такрорий экинлар сифатида мақбул органоминерал ўғитлар ва ўстирувчи стимулятор меъёрларида парваришлашнинг иқтисодий самарадолиги ҳисобланиб, илмий жиҳатдан асосланган;
ажратилган мосланувчан нав-дурагайларни (Мустақиллик-28, Ложайин Ф1, Волгоградский 5/95 кабиларни) мақбул ўғитлар (20 t/ga гўнг + Н200П160К100 kg/ga + 10-15 g/ga гиббереллин) меъёрларида биргаликда қўллаб ўстириш иқтисодий жиҳатдан самарали эканлиги ишлаб чиқариш синови тажрибаларида аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мазкур диссертация тадқиқот иши Қашқадарё вилояти суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар шароитида асосий ва такрорий экинлар сифатида помидор нав-дурагайлар агротехнологияларни такомиллаштиришга қаратилган. Жумладан:
Қашқадарё вилояти суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар шароитида асосий ва такрорий экинлар сифатида помидор нав-дурагайлар тўплами ўсиши, ривожланиши, фенологик фазалар рўй бериши ва ўтиши, тезпишарлиги, барг sathi тупда ва майдон бирлигида шаклланиши, пайкалнинг фотосинтетик потенциали, палак, илдиз ва маҳсулдорлик кўрсаткичлари, теримлар бўйича умумий ва товар ҳосилдорлиги, мосланувчанлик имконияти ва коеффитсиенти, биокимёвий таркиби ва сифати бўйича комплекс баҳоланиб, мосланувчан истиқболлилари Мустақиллик-28, Дар Заволжя, Финиш, Ложайин Ф1, Султон Ф1, Мадера Ф1 кабилар ажратилган ва вилоятнинг Қарши туманидаги “Мўминов Искандар Азимович”, “Мирзаев Лазиз Содиқович” ва “Билол Азизбек Ҳамкор” фермер хўжалигининг 5,6 гектар майдонида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 17-март 05/06-04-284-сонли маълумотномаси). Натижада, республикамизда помидор маҳсулотларини, шу жумладан помидорнинг истеъмол муддатини барқарор таъминлашга ва мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилган;
ажратилган мосланувчан нав-дурагайлар (Мустақиллик-28, Волгоградский 5/95 (ст.), Ложайин Ф1, Мадера Ф1 (ст.) кабилар) мақбул органоминерал ўғитлар ва ўстирувчи стимуляторлар меъёрларини (20 t/ga гўнг-Н200П160К100 kg/ga+10g/ga гиббереллин) биргаликда қўллаб, ишлаб чиқариш синови тажрибалари асосий экин сифатида Қарши тумани “Мўминов Искандар Азимович” фермер хўжалигида 1,6 гектар майдонда, “Мирзаев Лазиз Содиқович” фермер хўжалигида 1,2 гектар майдонда, “Билол Азизбек Ҳамкор” фермер хўжалигида 0,8 гектар майдонда, жами 3,6 гектар майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 17-март 05/06-04-284-сонли маълумотномаси). Натижада ҳар гектардан 26,3-39,4 тонна ҳосилдорлик, 10230-33810 минг сўм соф даромад ва 29,1-75,2% рентабеллик ёки 3500-7940 минг сўм қўшимча соф даромад ҳамда 7,7-17,3% рентабеллик таъминланган;
такрорий экин сифатида помидор ажратилган мосланувчан нав ва дурагайлари мақбул органоминерал ўғитлар ва ўстирувчи стимуляторлар меъёрларини (20 t/ga гўнг- Н200П160К100 kg/ga+10 g/ga гиббереллин) биргаликда қўллаб, парваришланганда ишлаб чиқариш синови тажрибалари Қарши тумани “Мўминов Искандар Азимович” фермер хўжалигида 1,2 гектар майдонда, “Мирзаев Лазиз Содиқович” фермер хўжалигида 0,8 гектар майдонда жами 2,0 гектар майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 17-март 05/06-04-284-сонли маълумотномаси). Натижада, ҳар гектардан 23,0-37,8 тонна ҳосилдорлик, 8430-30070 минг сўм соф даромад олишга ва 15,9-66,0% рентабелликка ёки 5290-8690 минг сўм қўшимча соф даромад олишга ва 8,4-18,1% рентабелликка эришилган;
“Асосий ва такрорий ўстиришга мос помидор нав-дурагайлари, уларни парваришлашда ўғитлаш ва гиббереллин қўллаш меъёрларини мақбуллаштиришга оид тавсиялар” ишлаб чиқилган ва Қарши давлат университетида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 17-март 05/06-04-284-сонли маълумотномаси). Натижада, соҳада таҳсил олаётган Олий таълим муассасалари талабалари, магистрлари ва илмий изланувчиларига, турли қишлоқ хўжалиги ердан фойдаланувичлар учун помидор нав ҳамда дурагайларини танлаш, ўстириш технологиясида органик ва минерал ўғитлар меъёрларини тўғри белгилаш, шунингдек, гиббереллин ўстирувчи стимуляторидан биргаликда фойдаланишда услубий қўлланма сифатида кенг фойдаланилмоқда.

Yangiliklarga obuna bo‘lish