Ортиқбоев Нурмуҳаммад Улуғбек ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертасия мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Малина (Рубус идаеус L.) мевасини совиткичли омборларда сақлаш технологиясини ишлаб чиқиш”, 06.01.11 – Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертасия мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.3.PhD/Qx1805
Илмий раҳбар: Сафаров Асқарбек Асадуллаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, профессор.
Диссертасия бажарилган муассаса номи: Академик M.Mirzayev номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.02.
Расмий оппонентлар: Искандаров Зафар Самандарович, техника фанлари доктори, профессор; Қосимов Ахмаджон Абдуқодирович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертасия йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Малина (Рубус идаеус L.) навларининг агробиологик ва технологик хусусиятларини ўрганиш ҳамда мевасини совиткичли омборларда сақлаш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
малина навларининг агробиологик хусусиятларини тадқиқ қилиш натижасида меваларнинг сақлаш учун техник пишиши ёзги ҳосилдорлик даврида энг эрта Херитейж (25/V), энг кеч Зюгана (31/V) навида бошланиши, кузги ҳосилдорлик даврида эса энг эрта Зюгана (22/VIII), энг кеч Херитейж ва Прогресс (25/VIII) навларида бошланиши аниқланган;
малина меваларининг технологик кўрсаткичлари ёзги ҳосилдорлик даврида Зюгана (мева вазни 5,8 г, мева диаметри 33 мм) ва Полка (мева вазни 5,5 г, мева диаметри 30 мм) навларида энг юқори эканлиги, кузги ҳосилдорлик даврида ҳам Зюгана ва Полка навларининг технологик кўрсаткичлари юқорилиги аниқланган;
малина меваларини сақлашдан олдинги дастлабки совитиш жараёнини тадқиқ этиш асосида навлар орасида Полка навида мева ҳароратининг +4°C гача энг тез пасайиши кузатилиб, мазкур ҳарорат ёзги ҳосилдорлик даврида 8 соатда, кузги ҳосилдорлик даврида эса 6 соатда кузатилган;
малина меваларини 90% нисбий намликда сақлаш учун 0…+1°C ҳарорат энг мақбул эканлиги аниқланиб, Полка нави меваларида 20 кунлик сақлаш давомида табиий камайиш ёзги ҳосилдорликда 14,5%, кузги ҳосилдорликда эса 12,7% бўлиб, бошқа навларга нисбатан энг паст кўрсаткич қайд этилган;
малина меваларини совиткичли омборхонада 350 граммли пластик қутиларда MAP пакетга ўралган ҳолда сақлаш технологиясининг самарадорлиги асосланиб, Полка навида товарбоп мевалар улуши ёзги ҳосилдорлик даврида 92,4%, кузги ҳосилдорлик даврида эса 93,8% ни ташкил этиши исботланган;
совиткичли омборхонада малина меваларини пластик қутида MAP пакетга ўралган ҳолатда сақлашда биокимёвий таркиб яхши сақланиб, ёзги даврда Зюгана навида C витамини 30,0 мг%, А витамини 0,36 мг%, кузги даврда эса C витамини 35,5 мг%, А витамини 0,30 мг% яхши сақланиб қолганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Малина (Рубус идаеус L.) мевасини совиткичли омборларда сақлаш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
“Малина (Рубус идаеус L.) мевасини совиткичли омборларда сақлаш технологияси” номли тавсиянома тасдиқланган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 17-мартдаги 05/06-03-145-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу тавсиянома малина мевасини совиткичли омборларда сифатли сақлашда турли идишларнинг таъсири, сақлаш шароитлари ва усулларининг энг мақбулини танлаш бўйича фермер хўжаликлари ва соҳа мутахассислари учун илмий-услубий қўлланма сифатида хизмат қилган.
Жиззах вилояти Бахмал туманидаги “Жасурбек Ўткир ўғли” фермер хўжалигига тегишли совиткичли омборда малинанинг Полка ва Зюгана навларини 0...+1°C ҳарорат ва 90% нисбий намликда MAP пакетга ўралган ҳолда 500 кг маҳсулотни сақлаш технологияси амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 17-мартдаги 05/06-03-145-сон маълумотномаси). Натижада, сақлаш даври охирида Полка нави меваларини реализация қилишдан олинган даромад 20 250 000 сўмни ташкил этиб, рентабеллик 155,7% ни ташкил қилган. Зюгана нави меваларини реализация қилишдан олинган даромад эса 18 960 000 сўмни ташкил этиб, рентабеллик 145,8% ни ташкил қилган. Ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган сақлаш усулларига нисбатан 20-25% гача юқори иқтисодий самарадорликка эришилган;
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “Деҳқонобод иссиқхона комплекс” МЧЖ нинг совиткичли омборида малинанинг Херитейж навини 0...+1°C ҳарорат ва 90% нисбий намликда MAP пакетга ўралган ҳолда 300 кг маҳсулотни сақлаш технологияси амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 17-мартдаги 05/06-03-145-сон маълумотномаси). Натижада, сақлаш даври охирида Херитеж нави меваларини реализация қилишдан олинган соф фойда 9 750 000 сўмни ташкил этиб, рентабеллик 125,0% ни ташкил қилган. Ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган сақлаш усулларига нисбатан 20-22% гача юқори иқтисодий самарадорликка эришилган;
Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги “Fructea group” МЧЖ нинг совиткичли омборига малинанинг Полка навининг 500 кг мевасини 0...+1°C ҳарорат ва 90% нисбий намликда MAP пакетга ўралган ҳолда сақлаш технологияси амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026-йил 17-мартдаги 05/06-03-145-сон маълумотномаси). Натижада, сақлаш даври охирида Полка нави меваларини реализация қилишдан олинган даромад 23 000 000 сўмни ташкил этиб, рентабеллик 177,0% ни ташкил қилган. Дастлабки совитиш тизимини қўлламаган сақлаш усулига нисбатан 12% юқори иқтисодий самарадорликка эришилган.