Sayt test rejimida ishlamoqda

Юсупов Дилмурод Турдалиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Куч трансформаторларининг мойларини тозалаш энергия ва ресурстежамкор технологияси», 05.05.01–Энергетика тизимлари ва мажмуалари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.PhD/T89.
Илмий раҳбар: Салихов Темур Паттахович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: «Ўзбекэнерго» АЖ «Илмий-техника маркази» МЧЖ.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети ва «Илмий-техника маркази» МЧЖ, DSc.27.06.2017.Т.03.03.
Расмий оппонентлар: Пирматов Нурали Бердиёрович, техника фанлари доктори, профессор; Цыпкина Виктория Вячеславовна, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: “O‘zenergoinjiniring” AJ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: куч трансформаторларининг мойларини тозалаш энергия ва ресурстежамкор технологиясини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқилган технология асосида энергия ва ресурстежамкорликни баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
маҳаллий хомашёлар асосида трансформатор мойларини чуқур тозалайдиган энергиятежамкор керамик мембранали фильтрловчи элемент ишлаб чиқилган;
куч трансформаторларининг мойларини эксплуатация жойида чуқур тозалайдиган керамик фильтрловчи қурилма ишлаб чиқилган;
куч трансформаторларининг мойларини турли аралашмалардан тозалайдиган энергия ва ресурстежамкор технологияси ишлаб чиқилган;
диэлектрик йўқотишлар қийматларини инобатга олиб, трансформатор мойидаги механик аралашмалар ҳажм миқдорининг математик модели ишлаб чиқилган;
механик аралашмалар билан кирланган трансформатор мойидаги электр энергияси исрофини ҳисоблаш услуби ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ишлаб чиқилган куч трансформаторларининг мойларини тозалайдиган энергия ва ресурстежамкор технология бўйича олинган илмий натижалар асосида:
трансформатор мойидаги механик аралашмалар ҳажм миқдорининг математик модели “Энерготаъмир” АЖ корхонасига жорий этилган (“Ўзбекэнерго” АЖнинг 2019 йил 22 февралдаги РМ-01-21/1110-сон маълумотномаси). Натижада ТДТН 63000/110/35/10 туридаги куч трансформаторининг мойидаги механик аралашмаларнинг ҳажмини 6% га камайтиришга эришилган;
ишлатилиб бўлинган трансформатор мойларини тозалаш учун керамик фильтрловчи қурилма “Энерготаъмир” АЖ корхонасига жорий этилган (“Ўзбекэнерго” АЖнинг 2019 йил 22 февралдаги РМ-01-21/1110-сон маълумотномаси). Натижада ушбу корхонада ТДТН 63000/110/35/10 туридаги куч трансформатори учун йилига 20680 кг трансформатор мойини тежаш имкони яратилган ва 26,84 млн сўм миқдорида иқтисодий самарадорликка эришилган;
механик аралашмалар билан кирланган трансформатор мойларида электр энергияси исрофини ҳисоблаш услуби “Энерготаъмир” АЖ корхонасига жорий этилган (“Ўзбекэнерго” АЖнинг 2019 йил 22 февралдаги РМ-01-21/1110-сон маълумотномаси). Натижада йилига ТДТН 63000/110/35/10 туридаги куч трансформаторида 4941 кВт∙соат электр энергиясини тежаш имкони яратилган ва 1,235 млн сўм миқдорида иқтисодий самарадорликка эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish